<a href="#"><b>JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!</b></a><p></p> <a href="#"><b>ENG YOSH, SANOATI VA IQTISODI RIVOJLANGAN NAVOIY!</b></a><p></p>
Навоий шахар хокимлиги расмий сайти » Hokimiyat » Rasmiy tabriklar » НАВРЎЗ – МИЛЛИЙ АНЪАНАЛАР ВА ЯНГИЛАНИШ АЙЁМИ

НАВРЎЗ – МИЛЛИЙ АНЪАНАЛАР ВА ЯНГИЛАНИШ АЙЁМИ

     Ҳурматли ҳамшаҳарлар!
     Қадрли дўстлар!
   Она табиат, бепоён далалар ям-яшил либосга бурканиб, юртимизга фасли навбаҳор ташриф буюрди. Байрамларга бой бу фаслда бутун борлиқ уйғониб, нафақат табиатда, балки қалбимизда ҳам янгиланиш, яшариш ҳисси, олам-олам орзу-умидлар жўш урмоқда. Мен шундай бахтиёр лаҳзаларда барчангизни баҳор айёми – Наврўзи олам билан чин қалбимдан табриклайман. Наврўз байрами азал-азалдан дилларимизга меҳр-оқибат, бағрикенглик, саховатпешалик каби гўзал туйғуларни жо этиб, юртимизга файзу барака, хонадонларимизга шоду хуррамликни олиб келиши билан халқимиз онгу шуурига чуқур сингиб кетган. Бу йилги Наврўз ҳам кўнгилларимизни гўзал орзуларга ошно этиб, ўзгача шукуҳ билан кириб келмоқда. Кўпни кўрган нуроний кексаларимиз эса янги кун – Наврўзи оламга эсон-омон етиб келганимизга, дориламон замонда шоду хуррамлик билан баҳор шодиёнасини нишонлаётганимизга шукроналар айтмоқда. Шунингдек, Наврўз инсонлар қалбида яратувчанлик завқи, шижоатини уйғотиб, барчани янги-янги зафарлар, улкан бунёдкорликлар ва энг эзгу ишларга чорлаётгани билан ҳам аҳамиятлидир. Бу айни пайтда юртимизнинг ҳар бир гўшасида олиб борилаётган ободонлаштириш ишларида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Дарҳақиқат, ободлик аввало, ҳар бир инсоннинг қалбидан, юрагидан бошланади. Шу боис Наврўз кунларида барча ҳамшаҳарларимиз нафақат қалб ободлиги, балки ўз уйи, маҳалласи, она Ватани ободлигига, унинг гуллаб-яшнашига ўз ҳиссасини қўшмоқдалар. Атрофга қарасангиз, ҳар бир инсон қалбида баҳорий кайфият ҳукмрон. Далаларда баҳорги экин ишлари бошланиб, ҳашарлар уюштирилаяпти, ариқ ва зовурлар тозаланаяпти. Наврўз арафасида она шаҳримиз Навоийда ҳам ободонлаштириш ишлари авж олган. Маҳаллаларда аллақачон миллий байрамимизни нишонлаш учун тайёргарлик ишлари бошланган. Халқимиз ҳашар йўли билан зиёратгоҳ ва қабристонлар атрофини, кўчаю хиёбонларни тозалашмоқда. Уйлар атрофига мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари, гул кўчатлари экилмоқда. Дошқозонларда баҳорнинг тансиқ таоми – сумалак пиширилаяпти. Қўни-қўшнилар жам бўлишиб, кўк сомса, патир, чучвара, ҳалим каби кўклам таомларини пишириб, эл-улусга тортиқ қилаётганидан барча мамнун. "Лола сайли”, "Сумалак сайли”, "Бойчечак сайли”га тўпланган ўғил-қизлар яллаю лапарлар айтиб, бир-бирини байрам билан қутлашмоқда. Шундай ўлмас анъаналари, бетакрор қадриятлари билан халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган Наврўзи олам яна минг йиллар оша эл-юртимизда энг севимли байрам сифатида ардоқланиши қалбларимизга қувонч ва ифтихор бахш этади. Шу билан бир қаторда Наврўз урф-одатларию қадриятлари замирида халқимизнинг бағрикенглик, саховатпешалик, меҳр-оқибат хислатлари ҳам мужассам десам, асло янглишмайман. Зеро, бундай хайрли кунларда юртдошларимиз кексаларни, якка-ёлғиз кишиларни йўқлаб, уларнинг дуосини олишга, ёрдамга муҳтож инсонларга хайр-эҳсон улашиб, меҳр кўрсатишга интиладилар. Шу куни бир-биридан аразлаганлар гина-кудратни унутиб, яхши сўз ва яхши амаллар билан яқин кишиларини, дўсту биродарларини сийлашади. Шу боис биз Наврўзни нафақат меҳр-оқибат байрами, шу билан бирга дўстлик, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва эзгулик айёми ҳам деймиз. Азиз ҳамшаҳарлар, муҳтарам юртдошлар! Бу йилги Наврўзнинг ҳар томонлама баракали, қутлуғ қадамлар билан бошланганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Унга ҳамоҳанг тарзда она Ватан равнақи, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлида олиб бораётган хайрли ишларимиз кўлами жорий "Соғлом она ва бола йили”да янада кенгайгани зиммамизга катта масъулият юклайди. Она халқимиз бахту саодати, Ватанимиз тараққиёти йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатларингизда зафарлар ёр бўлсин. Наврўз айёми она заминимизга тўкин-сочинлик, хонадонларга қут-барака олиб келсин. Ҳар кунингиз Наврўздек шукуҳли ва қувончли бўлсин. Оилангизни тинчлик, омонлик, қалбингизни бахт ва шодлик асло тарк этмасин. Наврўзи олам муборак! 


Agarda Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda matnni belgilab, (CTRL + ENTER) tugmasini bosing va sayt administratoriga xabarnoma jo‘nating.



Mashhur maqolalar
Fotosuratlar
barchasini ko‘rish
Ish tartibi

Ish vaqti: 08.30-18.00s
Dam olish: Shanba, Yakshanba

murojaat tartibi
Интерактив хизматлар хакида эшитганмисиз ва улардан фойдаланганмисиз?

Ха, фойдаланганман
Йук, улар хакида эшитмаганман
Нима у?
Ушбу хизматларни хаётга кенгрок татбик этишса
Интернетдан фойдаланмайман

Veb-sayt bo`yicha mas`ul

Xolboyev Shahobiddin Abduadizovich
Tel: 0436-223-6250
E-mail: navoi@nv.uz

murojaat tartibi
© 2011-2014. TSITO-Navoiy ishlanmasi Saytdan ma'lumot ko‘chirilganda giper havola majburiy!