Bosh sahifa > Tadbirlar, uchrashuvlar, Navoiy shahri, Yangiliklar, Davlat dasturlari > КЎНГИЛЛАР ЧАРОҒОН БЎЛДИ
КЎНГИЛЛАР ЧАРОҒОН БЎЛДИ28-07-2017, 10:21. Muallif: deputat |
![]() ![]() Вилоят маданият бошқармасининг концертлар залида Навоий шаҳар ҳокимлигининг маданият бўлими, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний” жамғармасининг Навоий шаҳар бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 50 ёшдан ошган фахрийлар қатнашди. Уларнинг миллий қўшиқчилик санъати ва номоддий маданий меросни ўзида мужассам этган мумтоз ҳамда лирик қўшиқлар, лапар, ёр-ёр, алла ва ўланлар, миллий рақслар ва якка соз ижрочилиги бўйича чиқишлари томошабинлар томонидан қизғин олқишлар билан кутиб олинди. – Кўрик-танловдан кўзланган асосий мақсад унут бўлаётган миллий қўшиқчилик санъати анъаналарини тарғиб қилиш, ривожлантириш ва ёш авлодга етказиш, кекса санъаткорларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий маданий мерос намуналарини ижро этиш имкониятларини кенгайтиришдир, – дейди Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний” жамғармаси Навоий шаҳар бўлинмаси раиси Раҳматулла Улуғбердиев. – Тадбир давомида ҳар бир қатнашчининг чиқиши томошабинларда катта қизиқиш уйғотганлиги ҳам тадбирнинг нечоғли фойдали бўлганлигини кўрсатди. Чиндан ҳам кекса санъаткорларнинг юксак ижрочилик маҳорати, халқимизнинг азалий орзу умидлари, интилишлари ифодаланган мумтоз қўшиқлар, лапар ва миллий рақслардан кўнгиллар чароғон бўлди, қалблар эзгуликлар-ла йўғрилди. Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра Камола Боқиева кўрик-танлов ғолибаси деб топилди. Бақо Саидов ҳамда Фазлиддин Бўроновлар фахрли иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди. Тадбирда иштирок этган Навоий шаҳар ҳокимининг ўринбосари Умрзоқ Муродуллаев уларга ва турли номинациялар бўйича ғолибларга тегишли даражали дипломлар ва ташкилотчиларнинг эсдалик совғаларини топширди. Шундан сўнг кўрик-танлов қатнашчилари ҳамда унга ташриф буюрган отахон ва онажонлар учун тўкин дастурхон безатилиб, ош тортилди. Нилуфар ТАШБАЕВА, шаҳар Маданият бўлими оммавий тадбирлар режиссёри. Ortga qaytish |