JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

ENG YOSH, SANOATI VA IQTISODI RIVOJLANGAN NAVOIY!

JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

Навоий шахар хокимлиги расмий сайти » Navoiy shahri » БОЛАЖОНЛАР – ЭРТАНГИ КУНИМИЗ ЭГАЛАРИ

БОЛАЖОНЛАР – ЭРТАНГИ КУНИМИЗ ЭГАЛАРИ

16-10-2017 18:22 Navoiy shahri, Yangiliklar

Улар тақдирига бефарқ қарамайлик

Келажагимиз эгалари бўлган болажонларимиз оиладан кейинги илк бошланғич тарбияни узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини саналган мактабгача таълим муассасаларида олишади. Албатта, бугунги кунда ушбу тарбия масканларида ўғил-қизларни нафақат ақлан ва маънавий баркамол, шу билан бирга жисмоний соғлом бўлиб вояга етказиш ишлари ҳам таълим-тарбиянинг устувор вазифаси саналади.

Мазкур масканларда болаларни маънавий-ахлоқий, жисмоний ривожлантиришда овқатланишнинг ҳам муҳим ўрни бор. Сентябрь ойида шаҳардаги бир қатор мактабгача таълим муассасаларида бюджет ва бюджетдан ташқари ҳисоб рақамларидан озиқ-овқат маҳсулотларига ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш, МТМ тарбияланувчиларига озиқ-овқат маҳсулотларини тегишли меъёрлар асосида едирилиши бўйича ўрганишлар ўтказилди. Шу мақсадда шаҳар молия бўлими, давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Навоий шаҳар кенгаши, шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти, халқ таълими бўлими ва бошқа масъул ташкилотлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳнинг ўрганишлари натижасида шаҳримиздаги МТМларда тарбияланувчиларга озиқ-овқат маҳсулотларини тегишли меъёрлар асосида едирилиши бўйича бир қатор камчиликлар борлиги аниқланди. Жумладан, 19 сентябрь куни 6-сонли МТМда ўрганишлар ўтказилганда, ўтган 10 кун ичида болаларга 100 фоиз едирилиши лозим бўлган творог 40 фоиз, ҳўл мева 22,6 фоиз, гўшт маҳсулоти 80,4 фоиз ва сут маҳсулотлари 91 фоиз едирилгани, МТМ омборхонасида 4 турдаги маҳсулотдан 18 071 сўм ортиқча, 4 турдаги маҳсулотдан 9 178,5 сўм камомад борлиги аниқланди.
12-сонли мактабгача таълим муассасаси ошхонасидаги аҳволни, у ерда болалар учун тузилган таомномани кузатганимизда, муассасада санитария қоида ва меъёрларига (СанПиН) тўлиқ амал қилинмаётгани маълум бўлди. Жумладан, бу ерда сариёғ маҳсулоти август ойида фақат 7 кунгина ҳар бир болага 10 граммдан бериб борилган. Сентябрь ойининг ўтган 20 куни давомида сариёғ болаларга умуман берилмаганлиги, шу билан бирга уларга яқин орада кисел, какао маҳсулотлари ҳам берилмаганлиги аниқланди. Ажабланарлиси, омборхонадаги пишлоқ маҳсулотини кўздан кечирганимизда, унинг ўра­ми ёрлиғида сақланиш муддати ёзилган санани кўрмадик. "Нима учун уни қабул қилишда сақланиш муддатини кўриб олмадингиз? Балки маҳсулотнинг муддати аллақачон ўтиб кетгандир?”, деган саволимизга омборхона мудири Г. О. бу ҳолатга эътиборсизлик билан қараганини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга бу ерда "Белая фея” корхонасининг бир санада ишлаб чиқарилган, бир хил номдаги, икки хил рангдаги томат қайласи борлиги аниқланди. Омборхона мудири бу маҳсулотнинг сертификатини кўрсата олмади.
Ишчи гуруҳ томонидан шаҳардаги 28-МТМда ўтказилган ўрганишлар ҳам масканда тарбияланувчиларга озиқ-овқат маҳсулотларини тегишли меъёрлар асосида едирилиши бўйича камчиликлар борлигини кўрсатди. Мазкур муассасада тарбияланувчиларга едирилган маҳсулотларни ўрганиш дафтари текширилганда, белгиланган меъёрларга тўғри келмайдиган ҳолатлар кузатилди. Шунингдек, масъул ходим Г. О. едирилган маҳ­сулотларни ўрганиш дафтарини намунали тарзда юритмаган. Бу унинг дафтарга август ва сентябрь ойи бўйича маълумотларни умуман киритмаганида ҳам яққол кўринди.
Бу МТМ 190 ўринга мўлжалланган бўлса-да, бугунги кунда 230 нафар бола тарбияланаётгани маълум бўлди. Албатта, бу ҳолат гуруҳларда ўтказиладиган машғулотларга, умуман барча меъёрий вазифаларни ўз ўрнида бажаришга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.
Шаҳримиздаги 11-сонли мактабгача таълим муассасасида ўрганишлар ўтказилганида янада ҳам аянчли ҳолатлар кузатилди. Муассаса ошхонаси кўздан кечирилганда, ошхона ишчи-ходимларининг кийиниш хоналаридаги шахсий сумкаларидан 3 килограмм картошка, пиёз, 1,5 килограмм ун, 2 дона қолипли нонё 1,5 литрли "кола” ичимлигининг идишига солинган сут маҳсулоти ҳамда "ташлаб юбориш учун тайёрлаб қўйилган суяклар” тагидан махсус полиэтилен пакетга солиб, бекитиб қўйилган 0,5 килограмм пишган гўшт маҳсулоти топилди. Мазкур ҳолат юзасидан ходимлардан изоҳ сўралганда, улар ҳақиқатан ҳам ушбу маҳсулотларни ўз уйларига олиб кетиш учун тайёрлаб қўйганлигини айтишди. Шу ерда ўринли савол туғилади. Наҳотки, халқнинг боласининг ризқу насибасини уйига олиб кетмоқчи бўлган бу ходимлар ўғирлик орқали ўз фарзандларини боқишдан уялишмаса?
Бундай эгрилик, болалар ҳақига хиёнат қилиш бир куни барибир ошкор бўлиши тайин-ку! Бундан ташқари, ушбу муассаса омборхонасида сақланаётган маҳсулотлар қолдиғи саноқдан ўтка­зилганда 1 килограмм салат ёғи ка­момади, 2,8 килограмм томат қай­ла­си ва 1,4 килограмм повидло (мураббо) маҳсулотлари ортиқча экан­лиги аниқланди.
34-мактабгача таълим муассасасида ҳам болалар қатнови ўртача 351 болани ташкил этади. Аслида муассаса 280 ўринли қилиб қурилган. Болаларнинг меъёридан ортиқ қа­бул қилинганлиги бу ерда уларга шкаф, кроват етишмаслигига олиб келган.
Шаҳардаги 21- ва 29-сонли мактабгача таълим муассасалари ўрга­нилганда, ушбу мас­кан­ларда ҳам болаларга едириладиган айрим озиқ-овқат маҳсулотларини тас­­­диқ­ловчи сертификатларнинг маҳ­­су­лот ёрлиғидаги номига тўғри кел­маслиги, омборхонадаги айрим маҳ­су­лот­ларда ветеринария ходимлари маълумотномаси мавжуд эмаслиги, 17-сонли МТМда эса бир кунлик таомномада болаларга бериладиган тайёр ов­қат­нинг миқдори кўрсатил­ма­ган­лиги ҳолатларини ишчи гуруҳ аъзолари ўрганишлар жараёнида аниқ­лаш­ди.
Умуман олганда, бугун шаҳри­миз­­­даги кўплаб мактабгача таълим муассасаларида мана шундай сал­бий ҳолатлар мавжуд. Кўза кунда эмас, кунида синади, дейди хал­қимиз. Ким билади дейсиз, бу каби ўғир­лик, ўз ишига панжа ортидан қараш, таомномада белгиланган овқат­ларни ўз вақтида тарбияланувчиларга едирмаслик, омборхона мудирларининг эътиборсизлиги ва ҳам­товоқ­лари билан келишиб, болаларнинг ризқи бўлган маҳсулотларни ўмариш ҳолатлари сентябрь ойидаги ўрга­ниш­лардан олдин ҳам қанча давом этган экан? Буёғи муассаса ходимларига аён. Энг ачинарлиси, бундан боғча мудиралари ҳам, шу муасс­аса­да ишловчи ходимлар ҳам зарар кў­риш­маган, бу ҳолатлардан фақат­гина болалар ва уларнинг ота-оналари зарар кўришган.
Дарҳақиқат, таълим-тарбиянинг илк пойдевори мактабгача таълим муас­сасаларида қўйилади. У ерга минг-минглаб ота-оналар азиз фарзандларини ишониб топшириб кетишади. Кун бўйи ишда юрган ота-она "фарзандим уйда эмас, боғча­да, ишончли қўлларда, яхши ва ўз вақ­тида овқатланади”, деб кўнгли хотиржам бўлиб юришади. Аммо ушбу муассасаларда аниқланган юқоридаги салбий ҳолатлар ота-оналарнинг ишончини сўндириб, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмайдими? Бугунги кунда мактабгача таълим муассасалари фаолиятига давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилаяпти. Ушбу муассасалар моддий-техника базасини яхшилаш, болажонларимизни маънавий, жисмоний баркамол бўлиб униб-ўсишлари учун давлатимиз томонидан жуда катта маблағлар ажратилаяпти. У ердаги кадрлар малакасини, билимини ошириш учун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳам чек-чегараси йўқ. Наҳотки, юртимизда эртамиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг бахту иқболини кўзлаб шундай улкан ислоҳотлар амалга оширилаётган бир даврда МТМлардаги айрим ўз вазифасига лоқайд, болалар манфаатидан ўз шахсий манфаатини устун қўйувчи ходимларнинг масъулиятсизлиги туфайли болажонларга озиқ-овқат маҳсулотлари тегишли меъёрлар асосида едирилишида муаммолар келиб чиқмоқда? Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, бу ҳолатлар ота-оналарнинг ҳам эътирозларига сабаб бўлаётир.
Бугун мактабгача таълим муассасаларини олий маълумотга эга мутахассислар билан таъминлаш, шу соҳада ишлаб келаётган ходимларнинг эса малакасини ошириш жуда муҳим. Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг яқинда қабул қилинган "Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомил­лаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қара­тил­ганини кўришимиз мумкин ва мазкур тизимда янада янги ис­ло­ҳотлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Энг асосийси, энди мактабгача таълим муассасаларида болажонларни севадиган, ўз касбига садоқат билан ишлайдиган, ҳалол, виждонли, халқимизнинг ишончини оқ­лайдиган ва масъулиятли ходимлар ишлайдиган давр келди. Ушбу муассаса раҳбарлари бу масъулиятни яхши англаган ҳолда кейинги фаолиятларини давом эттиришлари мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Т. БОЛТАЕВ.

Agarda Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda matnni belgilab, (CTRL + ENTER) tugmasini bosing va sayt administratoriga xabarnoma jo‘nating.

Mashhur maqolalar
Fotosuratlar
barchasini ko‘rish
Ish tartibi

Ish vaqti: 08.30-18.00s
Dam olish: Shanba, Yakshanba

murojaat tartibi
Интерактив хизматлар хакида эшитганмисиз ва улардан фойдаланганмисиз?

Ха, фойдаланганман
Йук, улар хакида эшитмаганман
Нима у?
Ушбу хизматларни хаётга кенгрок татбик этишса
Интернетдан фойдаланмайман

Veb-sayt bo`yicha mas`ul

Xolboyev Shahobiddin Abduadizovich
Tel: 0436-223-6250
E-mail: navoi@nv.uz

murojaat tartibi
© 2011-2014. TSITO-Navoiy ishlanmasi Saytdan ma'lumot ko‘chirilganda giper havola majburiy!