JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

ENG YOSH, SANOATI VA IQTISODI RIVOJLANGAN NAVOIY!

JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

Навоий шахар хокимлиги расмий сайти » Navoiy shahri » “ЎЗИМНИ КЕЧИРОЛМАЙМАН”

“ЎЗИМНИ КЕЧИРОЛМАЙМАН”

01-11-2017 16:09 Navoiy shahri, Yangiliklar

Яқинда таҳририятимизга бир аёл кириб келди. Афтидан, у жуда ғамгин, кўзлари тубида унсиз мунг, қайғу яширинган, бошида оқ рўмол, юзлари сўлғин ва ташвишли бир ҳолатда эди. Аёл билан саломлашганимиздан сўнг, у исм-фамилиясини, манзилини газетхонларга маълум қилмаслигимизни илтимос қилиб, ўз бошидан кечирганларини айтиб берди.

– Турмуш ўртоғим Саъдулла ака оддий ҳунарманд бўлиб ишлайди, – дея сўз бошлади у. – Бир қиз ва икки ўғил фарзандни вояга етказдик. Қизимиз Сабоҳатни олий маълумотли қилдик, орзу-ҳавас ила турмушга бердик. Аммо у фарзандини дунёга келтириш пайтида кўп азоб кўрди, кўп қон йўқотиб, бир неча кун ҳушсиз ётди ва шундан қайтиб кўзларини очмади. Гулдек қизимдан айрилдим. Тақдир онани яратмасин экан. Яратса, бошига фарзанд доғини солмасин экан...
Кунлар кетидан кунлар ўтиб, икки ўғлим ҳам улғайиб, мактабни бирин-кетин тамомлашди. Мен ҳамон қизимни унута олмасдим ва энди ўғилларимни уйлантириб, қиз набира кўриш истагида юрардим. Ўғилларим коллежни тамомлагач, ишга киришди. Энди уларни уйлантириш ҳара­катига тушдим. Мен ҳам қўш­ни­ларимдек данғиллатиб тўй қилишни истардим. Бунинг учун жуда кўп маблағ керак эди. Оддий уй бекасиман, турмуш ўртоғимнинг топгани эса тўй қилиш учун ҳам етмасди. Шу сабабли катта ўғлим Фурқатжонни чет давлатга ишлаш учун юбордик. Куз ойларида менинг хоҳиш-истагим билан ўғлим хорижга ишлаш учун кетди.
Фурқатжон ўн кун деганда қўнғироқ қилиб, Россиянинг чекка бир вилоятига етиб боргани ва у ерда иш бошлаганини айтди. Қўлида гулдек ҳунари бор ўғлим у ерда одамларнинг уйини таъмирлаш ва ҳунармандчилик билан шуғулланар экан. У ҳар ой уйи­мизга пул жўнатар ва бундан мен жуда хурсанд эдим.
Ўғлим туфайли пулимиз анча кўпайиб қолди. Бирмунча вақт ўтиб, кичик ўғлим Сайфуллани ҳам акасининг орқасидан жўнатиш фикри хаёлимга келди. Шаҳримиздаги кичик бир корхонада ишлаб юрган ўғлим аввалига бунга рози бўлмади. Аммо мен ҳали олдимизда кўп ташвишларимиз, тўйларимиз борлигини айтиб, уни хорижга боришга кўндирдим. Менинг маслаҳатим билан у ишидан бўшаб, хорижга йўл олди. Шу билан уйимиз ҳувиллаб қолди.
Йўлга чиқиш олдидан унинг "Дада, она, сизларни ёлғиз ташлаб кетгим келмаяпти. Шу ишни бекор қилаяпмиз”, деган сўзлари ҳали-ҳали қулоқларим остида жаранглайди.
Орадан бирмунча вақт ўтиб, катта ўғлим қўнғироқ қилди ва ўз бошлиғи билан ойлик маош масаласида чиқишолмагани, бошқа шаҳарга ишлаш учун кетаётгани ҳақида маълум қилди. Шу сабабли Сайфулла ўғлим акаси билан учраша олмай роса қийналибди. Бегона юртда бир ой деганда Сайфулла ниҳоят ўзбекистонлик одамларга учрабди. Улар билан катта бир иншоот қурилишида оддий қурувчи бўлиб ишларкан. Бу ҳақда қўнғироқ қилиб, мени хабардор қилиб турди.
Афсуски, орадан 9-10 ойлар ўтиб, катта ўғлим Фурқатжон пул ҳам жўнатмай қўйди, қўнғироқ ҳам қилмайдиган бўлди. Мен бундан хавотирга туша бошладим. Шунда тез ва осон пул топиш ниятида мен болаларимни бегона юртларга ишлаш учун юбориб, катта хато қилганимни англадим. Шу сабабли турмуш ўртоғим эшикдан кирсам ҳам, чиқсам ҳам мени уришиб, сўкадиган бўлди.
Маълум бўлишича, Фур­қат­жон яхши иш, яқин ҳамроҳ, тайинли бошпана топа олмай, роса қийналибди. Паспортини эса иш топиб бераман деган киши олиб қўйибди. Нияти қора, разил кишилар уни  ойлаб оғир ишларда ишлатиб, маош бермабди. Пешонамда ҳаётнинг аччиқ синовлари кўп экан. Совуқ қиш кунларининг бирида, эрталаб уйимиз олдига бир машина келиб тўхтади. Қўшни вилоятдан келган, Фурқатжонни танийдиган бу йигит ўғлим ишлаб турган жойида бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этгани, уни энди олиб келишга боришимиз лозимлигини айтиб кетди. Қўшнилару қариндошлардан қарз олиб, минг азобда ўғлимни дадаси уйга олиб келди. Ўз оёғи билан, ўйнаб- кулиб кетган болам бир йил ўтиб, вафот этиб, жонсиз ҳолатда уйга қайтганини кўрганимда дунё кўзимга қоронғу бўлиб кўринди. Ўғлим­ни сўнгги манзилига қўйгач, ўзимга келолмай, қон босимим кўтарилиб, бир ойча касалхонада ётдим...
Ўғлим Сайфуллага бу ҳақда айта олмадик. У билан тез-тез телефонда гаплашиб турардим. Қишнинг аёзли, совуқ кунларига келиб, тиним билмай, кечаю кундуз ишлаётган ўғлим касал бўлиб қолибди. Болам бечора ёшлик қилиб анча вақт йўталиб юрса-да, ўтиб кетар деб даволанмабди. Аммо иситмаси кўтарилиб, оғир аҳволда қолгач, шифокорга борибди. Ёнгинамда соғ-саломат юрган болам совуқ, зах жойларда яшагани, ишлагани, ўз вақтида иссиқ овқатини еб, ҳузурида юрмагани учун ўпкасини шамоллатиб қўйган экан. Уни касал ҳолида уйимизга олиб келиш ҳам осон бўлмади. Бу ерда уни кўп даволатдик. Бироқ у ўша юртда оғир шароитда ишлаган ва сил касаллигига дучор бўлган экан. Кўп ўтмай у ҳам вафот этди. Биласизми, мен катта ўғлимни хорижга жўнатиб, бир хатога, иккинчи ўғлимни жўнатиб, яна бир хатога йўл қўйдим. Фарзандларим, турмуш ўртоғим олдида қилган калтабинлигим, хатоларим мени виждон азобига қўймоқда. Болаларим менинг арзимас ҳавойи орзуларим йў­ли­да ўн гулидан бир гули ҳам очилмай, вафот этишди. Мен эса шунча пушаймонлар, изтироблар билан шу дунёда яшаб юрибман. Уч боламиздан айрилиб, ҳувиллаган ҳайҳотдек уйда ёлғиз қолдик. Отажон, онажон деб чақирадиган фарзандимиз йўқ. Қилган хатоларим учун мен ўзимни асло кечиролмайман.
Синглим, сиз буни газетага ёзинг, барча оналарга бонг уринг. Токи, менинг тақ­дирим бошқа ҳеч бир аёлнинг ҳаётида такрорлан­масин, аччиқ қисматим бар­чага сабоқ бўлсин. Ҳеч бир она мендек бойлик, мол-дунё деб фарзандла­рини ноқонуний тарзда нотинч, бегона юртлар­га жў­на­тишмасин ва улар­дан бевақт айрилиб қолиш­ма­син. Ҳар бир ишни қи­­лишда тур­муш ўртоғи, яқин­лари, маҳал­ла фаолларининг мас­лаҳатига амал қи­лиш­­син. Чунки бир куни улар ҳам мендек фарзанд до­ғи­да куйиб ўтишмасин, дейман.

Раъно РАБИМОВА
ёзиб олди.

Agarda Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda matnni belgilab, (CTRL + ENTER) tugmasini bosing va sayt administratoriga xabarnoma jo‘nating.

Mashhur maqolalar
Fotosuratlar
barchasini ko‘rish
Ish tartibi

Ish vaqti: 08.30-18.00s
Dam olish: Shanba, Yakshanba

murojaat tartibi
Давлат муассалари билан мулокот килиш максадида Интернет xизматларидан фойдаланганмисиз?

Ха, ва куп маротаба
Йук, ёки айтарли натижага эга булмаганман
Шахсан муассанинг узига мурожаат этганман
Бу хизматлардан бохабар эмасман

Veb-sayt bo`yicha mas`ul

Nasirov Shuxrat Fayzulloevich
Tel: 0436-223-6250
E-mail: navoi@nv.uz

murojaat tartibi
© 2011-2018. Sensorika ishlanmasi Saytdan ma'lumot ko‘chirilganda giper havola majburiy!