JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

ENG YOSH, SANOATI VA IQTISODI RIVOJLANGAN NAVOIY!

JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

Навоий шахар хокимлиги расмий сайти » Navoiy shahri » Шеърият осмонининг порлок юлдузи

Шеърият осмонининг порлок юлдузи

15-02-2018 15:57 Navoiy shahri, Yangiliklar

Калифорния университети профессори Марк Тутон Алишер Навоий ижоди ҳақида "Шоир ижодини ўрганишни бошлабоқ, унинг нақадар буюк даҳо эканлигини англадим”, деган эди. Дарҳақиқат, бугун бутун дунё аҳли улуғ шоир дея эътироф этаётган Алишер Навоий асарларини ҳеч бир киши шунчаки ўқиб, яна унутиб кета олмайди. Зеро, унинг асарларида комил инсон талқини, Шарқ оламининг барча мавзу ва адабий анъаналари моҳияти мукаммал даражада ўз ифодасини топган.

Шундай юксак эътирофга сазовор бўл­ган мутафаккир, маънавият оламининг пор­лоқ юлдузи Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқ­да. Навоий шаҳрида ҳам "Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзуида II анъанавий халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Навоий вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамда Навоий давлат педагогика институти ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда Эрон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия, Россия, Тожикистон, Монголия, Туркманистон каби кўплаб хорижий давлатлардан ташриф буюрган 20 дан ортиқ навоийшунос олиму академиклар, илмий тадқиқотчилар, мамлакатимизнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан 200 га яқин профессор ўқитувчилар, навоийшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар иштирок этди.
Анжуман аввалида иштирокчилар Навоий­нинг шаҳримиздаги муҳташам ҳай­кали пойига анвойи гуллар қўйишди. Шундан сўнг "Ёшлар маркази”да конференциянинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсунов, академик­лар Наим Каримов, Бахтиёр Назаровлар сўзга чиқиб, анжуманнинг очилиши муносабати билан иштирокчиларни қизғин табриклади.
– Алишер Навоий дунё эътирофига сазовор бўлган қомусий ижодкордир, – дейди туркиялик навоийшунос олим,
филология фанлари доктори Фик­рет Турк­мен. – Унинг асарларини ўқиб борганингиз сари янги-янги маъно жилваларини кашф этасиз. Достон­ларини севиб мутолаа қиласиз. Тарихий манбаларга назар ташлар эканмиз, шоирнинг дўсти Ҳусайн Бойқарога бўлган эҳтиромли муносабати, қолаверса, унинг фақат адабиёт, ижод билан шуғулланиб қол­мас­дан, давлат ва жамоат ишларида фаол бўлгани, халқпарварлик хислатлари ўз давридаги замондошлари учунгина эмас, бугунги давр зиёлилари учун ҳам алоҳида ибрат мактаби бўла олади.

Конференциянинг тўрт йўналишда олиб борилган шўъба йиғилишларида аллома шоир ижодига доир маърузалар ўқилди.
– Дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган Алишер Навоий асарларини ҳар сафар ўқиганимизда, унда комил инсон талқинининг янги қирраларини кўрамиз, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори, филология фанлари доктори Муҳаммаджон Имомназаров. – Мазкур конференцияда ижодкорнинг қарийб барча асарлари бўйича маърузалар ўқилмоқда. Нафақат ўзбек адабиётшунослари, балки хорижий давлатлардан келган олиму фузалолар ҳам Навоийни фақат Ўзбекистоннинг эмас, балки бутун инсониятнинг шоири дея эътироф этишмоқда. Бу Навоий ижодиётига берилган улкан баҳодир. Буюк мутафаккир шоирнинг пурмаъно ғазаллари яна минг йиллар давомида авлодлар тилида жаранглаши, бебаҳо асарлари эса жаҳон адабиёти хазинасининг дурдона мерослари қаторида қадрланиши шубҳасиз.
Қатнашчилар шўъба йиғилишларида Навоий ижодиётининг маъно, мавзу, диний ва тасаввуфий қатламлари, унинг давлатчилик ва раҳбар маънавияти ҳақидаги қарашлари ҳамда асарларининг чет элларда ўрганилишига оид маърузаларни тинглаб, навоийшунослик анъанасига доир қизғин мулоқот ва дилкаш суҳбатлардан баҳраманд бўлишди.
– Навоий номи билан аталувчи шаҳ­ри­нгизда Алишер Навоий таваллуди кунига бағишланган халқаро конференция ўтказилаётгани шоир номига билдирилган ҳурмат-эҳтиром намунасидир, – дейди Қозоғистон Миллий университети профессори Азамат Акбаров. – Азалдан ўзбек ва қозоқ халқларининг анъаналари, маънавияти, адабиёти, санъати муштарак бўлиб келган. Шу боис қадимги туркий ва форсий тилларда ижод қилган Навоий ижодига хос бўлган ҳар бир асарни қозоқ халқи севиб ўқийди. Айниқса, унинг достонлари ёшлар тарбиясида жуда муҳим ўрин тутади. Конференцияда мен ўзимнинг "Алишер Навоий ва XXI асрда таълимга янгича ёндашув: маданий тарбия мактабини шакллантиришнинг педагогик стратегиялари” номли маърузамда шоирнинг ёшлар тарбиясидаги қарашлари, асарларининг педагогик тарбиядаги аҳамияти тўғрисида сўз юритдим.
Дарҳақиқат, анжуманда замондош ижодкорлар, Навоий асарларининг чинакам ўқувчилари, олиму фузалолар бир жойга жам бўлиб, буюк шоирни ҳурмат билан ёдга олишди. Унинг асрлар оша тиллардан тушмай келаётган достонларини, ҳар сатрида ҳикмат мужассам бўлган ғазалу туюқ, фарду рубоийларини таҳлил этиб, адабиётшунослик, мусиқа, тилшунослик, тарих, тасаввуф, назм, насрга оид бебаҳо асарларининг мазмун-моҳияти, яхшиликка, эзгуликка чорловчи шеърлари тўғрисида турли тилларда суҳбат қуришди. Энг асосийси, ёшларнинг ҳам Навоий ижодини, унинг мукаммал асарларини ўрганишга бўлган қизиқишлари тобора ортди.
Конференция сўнгида анжуман қат­наш­чилари иштирокида пресс-кон­ференция ўт­ка­зилиб, унда сўз олган навоийшунос олимлар Алишер Навоий ҳар бир асарида инсониятни эзгулик, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва барқарорликка, меҳр-оқибатли, сахий ва элпарвар бўлишга даъват этиши, ҳар бир асари ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Анжуманнинг якуний қисмида "Фарҳод” маданият саройида меҳмонлар учун бадиий концерт дастури намойиш этилди.
Бир сўз билан айтганда, бугун Навоийнинг ўлмас асарлари ҳар бир хонадонга кириб борган ва улар халқимиз томонидан ҳар сафар севиб мутолаа қилинаверади. Мана шундай нуфузли халқаро анжуманларда  эса қомусий билимларни ўзида мужассам этган барҳаёт Навоий номи қайта-қайта эътироф этилар экан, у нафақат ўзбек элининг, балки бутун дунё халқларининг севимли ва ардоқли шоирига айланганлиги қалбимизда чексиз фахру ифтихор туйғуларини уйғотади.
Раъно РАББИМОВА,
ўз мухбиримиз.

Agarda Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda matnni belgilab, (CTRL + ENTER) tugmasini bosing va sayt administratoriga xabarnoma jo‘nating.

Mashhur maqolalar
Fotosuratlar
barchasini ko‘rish
Ish tartibi

Ish vaqti: 08.30-18.00s
Dam olish: Shanba, Yakshanba

murojaat tartibi
Интерактив хизматлар хакида эшитганмисиз ва улардан фойдаланганмисиз?

Ха, фойдаланганман
Йук, улар хакида эшитмаганман
Нима у?
Ушбу хизматларни хаётга кенгрок татбик этишса
Интернетдан фойдаланмайман

Veb-sayt bo`yicha mas`ul

Nasirov Shuxrat Fayzulloevich
Tel: 0436-223-6250
E-mail: navoi@nv.uz

murojaat tartibi
© 2011-2018. Sensorika ishlanmasi Saytdan ma'lumot ko‘chirilganda giper havola majburiy!