JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

ENG YOSH, SANOATI VA IQTISODI RIVOJLANGAN NAVOIY!

JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

Силнинг давоси бор!

14-07-2018 21:53 Navoiy shahri, Yangiliklar

Айрим одамлар баъзи бир шифохоналар ёнида сизни кўрса, ажабланганлигини яширолмай қолади. Ўзингиз ҳам ўшандай юқумли касалликлар шифохонаси ёнидан ўтсангиз қандайдир сескангандек бўласиз. Хаста беморлар билан ҳам эҳтиёткорлик билан муомалада бўлишга одатланганмиз.

Гўёки биз бир умр соғломмиз-у, хасталикка чалинган одам эса бир умр бемордек тутамиз ўзимизни. Ва бу хунук иллатдан қутула олмаймиз. Бу жамиятнинг иллати. Узоқ вақт хасталанган дўстимиздан узоқлашиб борамиз, отаси ёки онаси дардга чалинган қадрдонимизнинг яхшилигини билиб туриб ҳам, унга қиз бермаймиз, ёки қиз олмаймиз. Бу жамиятнинг дарди. Бу "дард”ни енгиш учун фикримиз тоза, бағримиз кенг бўлиши лозим. Сил юқумли хасталик бўлгани билан наслдан-наслга ўтмаслиги тиббиётда аниқланганлигини ҳам билишимиз шарт. Мамлакатимизда қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг аксарияти соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштирмоқла.
Аҳолига кўрсатилаётган фтизиатрия хизмати бундан 60 йил муқаддам 2-сонли шаҳар поликлиникаси таркибида оддийгина сил касаллиги хонаси- фтизиатрия кабинетида 2 нафар врач фтизиатр ва 2 нафар ўрта тиббий ходим билан фаолият кўрсата бошлаган. 1972 йилнинг август ойида шаҳар ҳудудида сил касаллигига қарши кураш диспансери қуриб фойдаланишга топширилгач, 90 ўринли стационар ва амбулатория қабул қуввати 75 га тенг мазкур даволаш диспансерида 9 нафар шифокор ва 20 дан ортиқ ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ишга қабул қилиниб, беморларнинг даволаниши учун яхши шарт-шароитлар яратилди. Мазкур даволаш муассасаси 1982 йилда вилоят диспансерига айлантирилди. 1990 йилга келиб шифохона ўрни 162 ўринга етди.
Шундан 40 та ўрин болалар орасида аниқланган силга чалинган беморларни даволаш учун болалар бўлимига ажратилди.
Диспансерни узоқ йиллар тажрибали шифокорлар Раҳмат Аҳмедов, Толиб Шаропов, Абдураим Сатторов, Намоз Ходжаев, Сафар Толлиевлар бош шифокор сифатида бошқарган йилларда янги бўлимлар ташкил этилиб, касалликдан азият чекаётган инсонларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилди.
– Ҳозирги кунда диспансерда 23 нафар врач, 1 нафар провизор, 115 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ва 69 нафар кичик тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатмоқда, – дейди Вилоят силга қарши кураш диспансери бош шифокор Ҳамидулла Мухамедов. – Улар орасида Т. Шаропов, У. Нурназарова, Р. Сайидова, К. Отамуродов каби 30- 40 йил фаолият кўрсатаётган, олий тоифали тажрибали шифокорлар борлиги бизнинг катта ютуғимиз.
Дарҳақиқат, малакали мутахассислар нафақат жамоани, балки беморларни ҳам руҳлантириб, келажакка умид бағишлайди. Ўзларига нисбатан бағрикенгликни ҳис этган беморларнинг тузалиши осон кечади. Шу ўринда АҚШнинг халқаро ривожлантириш Агентлиги (USAID) нинг силга қарши кураш дастури доирасида республикамизда, жумладан вилоятимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳам ўз самарасини бераётганлигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Силга қарши USAID дастурининг асосий мақсади бу – Ўзбекистонда сил билан боғлиқ муаммоларни камайтириш ва сил касаллигининг кўп дориларга турғун турлари ривожланишининг олдини олишдир. Бухоро, Қашқадарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида тарқатилган касалликнинг олдини олишга доир турли қўлланмалар, мутахассислар ва журналистлар учун ташкил этилаётган семинар-тренинглар албатта ушбу хасталик туфайли жамиятда кўнгли ўксиб яшаётган замондошларимизнинг ҳаётга қарашини, яшашга иштиёқини ўзгартирганлигини тан олиш керак.
Бундан ташқари, диспансер шифокорларининг чет давлатларда малака оширишлари ҳам яхши натижа бермоқда. Жумладан, 1-даволаш бўлими мудири Ҳ. Қувондиқов Россия Федерациясининг Томск шаҳрига, бош шифокор Ҳ. Мухамедов Латвиянинг Рига шаҳрига тажриба алмашгани, Қ. Отамуродовнинг Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилган конференцияда иштирок этгани беморларнинг янги замонавий тиббиёт усулларини қўллаб даволаниши учун хизмат қилмоқда. Вилоят ҳокимининг 2009 йил 30 мартдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 11 майдаги "Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш, вилоят аҳолиси ўртасида сил касалликларининг олдини олиш ва уни камайтириш бўйича профилактик ҳамда эпидемияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш тўғрисида”ги қарори асосида ишларнинг ташкил этилиши аҳоли соғлигини сақлаш, сил касаллигининг олдини олишга ёрдам бермоқда. 2016 йилдан буён жарроҳлик амалиётларининг диспансернинг ўзида амалга оширилиши беморларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллабқувватлаш имконини бермоқда. Бугун касалликни аниқлаш ва унинг олдини олишда аутричларнинг ҳам жуда катта хизмати борлигини эътироф этиш керак. Кўпчиликда аутричлар кимлар деган савол туғилиши табиий. Аутрич шу хасталикдан азият чекиб, тузалгач, бошқаларнинг ушбу хасталикдан қутилишлари учун ёрдам беришга бел боғлаган маҳаллаларда, турли юқумли ва хавфли хасталиклар билан касалланган кишилар орасида юриб, мигрантлар билан учрашиб, хасталикка чалинганларни тиббиёт муассасаларига даволанишлари учун ундаётган шахс.
Навоийда ҳам айнан силга қарши курашиш диспансерига яқиндан ёрдам бераётган 6 нафар аутрич ходим 2015-2018 йиллар давомида 6500 та турли тоифадаги одамлар билан учрашиб, суҳбатлашиб, улар орасидан 56 нафар беморни аниқлашга эришганлиги ва даволанишлари зарурлигини уқтираётганлиги ҳам жамият ҳаётидаги муҳим фактлардан биридир. Шуларга қарамасдан, ушбу касалликнинг олдини олишга халақит бераётган муаммолар афсуски йўқ эмас. Вилоятимиз ҳудудининг катталиги ва айрим маҳалла ва овуллар ўртасидаги масофанинг олислиги тиббиёт ходимларига барча аҳоли пунктларини қамраб олиш имконини бермаслиги аниқ. Маълум маънода вилоятимиз экологиясининг мураккаблиги ҳам хасталикни камайишига йўл қўймаётганлигини инкор этиб бўлмайди. Яна бир муҳим фактор – касалликка чалинган беморнинг дори-дармонларни ўз вақтида мунтазам қабул қилмаслиги ҳам хасталикни турғун бўлиб қолишига сабаб бўлади. Нима бўлганда ҳам силнинг давоси бор! Буни аҳоли ўртасида кенг тушунтиришимиз зарур.

Маруса ҲОСИЛОВА.

Agarda Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda matnni belgilab, (CTRL + ENTER) tugmasini bosing va sayt administratoriga xabarnoma jo‘nating.

Mashhur maqolalar
Fotosuratlar
barchasini ko‘rish
Ish tartibi

Ish vaqti: 08.30-18.00s
Dam olish: Shanba, Yakshanba

murojaat tartibi
Интерактив хизматлар хакида эшитганмисиз ва улардан фойдаланганмисиз?

Ха, фойдаланганман
Йук, улар хакида эшитмаганман
Нима у?
Ушбу хизматларни хаётга кенгрок татбик этишса
Интернетдан фойдаланмайман

Veb-sayt bo`yicha mas`ul

Xolboyev Shahobiddin Abduadizovich
Tel: 0436-223-6250
E-mail: navoi@nv.uz

murojaat tartibi
© 2011-2014. TSITO-Navoiy ishlanmasi Saytdan ma'lumot ko‘chirilganda giper havola majburiy!