JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

ENG YOSH, SANOATI VA IQTISODI RIVOJLANGAN NAVOIY!

JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

Навоий шахар хокимлиги расмий сайти » Navoiy shahri » ТОМОРҚА МАДАНИЯТИМИЗ, МАЪНАВИЯТИМИЗ, ТАРБИЯМИЗ КЎЗГУСИ

ТОМОРҚА МАДАНИЯТИМИЗ, МАЪНАВИЯТИМИЗ, ТАРБИЯМИЗ КЎЗГУСИ

10-04-2020 18:22 Navoiy shahri, Yangiliklar

Ўлкамизда баҳор нафаси кезиб юрибди. Табиат аллақачон уйғониб, олам тобора гўзалликка бурканмоқда. Қимирлаган жон борки кўклам ташвишида.  Зеро, халқимиз кўкламнинг бир куни йилни боқади, деб бежиз айтишмаган.

Ғанимат кунларнинг қадрини билган асл деҳқонларимиз, омилкор томорқа эгалари ўз ихтиёридаги ерларда экин-тикин ишларини аллақачон саришта қилиб, томорқасига эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотларни парвариш қилмоқда.

Бугун вилоятимизнинг барча жойида бўлгани каби Навоий шаҳрида ҳам томорқадан самарали фойдаланиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаяпти.

Навоий шаҳридаги мавжуд 31 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 9 тасида фуқаролар ҳовлида яшаши боис, уларнинг хонадонида томорқаси мавжуд. Хусусан, шаҳарнинг "Темирйўл” вокзалига туташ ҳудудда жойлашган "Ҳаёт” маҳалласида ҳам бугун ҳаёт қайнамоқда.

Маҳалла аҳли мавжуд томорқаларидан самарали фойдаланиш илинжида унга бор меҳрларини беришаяпти.

Биз шаҳарликмиз, томорқани қишлоқдагилар қилсин, деган сўздан йироқ бўлиб, она замин саховатидан баҳраманд бўлишаяпти.

Доно халқимизда, "Ерни боқсанг, ер сени боқади”, деган ҳикмат бор. Бу бежизга айтилмаган, албатта. Зеро, ерга меҳр берсангиз, у ҳам сиздан ўз мурувватини аямайди.

Буни маҳалланинг "Барҳаёт” кўчасида истиқомат қилувчи Алиқул Бўронов жуда яхши тушунади. Шу боис, томорқасининг бир қарич жойи йўқки, бўш турган бўлса. Энг эътиборлиси, Алиқул ака 2017 йилдан буён ўз томорқасининг қарийб 5 сотих майдонида иссиқхона ташкил этган. Айни пайтда эса ушбу иссиқхонада етиштирилаётган помидор кўчатлари ҳосилга кириш арафасида.

— Иссиқхонамиздан ҳар йили 3 маротаба ҳосил оламиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша бўлаяпти, — дейди  Алиқул Бўронов. — Ўтган йили ички бозорга қарийб 4 тонна помидор киритдик, 30 миллион сўмгача даромад олдик. Бундан ташқари, иссиқхонамизда турли кўкатлар, зираворлар ҳам мунтазам равишда парваришланади.

Шунингдек, Алиқул ака хонадонида 5 бош қорамол ҳам мавжуд бўлиб, соғин сигирнинг сути эса рўзғорни таъминлаяпти. Томорқа - даромад манбаи. Аммо, томорқадан даромад олиш ўз-ўзидан бўлмайди. Она диёримиз тупроғини елка терлатиб ишлагандан ўз марҳаматини аямайди.

— Асосий вақтимиз иссиқхонада кўчатлар парваришига сарфланади. Асло бўш вақтимиз йўқ. Бу орқали рўзғоримиз бут. Даромадимиздан яхши ният қилиб машина ҳам миндик, — дейди Алиқул аканинг ўғли Ойбек Бўронов.

"Ҳаёт” маҳалласидаги Муродулло Икромов хонадонидамиз. Оила бошлиғи Муродулло ака НКМКга қарашли ГМЗда ҳайдовчи бўлиб ишлар экан. Бизни оила бекаси Мастура опа Икромова ёруғ юз билан қарши олди. Мақсадимизни билгач, бизни томорқаси томон бошлади. Умумий томорқа майдони 6 сотихни ташкил этаётган мазкур хонадонда ҳақиқий деҳқонлар истиқомат қилар экан, деган фикрга келдик. Чунки, баҳорнинг дастлабки кунларида экилган картошка яқинда тайёр бўлади. Ҳар қарич ердан унумли фойдаланилгани кундек равшан бўлиб турибди. Қолаверса, 2 сотих майдонда ташкил этилган мўъжазгина иссиқхона ва унда меҳр билан парваришланаётган помидор кўчатлари киши ҳавасини келтиради. Томорқада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб барчасини учратиш мумкин. Энг муҳими, улар ҳақиқий меҳнатдан баравж ривожланмоқда.

— Рўзғоримизда ишлатилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизнинг аксарияти ўзимизнинг томорқамиздан чиқади. Бозорга боришга асло ҳожат йўқ. Бўш вақтимиз доимо томорқада ўтади. Меҳнат қилган одам барака топади, деганлари ростлигига фаолиятимиз давомида амин бўлаяпмиз, — дейди хонадон бекаси Мастура опа Икромова биз билан суҳбатда.

Томорқа саломатлигимизнинг беминнат ҳимоячиси. Ундан ҳар куни бор-йўғи бир соат ишлаган киши бутун танаси мускулларининг чигилини ёзиб, қон айланишини яхшилайди. Қолаверса, инсон организми ўзида Менделеев жадвалидаги барча элементларни жамлаганки, уларга ҳар доим эҳтиёж сезади. Бу элементларнинг меъёрда бўлиши эса ақлий фаолият ривожланишининг энг асосий омили, деб таърифлашади тиббиётчиларимиз. Демак, томорқа рўзғоримиз, дастурхонимиз тўкинлиги ранг-баранглиги, фарзандларимизнинг наинки жисмоний балки ақлий баркамоллигининг гарови ҳамдир.

Маҳалла раиси Маирсаид Мавлонов ҳамроҳлигида томорқаларни кезар эканмиз, бизда қарийб барча хонадонларда томорқа маданияти яхшигина ривожланган, деди оқсоқол манмунлик билан ва бизни 1 сотихгина ердан ҳам унумли фойдаланаётган хонадон сари чоралайди.

Маҳалла раиси таърифлагандек, Бахтиёр Усмонов ва Рўзигул Усмоновалар имконияти чекланган бўлсада, ҳақиқатдан ҳам ерни ўз ҳолига ташлаб қўймаганига гувоҳ бўлдик.

Мўъжазгина майдончанинг бўш жойи йўқ. Турли кўкатлар, зираворлар, булғор қалампири бир текистда ривожланмоқда. Хонадон эгаларининг ерга бўлган бундай эътибори кўпчиликка ибратдир.

Маҳалланинг "Оқ сой” кўчаси 50-хонадонида истиқомат қилиб келаётган Қурбон Астанов ҳам асли деҳқонлардан бўлса керак, деган ўй ўтди хаёлимиздан. Бугунги кунда 55 ёшни қарши олган Қурбон ака механизаторлик билан шуғулланади. Аммо ерга бўлган меҳр-муҳаббати уни бир лаҳза бўлмасин томорқадан айирмайди. Бўш вақт топдим, дегунда ҳамиша кетмонини қўлига олиб, ерга ишлов беради.

— Сара тупроқни қўлига олиб, кўзига суртади. Тупроқдан ҳамиша Ватан ҳиди димоғимга урилади, уни мўътабар онадек эъзозлашимиз бежизга эмас, — дейди Қурбон ака.

Томорқада парваришланаётган картошкалар эрта-индин рўзғорга ярайди. Қолаверса, хонадондаги қорамол, майда шоҳли мол ва бир катак товуқлар ҳам рўзғор таъминотида муҳим ўрин тутмоқда.

Маҳаллада якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Хайрулло Бойлиев хонадонига кирганимизда, дастлаб саф тортиб турган ажойиб гултуваклар эътиборимизни тортди. Буларни қаердан олгансиз, сўрадик, Хайрулло акадан. — Ўзим тайёрлайман, — дея бизга анвойи гуллар ястаниб ётган гултувакни кўрсатди. — Бу идишларга гуллар худди шундай ўтқазилади ва хонадонингизга ўзгача гўзаллик бахш этади, — дея бизни қаҳрамонимиз томорқа томон бошларкан.

Жами 8 сотих томорқада аксарият озиқ-овқат маҳсулотлари экилган. Картошка, помидор, кўкатлардан ташқари парваришланаётган карам ва қулупнай ниҳоллари хонадон аъзоларининг миришкорлигидан далолат беради.

Қолаверса, Хайрулла ака 30 та қуён ва 10 та майда шоҳли молларни ҳам парваришлапяти. Аслида булар ҳам рўзғор учун даромад манбаи саналади.

Ҳақиқий деҳқоннинг деҳқонлиги унинг ташқи томорқасидан сезилади. Маҳалладаги Турдимурод Жумаев хонадонига кириб боришда бу фикримиз тўғрилигини яна бир бор ҳис этдик. Каттагина томорқада ҳақиқий меҳнат қилингани ёрқин намоён бўлиб турибди.

— Бир кам 70 ёшдаман — дейди отахон биз билан суҳбатда. — Ер билан тиллашиб кам бўлмадик. Фарзандларимизни уйли-жойли қилдим, рўзғоримни бутладим. Фарзандларимни ҳам ерга муносабатини ўзгартирдим, уларни ёнимга олиб, томорқада ишлаш маданиятини ўргатдим.

Умумий майдони 18 сотих бўлган томорқанинг 15 сотихи иссиқхона учун ажратилган. Бу иссиқхоналарда нимаики озиқ-овқат масҳулотлари етиштириш мумкин бўлса, барчаси парваришланган.

— 10 сотих майдонда ташкил этилган иссиқхонамизда 4 йилдан буён 35 туп лимон кўчатларини парваришлаяпмиз. Ўтган йили биргина лимоннинг ўзидан 10 миллион сўмдан ортиқ даромад қилдик. Жами томорқамиздан олинган даромад 30 миллион сўмдан ошиб кетди. Томорқамизда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан рўзғонимизни таъминлаяпмиз, ортганини эса ички бозорга йўналтираяпмиз, — дейди Турдимурод бобо Жумаев.

Бир сотих майдонда парваришланаётган қулупнай эса эрта-индин пишиб-етилиш арафасида.

Дарҳақиқат, томорқа маданиятимиз, маънавиятимиз, тарбиямиз кўзгуси. Дарвозамиздан кирган киши ҳовлимиз саҳнига назар солибоқ, "отасига раҳмат” ёки "хайф”, деган муносабатни кўнглидан ўтказади. Томорқа бандлигимизни таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади. 2 сотих томорқаси бор хонадонни ишсиз оила деб, атасак хато бўлади. Юқоридаги қаҳрамонларимизнинг фаолияти эса бунга ёрқин мисолдир. Биз қайси соҳада ишламайлик, ким бўлмайлик ҳамиша бизни она ер боқади. Шу боис, ундан меҳримизни, эътиборимизни дариғ тутмайлик.

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан томорқалардан фойдаланишда мутлақо янги муносабатлар жорий этилди.

Серҳосил еримиз, даромад олишга кенг ҳов­ли­миз бор экан, ҳар биримиз томорқа мада­ния­тини юксалтириб, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни намунали тарзга келти­рай­­лик.

Табаррук Она сўзи, Ватан ва Ерга нисбатан ишлатилади. Шу боис, Она еримизни муқаддас билиб, унга муносабатимизни тубдан ўзгартирайлик. Ернинг уволи ёмон бўлади.
ТОМОРҚА МАДАНИЯТИМИЗ, МАЪНАВИЯТИМИЗ, ТАРБИЯМИЗ КЎЗГУСИ

Отабек АСЛОНОВ,

журналист.

Agarda Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda matnni belgilab, (CTRL + ENTER) tugmasini bosing va sayt administratoriga xabarnoma jo‘nating.

Mashhur maqolalar
Fotosuratlar
barchasini ko‘rish
Ish tartibi

Ish vaqti: 08.30-18.00s
Dam olish: Shanba, Yakshanba

murojaat tartibi
Давлат муассалари билан мулокот килиш максадида Интернет xизматларидан фойдаланганмисиз?

Ха, ва куп маротаба
Йук, ёки айтарли натижага эга булмаганман
Шахсан муассанинг узига мурожаат этганман
Бу хизматлардан бохабар эмасман

Veb-sayt bo`yicha mas`ul

Nasirov Shuxrat Fayzulloevich
Tel: 0436-223-6250
E-mail: navoi@nv.uz

murojaat tartibi
© 2011-2018. Sensorika ishlanmasi Saytdan ma'lumot ko‘chirilganda giper havola majburiy!