JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

ENG YOSH, SANOATI VA IQTISODI RIVOJLANGAN NAVOIY!

JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

Навоий шахар хокимлиги расмий сайти » Navoiy shahri » ҚАЛБИ УЙҒОҚ ЁШЛАР БУЮК КЕЛАЖАКНИ ҚУРАДИ

ҚАЛБИ УЙҒОҚ ЁШЛАР БУЮК КЕЛАЖАКНИ ҚУРАДИ

03-01-2017 17:53 Navoiy shahri, Yangiliklar
Мухбиримиз "Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби, "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши раиси Жамшид ХОДЖАЕВ билан ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишлар, вилоятимиз ёшларининг эришаётган ютуқлари ҳамда галдаги вазифалар хусусида суҳбатлашди.

– "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, жумладан, унинг Навоий вилоят Кенгаши бугунги кун ёшларига қай даражада етакчилик қилаяпти, деб ўйлайсиз?
– Истиқлол йилларида "Камолот” ЁИҲ ёш авлоднинг том маънодаги етакчиси, ҳақиқий кўмакдошига айланди. Хусусан, ҳаракатнинг Навоий вилоят Кенгаши бугун ўз сафларида 137 минг 828 нафар ўғил-қизни бирлаштирган. Унинг қошидаги "Камалак” болалар ташкилотининг эса 56 минг 587 нафар аъзоси бор. Бошланғич ташкилотларимизда шижоатли ва ташаббускор ёшлар бирлашиб, янги ғоя ва лойиҳаларни амалга ошириб келмоқдалар. Айни вақтда вилоят Кенгаши қошидаги "Ёшлар маркази”да 18 йўналишдаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилгани ўғил-қизлар учун айни муддао бўлди. Мақсадимиз қизу йигитларни эзгуликлар сари йўналтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда фан, таълим, спорт, адабиёт, санъат ва тадбиркорлик йўналишларидаги интилишларини рўёбга чиқаришдан иборат.
– Жорий йилда қабул қилинган "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғри­сида”ги Қонуннинг ўғил-қиз­­ларимиз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг жисмоний ва ахлоқий жи­ҳат­дан камол топишларидаги аҳа­мияти тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.
– Мазкур қонун ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда, ёш оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга уларнинг сифатли таълим олишини таъминлаш, ишга жойлаштириш ҳамда ташаббусларини рағбатлантириш ҳам ушбу давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида ҳаётга татбиқ этилмоқда. Унда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бу борадаги ваколатлари ҳам белгилаб берилган. Демак, эртамиз эгалари бўлган ёшлар тақдирига барчамиз масъулмиз.
– Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши раҳбари сифатида замонамиз ёшларининг сиёсий жараёндаги фаоллиги, маънавий- маданий ҳаётдаги ютуқларини қандай баҳолаган бўлар эдингиз?
– Ёшларимиз ҳар соҳада фаол. Камолга етаётган ўғил-қизларнинг сиёсий- ҳуқуқий билимлари ҳам ривожланиб бораётганлиги уларнинг шу йил бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этганида ҳам яққол намоён бўлди. Интеллектуал салоҳиятлари, ахборот- коммуникация технологияларига оид билимлари ҳеч бир давлатнинг ёшлариникидан қолиш­майдиган ўғил-қизларимиз эришаётган ютуқлар барчамизни қувон­ти­ради. Зеро, улар учун мамлакатимизда кенг шароитлар муҳайё этилган.
– Ёшларнинг нуфузли кўргаз­ма­лар, фестиваль ва танловларда иштироки, қолаверса, уларнинг жамиятдаги фаоллиги сизни қониқтирадими?
– Бугунги ёш авлод зийрак ва ўз мустақил фикрига эга, улар ўз келажагини қуриш учун интилмоқда. Уларга биринчи Президентимиз
Ислом Каримовнинг "Фарзандларим, давр – бизники, марра – бизники” деган даъваткор сўзлари ҳамиша рағбат бераётгани шубҳасиз. Жумладан, вилоят "Камолот” ЁИҲ томонидан ўтказиб келинаётган "Менинг бизнес ғоям” ва "Ёш тадбиркор – юртга мададкор” кўрик-танловлари тадбиркорлик соҳасини танлаган ёшларимизнинг мақсадлари рўёбига хизмат қилаяпти. Жорий йилда ушбу танловларнинг республика босқичида 8 нафар навоийлик ёшлар ғолибликни қўлга киритди. Афсуски, баъзида бўш вақтларини кераксиз ишларга сарфлаётган ёшлар ҳам учраб туради. Уларни илғор ўғил-қизлар сафига қўшиш учун биз бугун маҳаллаларга, таълим муассасаларига янада изчил кириб бораяпмиз.
– Яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган Ёшлар ҳафталигида иштирок этдингиз ва унда сиз ҳам "Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирландингиз. Юксак мукофот сизга қандай масъулият юкламоқда?
– "Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остида бўлиб ўтган Ёшлар ҳафталигида қатнашиб, бир олам таассуротлар олдим. Тадбирда шижоатли, ташаббускор ёшлар қаторида менга ҳам "Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони топширилди. Албатта, бу биргина менга эмас, балки бутун вилоятимиз ёшларига берилган мукофот, эътибор намунаси деб биламан. У зиммамдаги масъулият ҳиссини икки карра оширди, десам муболаға эмас.
– "Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши 2017 йилда қандай янги лойиҳа­лар билан ёшлар орасига кириб боришни режалаштирмоқда?
– Ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятлар ва анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялаш, турли ёт оқимларга кириб қолишидан асраш, уларнинг илм-фандаги изланишлари, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш мақсадида янги-янги лойиҳалар, фестиваль, семинар-тренинглар ташкил этишни режалаштираяпмиз. Якунланаётган йилда вилоятимиз марказида китобхон ёшларимиз учун "Камолот” китоб дўконини барпо этдик. Бундай зиё масканларини келгусида туманларимизда ҳам бунёд этмоқчимиз. Ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган бундай лойиҳалардан ҳеч бир ўғил-қиз четда қолмаслиги керак.
– "Навоий-Пресс” газетхонларига қандай Янги йил тилакларини билдирасиз?
– Бугунги ёш авлод улкан имкониятлар мамлакатида яшамоқда. Бу имкониятлардан ўз вақтида оқилона фойдаланиш, эгаллаган билимларни аввало, халқ манфаати, Ватанимиз равнақи йўлида сафарбар этиш доимо улар олдидаги олий мақсадлардан бири бўлмоғи лозим. Янги 2017 йил ҳар бир юртдошимиз учун интилишлар самарадорлиги, некбин орзулар ижобати ва юксалишлар йили бўлсин!Раъно РАБИМОВА суҳбатлашди.

Agarda Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda matnni belgilab, (CTRL + ENTER) tugmasini bosing va sayt administratoriga xabarnoma jo‘nating.

Mashhur maqolalar
Fotosuratlar
barchasini ko‘rish
Ish tartibi

Ish vaqti: 08.30-18.00s
Dam olish: Shanba, Yakshanba

murojaat tartibi
Давлат муассалари билан мулокот килиш максадида Интернет xизматларидан фойдаланганмисиз?

Ха, ва куп маротаба
Йук, ёки айтарли натижага эга булмаганман
Шахсан муассанинг узига мурожаат этганман
Бу хизматлардан бохабар эмасман

Veb-sayt bo`yicha mas`ul

Nasirov Shuxrat Fayzulloevich
Tel: 0436-223-6250
E-mail: navoi@nv.uz

murojaat tartibi
© 2011-2018. Sensorika ishlanmasi Saytdan ma'lumot ko‘chirilganda giper havola majburiy!