JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

ENG YOSH, SANOATI VA IQTISODI RIVOJLANGAN NAVOIY!

JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

Навоий шахар хокимлиги расмий сайти » Navoiy shahri » E`lonlar » НАВОИЙ ШАҲАР ҲОКИМЛИГИНИНГ ШАҲАР ҲУДУДИДАГИ БОЗОРЛАР ЮЗАСИДАН ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ТАРҚАЛГАН ХАБАРЛАРГА Р А С М И Й М У Н О С А Б А Т И

НАВОИЙ ШАҲАР ҲОКИМЛИГИНИНГ ШАҲАР ҲУДУДИДАГИ БОЗОРЛАР ЮЗАСИДАН ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ТАРҚАЛГАН ХАБАРЛАРГА Р А С М И Й М У Н О С А Б А Т И

23-10-2019 19:33 Navoiy shahri » E`lonlar

Яқинда ижтимоий тармоқларда шаҳар ҳудудидаги "Саховат” масъулияти чекланган жамиятига қарашли марказий деҳқон бозори атрофининг темир панжара билан ўралгани, бу эса айрим тадбиркорларнинг фаолиятида қийинчилик туғдираётгани, шунингдек мазкур тўсиқлар ёнғин хавфсизлиги талабларига зидлиги ҳамда "Навоий автомобиль ва эҳтиёт қисмлари” бозори (халқ тилида "барахолка” бозори)да кийим-кечаклардан тортиб озиқ-овқат маҳсулотларигача санитария талабларига зид равишда сотилаётгани ваъжлари кўрсатилган мазмундаги турли хабарлар тарқалди.

Хўш, бу гаплар қанчалик асосли? Аслида ҳолат қандай? Мазкур муаммоларнинг келиб чиқишига асосий омиллар нимадан иборат?

Марказий деҳқон бозори ҳамда "Янги ҳаёт” гипермаркети ўртасидаги тартибсиз ва ноқонуний "бозорча”нинг пайдо бўлиши аслида узоқ йилларга бориб тақалади. Мазкур ҳудуд иккала бозорга ҳам тегишли эмас – фавқулодда вазиятларда ёнғин хавфсизлиги ҳамда тез-тиббий ёрдам машиналар кириб-чиқишига мўлжалланган йўл. Йўл устидаги ноқонуний бозорчада 50-60 нафар тадбиркор бугунги кунда кийим-кечак ва бошқа ноозиқ-овқат маҳсулотлари сотиб келишмоқда. Тўғри, улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида ёки юридик шахс ташкил этган ҳолда ўз фаолиятини олиб бораяпти – солиқларини ҳам тўламоқда, бироқ улар савдо қилинаётган жой ноқонуний.

Мазкур ҳолатни бартараф этиш юзасидан уч ой аввал Навоий шаҳар ҳокими М.Базаров сотувчилар билан учрашув ўтказиб, уларга бозор ичкарисидан ҳамда тўрт қаватли "Навоий савдо комплекси”дан жой ажратиб берилган. Панжара қурилишидан мақсад ҳам шу – йўл устида савдо қилинишининг олдини олиш. Бироқ савдогарлар бозор маъмуриятининг шартига рози бўлмай, ўз ноқонуний фаолиятларини давом этиб келишмоқда. Бугунги кунда уларнинг савдо растаси ҳеч қайси бозор ҳудудида бўлмагани учун кечқурун ўз маҳсулотларини ўзлари навбатчи қўйиб қўриқлашади. Бозорга келувчилар оқими айнан шу ердан ўтгани учун тадбиркорларнинг бу жойни ташлаб кетиш нияти йўқ. Қолаверса, мазкур ҳудуднинг санитария ҳолати, тозалиги марказий деҳқон бозори маъмурияти гарданига тушмоқда.

Тўғри шу вақтга қадар тадбиркорларнинг мазкур ноқонуний фаолиятига кўз юмилиб келинган. Бироқ, эндиликда бозор ёнидаги тирбандликларни камайтириш мақсадида кўприк қурилаётган бўлиб, келгуси йилда у ишга тушади. Кўприк билан бирга бугунги кунда 50 нафар тадбиркор савдо олиб бораётган йўлни ҳам автомобиллар қатнайдиган йўлга айлантириш кўзда тутилган. Шу боис, бугунги кунда мазкур ҳудудни бўшатиш катта муаммони келтириб чиқармоқда.

Тадбиркорлар ўзларига берилган қонунинй савдо расталарига бормаслигининг сабаби эса битта: у ҳам бўлса уларда ичкарида савдо яхши бўлмайди, деган хавотир бор. Албатта, келгуси йилдан савдо расталари эгаллаган йўлдан машиналар қатнови бошланади. Тадбиркорлар буни тўғри англаб, фақат бугуннигина ўйламай иш олиб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики бозор атрофини темир панжара билан ўраш ноқонуний эмас, айрим тадбиркорларнинг талаблари эса қонунга зид, эътирозлари ўринсиз.

"Навоий автомобиль эҳтиёт қисмлари бозори” МЧЖга қарашли бозор юзасидан билдирилган фикрларга ҳам тўхталсак: бу ер хусусида билдирилган фикрлар мутлақо нотўғри.

Хусусан, "Шаҳримизда ҳафтада бир марота – шанба куни ноқонуний бозор ташкил этилади”, дейилади ижтимоий тармоқдаги хабарда. Аслида, мазкур бозорнинг санитар зона ҳудудидан вақтинчалик 3 йил муддатга умумий майдони 4 гектар ҳудудда фаолият юритишига Навоий шаҳар ҳокимининг 2014 йил 1 июлдаги Ф-34-сонли фармойишига асосан расман рухсат берилган. Шаҳар ҳокимининг 2017 йил 3 июлдаги Ф-44-сонли фармойиши билан муддат яна 3 йилга узайтирилган.

Ҳозирги кунда ушбу бозор ҳудудида савдо фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган ер майдони ўраб олинган қисми 2,12 гектарни, орқа томонида 1,3 гектарни ташкил қилади.

Ушбу бозор ҳудудида савдо қилиш учун учун 83 та савдо ўрни мавжуд. Кунлик савдо қиладиганлар бугунги кунда 25-30 нафар тадбиркорни ташкил этмоқда. Бундан ташқари, ҳар ҳафта шанба куни бу ерга ярмарка шаклида савдо фаолияти ташкил этилади. Мазкур ярмарка Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги "Бозорлар ва савдо комлекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбдирлар тўғрисида”ги 253-сонли қарори асосида ташкил этилади. Мазкур қарорнинг 9-бандида илгари фойдаланишда бўлган хўжалик товарлари ва маиший техника, мебель, кийим-бош, қурилиш материаллари, транспорт воситалари, шу жумладан, уларга эҳтиёт қисмлар ва илгари фойдаланишда бўлган бошқа товарлар сотиладиган маҳсулотларнинг асосий турлари ҳисобланиши белгиланган.

Шу ўринда қайд этиб ўтиш жоизки, аввал ишлатилган маҳсулотни сотувчилар якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) сифатида давлат рўйхатидан ўтган ёки бошқа бирор гувоҳномага эга бўлиши шарт эмас. Янги маҳсулот сотувчи ҳунарманд ва тадбиркорлардан эса ҳужжат талаб этилади. Патта йиғимлари эса баб-баравар ҳаммадан – бу ерда ҳар шанба савдо қилувчи 500-600 нафар кишидан йиғилади. Айрим кишилардан йиғиладиган патта пули минг сўмга ҳам етмайди.

Бозор ҳудудида йиғиладиган бир марталик патта пуллари белгиланган тартибда, қонун доирасида Навоий шаҳар ҳокимининг қарори асосида йиғилиб келинмоқда. Уларнинг 50 фоизи давлат бюджетига, қолган қисми эса бозорда фаолият кўрсатаётган ходимлар ойлик маоши ҳамда бозорни тозалигини сақлаш мақсадларига йўналтирилмоқда.

Фуқароларнинг ижтимоий тармоқдаги ваъжида "озиқ-овқат-у дори дармонгача сотилади”, дея таъкидланган. Озиқ-овқат сотилишига расмий рухсат берилган, аслида ҳам бозорда мазкур турдаги товарлар сотилаётган бўлса-да, фармацевтика маҳсулотлари умуман сотилмайди. Сабаби, дори-дармон сотилиши мазкур бозорда қатъиян таъқиқланади.

Мурожаатда таъкидланганидек бу ерда озиқ-овқат маҳсулотлари санитария талабларига зид равишда сотилаётганлигини баъзан учратиш ҳам мумкин. Бунинг олдини олиш юзасидан тегишли идоралар ҳамкорлигида чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бироқ, талаб бор жойда таклиф ҳамиша топилади, деганларидек, мазкур ҳолатларни жамоатчилик назорати тартибида ҳам бартараф этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бозор – жамоатчилик жойи. Унинг батартиб, дидимизга мос, тоза-озода бўлиши ҳам барчамизга тегишли масала. Қўлни-қўлга бериб, ҳамкорликда иш олиб борилса, албатта келгусида бу каби нохуш вазиятлар келиб чиқмайди. Айрим фуқароларимизнинг нохолис, ишончсиз фикрлари билан Улуғ мутафаккир Алишер Навоий номи билан аталувчи шаҳримиз бозорлари маънавиятсизлик масканига айланмасин.

Навоий шаҳар ҳокимлиги.

Agarda Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda matnni belgilab, (CTRL + ENTER) tugmasini bosing va sayt administratoriga xabarnoma jo‘nating.

Mashhur maqolalar
Fotosuratlar
barchasini ko‘rish
Ish tartibi

Ish vaqti: 08.30-18.00s
Dam olish: Shanba, Yakshanba

murojaat tartibi
Давлат муассалари билан мулокот килиш максадида Интернет xизматларидан фойдаланганмисиз?

Ха, ва куп маротаба
Йук, ёки айтарли натижага эга булмаганман
Шахсан муассанинг узига мурожаат этганман
Бу хизматлардан бохабар эмасман

Veb-sayt bo`yicha mas`ul

Nasirov Shuxrat Fayzulloevich
Tel: 0436-223-6250
E-mail: navoi@nv.uz

murojaat tartibi
© 2011-2018. Sensorika ishlanmasi Saytdan ma'lumot ko‘chirilganda giper havola majburiy!