Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar, Новости, О Навои > ПЕДАГОГЛАР УЧУН СИРТҚИ БЎЛИМЛАР
ПЕДАГОГЛАР УЧУН СИРТҚИ БЎЛИМЛАР17-08-2017, 12:05. Muallif: deputat |
2017 йил 9 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти "Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини имзолади. Қарорда таъкидланганидек, бугунги кунда халқ таълими тизимида жами 15359 та таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларини ва билим юртларини битирган 100 минг нафарга яқин педагог кадрлар фаолият юритмоқдалар. Қарордан кўзланган мақсад, мазкур таълим муассасаларининг мактабгача, бошланғич, мусиқа, тасвирий санъат, чет тиллари, меҳнат таълими, жисмоний тарбия йўналишлари ва бошқа фанлар бўйича олий маълумотли педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, туманлар ва қишлоқ жойлардаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ҳамда уларни тайёрлаш тизимини жойларда ташкил этишни янада такомиллаштириш орқали таълим сифатини яхшилашдир. 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб юртимиздаги жами 15 та олий таълим муассасаларида хусусан, Навоий давлат педагогика институтида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш белгиланди. Ушбу махсус сиртқи бўлимларнинг бакалавриат таълим йўналишларига қабул ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда камида уч йил педагогик амалий иш стажига эга бўлган, мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари эҳтиёжлари асосида ўз тасарруфида ушбу таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан бериладиган тавсияномага эга педагог кадрлар ҳисобидан амалга оширилади. Шунингдек, рўйхатда кўрсатилган олий таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот бериш сиртқи таълим шаклида ташкил этилади. Бу ҳолатда ўқиш бакалавриатнинг 2-курсидан бошланади ва камида 3 йил муддатни ташкил этади. Махсус сиртқи бўлимда ўқиш тўлиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Махсус сиртқи бўлимларга қабул қилиш тартиби, Ўзбекистон Рес публикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилмоқда. 2017/2018 ўқув йили учун махсус сиртқи ва сиртқи таълимларда ўқув жараёни истисно тариқасида жорий йилнинг 1 октябридан бошланади. Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги педагог ходимларни ушбу яратилган қулайликлардан унумли фойдаланишга чақирамиз. Миркомил БОЗОРОВ, вилоят адлия бошқармаси мутахассиси.
Ortga qaytish |