Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > ЯШИЛ МАЙДОНДА – НУРОНИЙЛАР
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > ЯШИЛ МАЙДОНДА – НУРОНИЙЛАР

ЯШИЛ МАЙДОНДА – НУРОНИЙЛАР


18-09-2017, 16:26. Muallif: deputat


Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний” жамғармаси Навоий шаҳар бўлими томонидан Навоий вилояти футбол федерацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб, "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида спорт фестивали ташкил этилди. 

Унда шаҳар маҳаллаларида яшовчи меҳнат фахрийлари – эллик ва ундан юқори ёшдаги ота­хонлардан ташкил топган мини футбол жамоалари яшил майдонда ўзаро баҳс олиб боришди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллиги ошиб бораётганлиги, жумладан, уларнинг спорт тадбирларидаги бевосита иштироки ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлашди. Нурулла Ҳожи бобо Бозоровнинг, "шундай экан, юзга кириб ҳам футбол ўйнаб юринглар”, деган тилагини барча қатнашчилар олқишлар билан қарши олишди.
Шундан сўнг бўлиб ўтган қизғин спорт беллашувлари турнирнинг ғо­либ ва совриндорларини аниқлаб берди. Ҳал қилувчи ўйинда "Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини жамоасидан устун келган "Истиқлол” маҳалласи спортчи-қариялари му­со­бақа ғолиблигини қўлга киритишди. Фахрли учинчи ўринни эса шаҳардаги "Орзу” маҳалласи вакиллари қўлга киритишди.
– "Нуроний” жамғармаси томо­нидан ташкил қилинган бугунги тадбир барча қатнашчилар каби, менга ҳам жуда манзур бўл­ди, – дейди "Орзу” маҳалласи кекса футболчилари етакчиси Тур­ғун Муҳаммадиев. – Спортдан узоқ­лаш­маслик, у билан бир умрга ошно бўлиш кони фойда эканлигига бугун яна бир бор амин бўлдим. Насиб этса, спорт билан мунтазам шуғулланиб, келаси сафар, албатта, биринчи ўринни қўлга киритамиз.
Тадбирнинг ғолиб ва совриндорлари тегишли даражали дипломлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Иштирокчилар қизиқарли спорт тадбири ва унинг якуни билан тортилган тўкин дастурхон атрофидаги ширин суҳбат учун ташкилотчилар ва тадбир ҳомийси "Навбаҳор қурилиш мебель” МЧЖ раҳбари Мақсуд Аллаевга миннатдорчилик билдиришди.
Олим ХЎЖАЕВ.


Ortga qaytish