Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > КАСБИДАН БАХТ ТОПИБ...
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > КАСБИДАН БАХТ ТОПИБ...

КАСБИДАН БАХТ ТОПИБ...


3-10-2017, 14:51. Muallif: deputat


Ўқитувчилик – шарафли ва машаққатли касб. Ҳар биримизга меҳр билан ҳарф танитган, илк марта ёзишни, ўқишни ўргатган, сабр-тоқат, матонат билан саводимизни чиқарган устозларимиз биз учун бебаҳо хазинадир. 

Навоий техника-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи физика фани ўқитувчиси Гул­чеҳ­ра Аллаберганова ҳам шундай жонкуяр, фидойи ва қалби дарё ўқитувчилардан бири. У 1992 йилда Самарқанд давлат университетининг физика факультетини тугаллаб, илк фаолиятини Бухоро вилояти Вобкент туманидаги 31-мактабда бошлаган. Умрини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаётган Г. Аллаберганова 26 йилдирки, физика фанидан ўқувчиларига сабоқ бериб келмоқда. Муаллима ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик кўради. Ўқувчиларининг фанни тез ва пухта ўрганишлари учун янги педагогик технологиялардан самарали фойдаланади. 
– Ўқитувчилар оиласида улғайганман, – дейди Гулчеҳра опа. – Мактабда ўқиб юрган вақтларим дарс тайёрлашимга ота-онам ёрдам беришарди. Уларнинг мавзуни мароқ билан, биз тушунадиган қилиб гапиришлари ҳавасимни келтирарди. Орзуимдаги касбни танлаб, кам бўлмадим. Бугун ўқувчиларим кўча-кўйда учратиб қолишса ҳам ҳурматимни жойига қўйиб, устоз дея мурожаат қилишларидан қалбимни фахр туйғуси эгаллайди. 
Гулчеҳра опа ўз устида ишлашни канда қилмайди. Буни у киши "Бизнинг ёшлигимиздаги ёшлар билан бугунги кун ёшларининг ер билан осмонча фарқи бор. Дунёқараши кенг, теран фикр­ловчи, қизиқувчан ва ҳозиржавоб ўқув­чи­ларимнинг талаблари даражасида бў­ли­шим учун ҳам тинимсиз ҳаракатда бў­ла­ман. Муваффақиятга эришсам ҳам асло тўхтаб қолмайман. Ўқувчиларимга уларга тушунарли бўлган усулда ўрга­тишни, бугун ўтган дарсларим бутун умрга хотирасида муҳрланиб қолишини хоҳлайман”, дея изоҳлайди. 
– Гулчеҳра опа коллежимиздаги 77 нафар ўқитувчилар ичида ягона бош ўқи­тувчи, – дейди коллежнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Асрор Норов. – У киши илмий мақолалари билан республика миқёсидаги ва халқаро конференцияларда фаол қатнашиб келади. Жумладан, жорий йилда ўтказилган "Европа тадқиқотчилари” халқаро конференцияси доирасида бўлиб ўтган танловда ўзининг экологияга оид мавзудаги илмий мақоласи билан иштирок этиб, 2-даражали дипломга сазовор бўлди. 
Касбининг фидойиси бўлган Гулчеҳра опа доимо изланишда, опахоннинг ташаббуси билан масканимизда ҳам турли тадбирлар уюштириб турамиз. Ёш ўқитувчилардан билим ва тажрибаларини аямайди. 
Гулчеҳра опа касбининг машақ­қат­ларидан ортиб, фарзандлари тарбиясига ҳам катта эътибор қаратади. 
– Турмуш ўртоғим ҳам Самарқанд давлат университетининг физика факультетини тугатганлар, – дейди опа суҳбатимиз сўнгида. – Иш фаолиятини НДПИда ўқи­ту­вчиликдан бошлаган бўлсалар, ҳо­зир­га келиб, Навоий кон-металлургия ком­бинатида муҳандис бўлиб ишлаяптилар. Оилада ҳар бир аёл эришиши мумкин бўлган бахтга эришганман, деб ўйлайман. Чунки турмуш ўртоғим иккаламиз бир ёқадан бош чиқариб, фарзандларимизнинг таълим олишига алоҳида эътибор берганмиз. Бу ўз натижасини бериб, айни пайтда катта ўғлим Мўталжон НДКИ магистратурасини тугаллаб, иш фаолиятини бошлаш арафасида. Мақсуджон эса Тошкент давлат юридик университетида 3-босқич талабаси, кичик ўғлим Дилшоджон ҳам Тошкент давлат тиббиёт академиясида 3-курсда таҳсил олаяпти. 
Гулчеҳра опа болаларни кичикли­ги­даноқ ўзи қизиққан соҳага йўналтириш керак деб ҳисоблайди. Фақат шундагина кутилган натижага эришиш мумкин экан.

Райҳон РАХИМОВА.


Ortga qaytish