Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > БЕҒАРАЗ ЁРДАМ КЎРСАТИШ – ЮКСАК ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТДИР
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > БЕҒАРАЗ ЁРДАМ КЎРСАТИШ – ЮКСАК ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТДИР

БЕҒАРАЗ ЁРДАМ КЎРСАТИШ – ЮКСАК ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТДИР


24-11-2017, 17:36. Muallif: deputat


Муҳтожларга кўмак бериш, якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш,  ногиронлар ва етим болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш  халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий анъаналардан ҳисобланади. 

Ўзбекистон қизил ярим ой жамияти ҳам аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламига беминнат ёрдам бериб келаётир. Жамиятнинг мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, фавқулодда вазиятлар юз берганда аҳолига "Тез ёрдам” хизмати келгунга қадар биринчи ёрдам бериш ва хайр-саховат кўрсатиш ишлари кўламини янада кенгайтириш мақсадида жорий йилнинг ноябрь ойида "Хайрия ўн кунлиги” тадбирлари ўтказилмоқда.
Унга кўра, фавқулодда ҳолатлар юз берганда жамият томонидан тўлақонли инсонпарварлик ишларининг амалга оширилишини таъминлаш ҳамда ҳомийлар ёрдамини жалб этган ҳолда жойларда захира омборларини ташкил қилиб, уни керакли воситалар билан тўлдириш кўзда тутилган. 
– Келгуси йилда ҳам ишларимиз кў­ла­мини янада кенгайтириш ниятидамиз, – дейди Ўзбекистон қизил ярим ой жамияти Навоий шаҳар бўлими бошлиғи Нигора Мирзаева. – Жорий йилги фаолиятимиз давомида вилоят онкология диспансери, силга қарши кураш диспансери ҳамда болалар юқумли касалликлар шифохоналарига бориб, у ердаги беморларнинг ҳолидан хабар олдик, уларни керакли дори-дармон воситалари билан таъминладик. Қолаверса, ногирон болаларнинг уйларига бориб, уларга турли ўқув қуроллари, китоблар совға қилдик. 
Бундан ташқари, Ўзбекистон қизил ярим ой жамияти Навоий шаҳар бўлими томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда умумтаълим мактаблари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолига фавқулодда вазиятлар юз берганда биринчи ёрдам кўрсатиш ва тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини шакллантирувчи ўқув-тактик машғулотлар мунтазам ўтказилиб келинмоқда.  
Райҳон РАХИМОВА. 

Ortga qaytish