Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > МАСЪУЛИЯТ ҲИССИ ВА МАҲОРАТ САБОҒИ
МАСЪУЛИЯТ ҲИССИ ВА МАҲОРАТ САБОҒИ16-12-2017, 17:28. Muallif: deputat |
Навоий давлат кончилик институтининг мажлислар залида вилоятдаги 300 га яқин йирик корхоналар, ишлаб чиқариш объектлари, турли ташкилотлар, таълим муассасалари, шифохоналар, маҳаллалар ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари раҳбарлари ҳамда уларнинг ёнғин хавфсизлигига масъул ходимлари иштирокида комплекс сайёр ўқув йиғини бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ходимлари, етук мутахассислар иштирок этиб, корхона ва ташкилотларда содир бўладиган ёнғинларнинг ўз вақтида олдини олиш, аҳолига хавфсизлик қоидалари тўғрисида тўғри тушунчалар бериш, ёнғин ўчириш воситаларини бошқариш, ички ишлар органларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги назорат фаолиятини кучайтириш ва шунга доир долзарб вазифалар ҳақида атрофлича тушунчалар беришди.
Шунингдек, иштирокчилар йирик корхоналарда содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар профилактикаси, ёнғинларнинг илк бошланиш вақтиданоқ жабрланувчиларга тўғри ёрдам кўрсатиш, бунда тажриба ва масъулиятнинг муҳимлиги тўғрисида ҳам маъруза дарсларини тинглашди.
Йиғилиш сўнгида турли ишлаб чиқариш объектлари, йирик корхоналар, тиббиёт, таълим муассасалари ҳамда аҳоли тураржойларида содир бўлган ёнғинлар, уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш йўллари ҳақида видеоролик намойиш этилгани иштирокчиларни кенг мулоҳаза ва қизғин мулоқотга чорлади.
Тадбирлар дастурига мувофиқ соҳа ходимлари иштирокида тактик-ўқув машғулотлари ҳам ўтказилиб, унда ёнғин содир бўлганда ҳаракатланиш қоидалари амалий машғулотлар мисолида кўрсатиб ўтилди.
Комплекс сайёр ўқув йиғини ва тадбирлари 20 декабрь кунига қадар давом этади.
Фарҳод ПЎЛАТОВ,
Навоий вилоят ИИБ
ЁХБ бошлиқ ўринбосари,
майор.
Ortga qaytish |