Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > БИЛИМ ВА МАҲОРАТ СИНОВИ
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > БИЛИМ ВА МАҲОРАТ СИНОВИ

БИЛИМ ВА МАҲОРАТ СИНОВИ


16-12-2017, 17:39. Muallif: deputat
 


Куни кеча Навоий шаҳридаги "Ёшлар маркази”да "Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!” шиори остида "Маҳалла-менинг тақдиримда” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган  ёшлар ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказишди. 

Танловда вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Солиев сўзга чиқиб, маҳалланинг жамиятда тутган ўрни, анъана ва удумларимизнинг умрбоқийлиги ва ривожланишини таъминлашда ёшларнинг иштироки хусусида сўз юритди ҳамда танлов иштирокчиларини самимий қутлади.


– Маҳаллаларни ҳар томонлама ривожлантиришда ёшларнинг ролини ошириш, уларда ўзи яшаб турган маҳалласидан фахрланиш туйғусини шакллантиришда, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси  ҳақида кенг тасаввур ва билимга эга бўлишида мазкур танловнинг аҳамияти жуда юқори, – дейди  вилоят маҳаллалар кенгаши диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Р. Шербўтаева. – Кўрик-танловнинг туман ва шаҳар босқичларида  иштирок этган ёшларнинг маҳалла тизими ва унинг фаолиятига, ижтимоий-сиёсий жараёнларда иштирок этишга бўлган қизиқишлари мақтовга лойиқ эканлигига гувоҳ бўлдик.


Танлов якунига кўра, Учқудуқ тумани "Мустақиллик” маҳалласининг "Истиқбол” жамоаси биринчи ўринга лойиқ топилиб,  республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ўрин Нурота тумани "Алишер Навоий” МФЙнинг "Айнул Ҳаёт” жамоасига насиб этди. Зарафшон шаҳар "Геолог” МФЙ нинг "Зарли замин ёшлари” ҳамда Навбаҳор тумани "Юқори Бешработ” МФЙнинг "Шижоаткор ёшлар” жамоалари эса учинчи ўринга эга бўлишди.

Танлов қатнашчилари Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашининг диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдир­ланишди.

Д.РАЗЗОҚОВА,
жамоатчи мухбир.


Ortga qaytish