Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > Амир Темур ва Хазрати Бобур
Bosh sahifa > Navoiy shahri > Амир Темур ва Хазрати Бобур

Амир Темур ва Хазрати Бобур


15-02-2018, 15:31. Muallif: deputat



Хайриддин Султоннинг "Бобурийнома” асарида Бобур Мирзонинг мардлик ва мурувватда, заковат ва матонатда тенгсиз шахс эканлиги ҳақида кўплаб қимматли маълумотлар келтирилган. Унда "Бобурнома” ва "Темур тузук­лари” асаридаги воқеаларнинг фактлар билан тушунтирилганлиги бизни Бобур шахсига мафтун қилади. Айниқса, Амир Темур ва эвараси Бобурнинг муштарак жиҳатларига оид маълумотлар сизни қизиқтириши аниқ. 
Заҳириддин Муҳаммад Бобур улуғ бобоси – соҳибқирон Амир Темур да­ҳосидан ҳамиша руҳий қувват, маънавий куч олиб келган. Бу эса унинг дунё миқёсида буюк давлат ва маданият арбоби бўлиб етишувида муҳим аҳамият касб этган эди.
Ҳазрати Бобур шоҳ асари "Бо­бур­нома”да Темур номини зўр эҳтиром билан тилга олади. Унда муаллиф илк саҳифаларидаёқ ўз насл-насаби Амир Темурнинг олий шажарасига бориб тақалишини мамнуният билан қайд этиб ўтган.
Тарихчи олимларнинг Бобур жа­ҳон­гирлик шавкати, саркардалик санъати ва давлатдорлик сиёсати асосларини ўрганишда, шубҳасиз, беназир салоҳият эгасининг "Темур тузуклари” рисоласини мутолаа қил­ган” деган ўринли тахминлари асослидир. Чунки бу рисола ўз даврининг амалдорлару хонларига мамлакат бошқарувида муҳим қўлланма вазифасини ўтаганлиги тарихдан маълум.
Бу буюк саркардаларнинг бир мамлакатга юриш қилиши эса тақ­дирнинг битигидир. Амир Темур бу мамлакатни 1399 йилда ўз шону шавкати ва халқ манфаати учун эгаллаган бўлса, Заҳириддин Бобур ўз ҳокимияти қўлдан кетгач, янги давлатини тузиш учун "Ҳинд сори” юзланди.
Соҳибқирон Амир Темурнинг аксар ҳолларда жанговар юришлари олдидан Қуръони Каримга мурожаат қилиш одати олиму тарихчиларга яхши маълум. Буни қарангки, орадан неча аср ўтиб, бобоси анъанасини муносиб ворис сифатида Бобуршоҳ ҳам давом эттирди, дея оламиз. "Бобурнома”да ушбу жумлаларнинг келтирилиши фикрларимизни исботлайди. "Кишимизнинг озиға боқмай, Тенгрига таваккул қилиб, нақораларни қоқиб юрудук”. Яна бу арабча калиманинг келтирилиши, унинг мазмун-моҳияти "Темур тузуклари”да келтирилган оятнинг мазмуни билан бир хил эканлиги ҳам бизга асос бўлди. "Кам фиатан қалилатин ғалабат фиатан касиратан биизниллоҳ”, яъни "Худонинг амри билан кичик тўданинг катта тўданинг устидан ғалаба қилгани оз-мунча эмас”.
Бобур Мирзо ушбу воқеани хотирлаб, Парвардигорга беҳад шук­роналар айтади: "Таваккалимизга яраша Тенгри таоло ранж ва ма­шақ­­қатимизни зойиъ қилмай, мундоқ зўр ғанимни мағлуб қилиб, Ҳин­дус­тондек кенг мамлакатни мафтуҳ айлади”.
Фатҳ этилган Ҳиндистон ўлкасини, унинг пойтахтини кўздан кечирар экан, ғолиб подшоҳ яна соҳибқирон Амир Темурни тилга олади: "Деҳли Султон Алоуддиннинг илгида эди. Бу табақ сайиддур. Темурбек Деҳлини олғонда Деҳли ҳукуматини буларнинг оталариға бериб эди”.
Мана, икки жаҳонгирнинг бир ўлкага қилган ҳарбий юришлари ва шахсиятига дахлдор айрим хусусиятлардан хабардор бўлдингиз. Бироқ бу муштарак жиҳатлар фақат ҳарбий-жанговарлик соҳаси билангина чек­ланиб қолмаган. Соҳибқирон Темур ва Ҳазрати Бобурнинг ақл-заковат эгаларига, илм-фан аҳлига, санъат ва ҳунар усталарига нисбатан кўрсатган беқиёс меҳр-мурувватлари уларни бир-бирига янада яқинлаштиради. Зеро, уларнинг ҳар иккиси ҳам, аввало бунёдкор шахслар эдилар.  
Манбалар асосида 
Нилуфар АЛИЕВА
тайёрлади.


Ortga qaytish