Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > Юз билан юзлашган Ганнизамол момо
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar, Maqolalar > Юз билан юзлашган Ганнизамол момо

Юз билан юзлашган Ганнизамол момо


27-04-2018, 12:30. Muallif: deputat

Ўзбекистон саноатчилари 1941 йил охиригача 300 га яқин корхонани жанговар техника, қуроллар, ўқ-дори ишлаб чиқаришга мослаштириб, қайта қурдилар. Бу корхоналарда фронтга сафарбар этилган эркаклар ўрнини кексалар ва хотин-қизлар эгаллаган эди. Урушнинг дастлабки йилларида 20 мингга яқин тошкентлик хотин-қизлар саноат корхоналари ва қурилишларида, 1700 нафарга яқин аёллар кўмир кони шахталарида ишлашга сафарбар этилганлиги тарихдан маълум.

Худди шундай ҳолатни дунёнинг бошқа республикаларида ҳам кузатишингиз мумкин эди. Ҳозирда Навоий шаҳрида қизи, куёви ва набиралари даврасида кексалик гаштини сураётган Ганнизамол Галавеева ҳам ўша пайтларда меҳнатга сафарбар этилган қизлардан бири бўлади. У киши иккинчи жаҳон уруши даврини ўз хотираларида шундай жонлантирди.

– Ўша даврларда мен Тата­ристоннинг Атна туманида яшар эдим, 23 ёшдаги энг гў­зал қиз­лардан бири эдим, – дейди онахон. – Туманимиздаги 17 ёшга тўлган йигитлар ҳам жангга олиб кетилган дамлар, Атнада деярли эркак киши қол­ма­ган эди. Уларнинг юмушларини ҳам биз хотин-қизлар бажарганмиз. Татаристоннинг узоқ ўр­монларида дарахт кесар­дик. Ёш бўлишимга қарамай мени ўрмон кесувчиларга бош қилиб қўйишди. Кечаси билан қишлоқ аёлларига тўқиш сирларини ўргатар эдим. Бизлар жангчи аскарлар учун бўйинбоғ, қўлқоп ва пайпоқлар ҳам тўқиб топширардик. Тонг отмасдан нозиккина қўлларимизда арра, ўткир ва оғир болталар. Кесилган дарахтларни 3-4 киши бирга
кўтариб, юк машинасига ҳам ўзимиз ортганмиз. Қўлларимиз кесилиб, тирқираб қон сизиб турарди. Яра бўлган қўлларимиз битмасдан яна ўша ишга отланардик. Ишламасангиз оч қолар эдингиз. Меҳнатингиз ҳақига бир килограмм ун берилар эди. Айни қаҳатчилик, очарчилик ҳукмига олган замонлар...

Кўзларига ёш олган Ганнизамол она бироз сукутга чўмди.

– Чорасизлик, имкониятсизликдан азоб чекканман, – дея сўзида давом этди онахон. – Чунки кўз олдингизда очликдан жон таслим қилаётган юртдошингизга ҳеч қандай ёрдам бера олмайсиз. Тушунаяпсизми? Ҳеч қандай. Ўша ўрмонларда қанчадан-қанча ватандошларимиз қолиб кетди.

1956 йилларда молиявий аҳ­во­ли оғирлашган Г. Галавееванинг ака­си бахтини синаб кўриш мақ­са­­дида Ўзбекистон томонларга йўл олади. Сўлим Фарғона вилоя­ти­нинг Ёзёвон туманида акаси ўқи­тув­чилик билан шуғулланди, она­хон мактабда фаррошлик қилди.

– Мен қарияларни қадрлайдиган ва аёлларини ардоқлайдиган юртга келганлигимдан бахтиёрман. Негаки бундай бағрикенг ва меҳри дарё ўзбек халқининг эъзоз- эътиборидаман, – дейди қувонч билан Ганнизамол она. – Яратганга шукур, ўзим, фарзандларим ва набираларим соғ-омон. Энг муҳими диёримиз тинч-осуда. Фарғонадаги мактабда фаррошлик қилдим. Ҳалол ва фидокорона меҳнатларим инобатга олиниб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан 1994 йилда "Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Ёлғиз ёдгорим қизимни ўқитдим. Мана ҳозир Навоий шаҳри "Гулзор” маҳалласида умргузаронлик қилаяпман.

100 ёшимни шаҳар ҳокими
У. Халилов ва маҳалла фаоллари билан биргаликда нишонладик. Бу ажойиб воқеа менинг хотирамда бир умр сақланиб қолади. Менга ғамхўрлик қилиб келаётган "Гулзор” МФЙ фаоллари ҳурмат кўрсатиб совға-саломлар беришди. Айниқса, шаҳар ҳокимияти томонидан совға қилинган ногиронлик аравачаси айни дамда менга асқотаяпти. Унда набирам Илвира мени сайрга олиб чиқади. Шаҳримизда бўлаётган бунёдкорлик ва ўзгаришлардан баҳра олиб қайтаман. Тинчлик неъматларидан ҳам менга насиб қилган экан, осуда кунларда яшаб юрибман.

Ибодат ҚУВОНДИҚОВА,

ўз мухбиримиз.



Ortga qaytish