Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > Уруш номи боболар оғзидаги эртакларга айлансин
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Maqolalar > Уруш номи боболар оғзидаги эртакларга айлансин

Уруш номи боболар оғзидаги эртакларга айлансин


27-04-2018, 12:33. Muallif: deputat

1942 йил Ватани олдидаги муқаддас бурчини адо этишга, юрти шаънини ҳимоя қилишга шайланган кўпчилик ўзбек ўғлонлари қатори Раҳим бобо Эргашев ҳам жанг майдонига отланганида 18 ёшли норғул ва куч-ғайратга тўла йигитлардан эди.

97 ёшли пиру бадавлат отахон билан у кишига яқинда берилган кўп қаватли Президент уйида учрашдик. "Мурувват” маҳалласида жойлашган шинам ва ёруғ, замонавий талаблар даражасида жиҳозланган уч хонали уйда Раҳим бобо турмуш ўртоғи Ўғилой ая билан бугунги кунларига шук­рона келтириб, шоду хуррамликда яшамоқда.

– Машъум уруш вақтида ҳар қадамда ўлим билан юзма-юз келганимда бир кун келиб, менга шундай шароитларга эга уй берилиши хаёлимга ҳам келмаганди, – дейди кўзларига ёш олган Раҳим бобо суҳбатимиз аввалида. – Бунинг учун авваламбор Юртбошимизга миннатдорчилик билдираман. Жангларда тортган азобларим, кўрган заҳматларим эвазига мана бугун фарзандларим, невараларим бахту иқболини кўраяпман. Шундай тинч, осойишта юртда эъзозу эътибор остида яшаяпман.

Курск, Украина, Белоруссия, Япо­ния ва Германияда кечган қонли урушларда қўлида қуролини маҳкам тутган Р. Эргашевни бугун бутун маҳалла, қолаверса шаҳ­ри­миз аҳли ардоқлаб келмоқда.

– Урушнинг оқибатидан култепага айланган шаҳару-қишлоқ­лар­ни кўрдим, – дейди Раҳим бобо. – Бир да­қи­қа олдин ёнингда турган қурол­дошинг шундоқ олдингда қонга беланиб, тупроққа қоришиб ётади. Нима бўлаётганига ҳам тушуна олмайсан. Тинимсиз отилаётган ўқлар эса ёш ҳам, миллат ҳам танлаб ўтирмайди.

Уруш хотираларига берилиб кетган бобо мана шундай даҳшатли жангларнинг бирида яқин дўсти Ўроқ Эргашевни оёғидан яраланганида қандай қилиб қутқариб қолганлигини бор тафсилотлари билан сўзлаб берди.

Узоқ сукутда қолган отахонга бироз ҳалал бермасликни маъқул кўрдик.

– Дадам дўсти Ўроқ бобони кўп эслайдилар, – дейди отахоннинг кенжа қизи Назира Эргашева. – Навоийлик эканлиги ва фамилияси бир хил бўлганлиги учун улар қалин ўртоқларга айланишган. Ўртоғи билан бошидан кечирганларини бизларга деярли ҳар куни сўзлаб берадилар. Улар билан қариндошдек бўлиб кетганмиз, борди-келди қиламиз.

Дадам ҳам урушда учта жойидан ўқ еганлар. Оила даврасида йиғилган кезларимизда набиралари бу ҳақда қайта-қайта сўрашади. Илоҳим бундай кунлар боболар оғзидаги эртаклигича қолсин.

Раҳим бобонинг урушда кўр­сат­ган қаҳрамонликлари муносиб тақдирланди. 1994 йил "Жасорат”, 1995, 2005, 2010 йилларда эса юбилей медаллари топширилди.

Уруш фахрийсининг турмуш ўртоғи Ўғилой Эргашева ҳам халқи тинчлиги, юрт осойишталиги йўлида ўзбек хотин-қизлари қаторида матонат ила хизмат қилди. Улар оғир юмушларга жалб этилиб, эркаклар бажарадиган ишларга сафарбар қилинган эди. 1994 йилда онахонга Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан "Шуҳрат” медали, 1995 йилда эса юбилей медали тақдим этилди.

Урушдан кейин ҳам бу нуронийлар турли ташкилотларда матонатли хизмат қилишди, жамоат ишларида фаоллик кўрсатишди. Улар жорий йилнинг апрель ойида Юртбошимиз Ш. Мирзиёев­нинг "Иккинчи жаҳон уруши қат­наш­чиларини рағбатлантириш тўғ­рисида”ги Фармони ҳамда "Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эълон қилинганидан бошлари осмонда эканлигини айтишди.

Раҳим бобо ва Ўғилой ая давлат раҳбаридан миннатдор бўлиб, дуога қўл очишди. Улар Ўзбекис­то­ни­мизда ҳамиша тинчлик ҳукмрон бўлишини астойдил тилашди.

Ибодат ҚУВОНДИҚОВА.



Ortga qaytish