Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > Пашша – саломатлик душмани
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > Пашша – саломатлик душмани

Пашша – саломатлик душмани


8-07-2018, 15:19. Muallif: deputat



Ўлкамизда ёз мавсуми бошланиши билан саломатлик душмани бўлган пашшаларнинг кўпайиши бошқа ҳашаротларга қараганда кўпроқ учрайди. 
Асосан қолдиқ озиқ-овқатлар, чириган мева-сабзавотлар, канализация тармоғига уланмаган ҳожатхоналар ва ҳайвон гўнглари пашшаларнинг кўпайиши учун қулай шароит яратади.
Пашшалар жуда тез кўпайиб, ўзидан 1 миллионгача насл қолди­ри­ши мумкин. Аммо улар инсонлар соғлигига катта зарар етказади. Чунки улар ҳар хил ошқозон-ичак касалликлари билан оғриган беморларнинг қолдиқ овқатларига, уларнинг чиқиндиларига қўниб, касаллик микробларини ўз оёқла­рига ва қанотларига олишади ва кейин усти очиқ турган тоза озиқ-овқат­лар­га, мева-сабзавотларга қўниб, уларни зарарлайди. Одамлар бу овқат ва маҳсу­лотларни ювмай, артмай истеъмол қилишганида, уларга касаллик микроблари тезда юқади.
Демак, ошхонада ва овқатланиш вақтида асосан тозаликка эътибор беришимиз, сифатли егуликларни танлашимиз лозим. Ахлат қол­диқ­лари, чириган мева-сабзавотларни оғзи ёпиладиган идишларда сақлаб, уларни чиқинди ташлаш майдончаларига ўз вақтида олиб чиқиб ташлаш зарур. Ўз маҳаллангизда одамлар тўғри келган жойларга хонадонлардан чиқаётган чиқиндиларни тўкиб кетишларига йўл қўйманг. Чунки бундай шароитда атрофда микроб ташувчи пашшалар тез кўпаяди. Ҳайвон гўнгларини 5-6 метр­лик ўра қазиб, кўмиб ташланг, ҳожатхоналарга ош тузининг қай­ноқ эритмасини вақти-вақти билан қуйиб туринг. Хона деразаларига паш­шалар учиб кирмаслиги учун сим тўр ёки дока тутинг. Яшаш 
жойингизга кириб қолган пашшаларни йўқ қилиш учун уларни ўлдирадиган махсус ёпишқоқ қоғозлардан фойдаланинг.
Агарда уйингизда пашша кўпайиб кетса, яшаш жойингиздаги дезинфекция станцияларига мурожаат қилинг. Пашшаларни йўқотиш учун билиб-билмай тўғри келган дори воситаларидан фойдаланманг. Бу сиз ва атрофингиздагилар соғлиғи учун зарарлидир. 
Хулоса қилиб айтганда, соғлиғимиз душмани бўлган пашшалардан сақ­ла­­ниш, кундалик турмушимизда тозалик ва гигиена талабларига қатъий риоя этиш ўз қўлимизда. 

Муниса ЗАРИПОВА, Жамият  
саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий тадқиқот институти Навоий 
вилояти ҳудудий бўлинмасининг кичик илмий ходими.



Ortga qaytish