Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > ЯНГИ ЙИЛГА ЯНГИЧА ДУНЁҚАРАШ ВА ДАДИЛ ҚАДАМЛАР БИЛАН
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > ЯНГИ ЙИЛГА ЯНГИЧА ДУНЁҚАРАШ ВА ДАДИЛ ҚАДАМЛАР БИЛАН

ЯНГИ ЙИЛГА ЯНГИЧА ДУНЁҚАРАШ ВА ДАДИЛ ҚАДАМЛАР БИЛАН


31-12-2020, 12:24. Muallif: deputat

Навоий шаҳар ҳокими М.М.Базаровнинг

шаҳримиз аҳолисига Янги йил байрами табриги

 

Қадрли юртдошлар,

Азиз ҳамшаҳарлар!

Шу кунларда барчамиз учун қадрли бўлиб қолган 2020 йил билан хайрлашиб, янги - 2021 йилни кутиб олмоқдамиз.

Ортда қолаётган йилимиз шаҳримиз учун улкан ютуқлар, муваффақиятлар, шунингдек, ўзгаришлар, хайрли воқеалар йили сифатида тарих саҳифаларида муҳрланмоқда.

Янги йилни тинч-тотув, файзли, ҳавас қилса арзирли кунларимизга, тўкин дастурхонимизга шукроналик туйғуси, эртамизнинг янада файзли, мурувватли бўлишига қатъий ишонч билан кутиб олмоқдамиз. Поёнига етаётган йил барчамиз учун ҳам меҳнат ва матонат, сабр-қаноат, оғир ва синовли йил бўлди. Пандемия шароитида ҳамжиҳатлик ва аҳиллигимиз натижасида ортда қолаётган йилимизни муваффақиятлар билан якунламоқдамиз.

Барчамиз куни кеча Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тингладик. Бу тарихий мурожаатномада жорий йилда амалга оширилган беқиёс ишлар билан бир қаторда, келгуси йилда олдимизда турган улкан вазифаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Зеро, халқимиз ҳамиша ҳамжиҳатлик ва фидокорона меҳнат билан юксак марраларга эришган.

Давлатимиз раҳбари томонидан кириб келаётган 2021 йил мамлакатимизда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилинди. Бу ўз навбатида, келажак авлодни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга бу йил ҳар доимгидан-да юксак эътибор қаратилишига қўйилган дадил қадам бўлди.

Мурожаатномада таъкидланганидек: "Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз”. 

Эътироф этиш керакки, Президентимиз ташаббуслари билан 2020 йил давомида ҳам иқтисодиёт тармоқларини замон талаблари асосида модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу орқали ҳудудларнинг имкониятларини тўла юзага чиқариш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ташаббус ва таклифлар қўллаб-қувватланди.

Бугун барчамиз белгиланган лойиҳаларнинг молиявий, ташкилий жиҳатлари ҳал қилиб берилаётганлигининг амалий ифодасини ҳар бир соҳада сезиб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Энг муҳими, барча ҳаракатларимиз халқимизнинг турмуш шароитларини яхшилаш, оддий одамларнинг давлатдан, ҳаётдан рози бўлишига қаратилгандир.

Навоий шаҳрида ҳам жорий йилнинг ўтган даврида улкан бунёдкорлик, ободончилик ишлари амалга оширилди.

Кириб келаётган янги йилда ҳам бу хайрли ишлар изчил давом эттирилиб, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш борасида қатор ишларни амалга оширишни режалаштириб олганмиз.

Азиз ҳамшаҳарлар!

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барчан­гизни кириб келаётган Янги - 2021 йил билан самимий муборакбод этаман.

Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оила­вий бахт, Ватанимиз равнақи йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Янги йилда хонадонингиздан чексиз қувонч, файзу-барака, тинч­лик-осойишталик аримасин! Буюк ва муқаддас Ватан — жонажон Ўзбекисто­нимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин!

Янги йилингиз муборак бўлсин!
ЯНГИ ЙИЛГА ЯНГИЧА ДУНЁҚАРАШ ВА ДАДИЛ ҚАДАМЛАР БИЛАН

 

 

 


Ortga qaytish