Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > САҲРО ЎРТАСИДАГИ МЎЪЖИЗА
Bosh sahifa > Navoiy shahri > САҲРО ЎРТАСИДАГИ МЎЪЖИЗА

САҲРО ЎРТАСИДАГИ МЎЪЖИЗА


5-09-2014, 13:44. Muallif: deputat

САҲРО ЎРТАСИДАГИ МЎЪЖИЗА
Биласизми? Куни-кеча Навоий шаҳри 56 ёшни қаршилади. 1958 йил 3 сентябрда Навоий шаҳрига асос солинган, шунингдек Навоий кон металлургия комбинати ташкил этилган.
Шаҳримизнинг Алишер Навоий  номига қўйилишида Ш.Рашидов, А.Рўзиев, И.Ниёзметов, И.Норов каби фаол инсонларнинг саъй-ҳаракати ва хизматлари унутилмасдир.
       Ўтган давр ичида  шаҳар наинки вилоятда, балки мамлакатда ўзининг бетакрор қурилиш мажмуалари, йирик ва нуфузли саноат корхоналари, қолаверса, иқтисодий салоҳияти билан довруғ таратди, десак муболаға бўлмайди.Муаззам маъмурий иншоотлари, маданий-маиший объектлар, кенг ва равон йўллар, истироҳат боғлари, хиёбонлар бугун барчани ўзига мафтун этади.
"Навоий вилояти деганда, бағрида беҳисоб табиий бойликларни – олтин ва кумуш дейсизми, мармар ва фосфорит дейсизми, уран ва кварц дейсизми, феруза ва оҳактош дейсизми – мухтасар айтганда, ўзида бутун Менделеев жадвалини мужассам этган саховатли бир заминни тасаввур қиламиз....
Шунинг учун ҳам Навоий воҳасини Ўзбекистоннинг олтин сандиғи, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз” деб таъриф берганлар муҳтарам юртбошимиз И.Каримов.
Шаҳримизга хориждан, пойтахтдан ёки бошқа ҳудудлардан  ташриф буюрган меҳмонлар, таниқли инсонлар бу замин нақадар такрорланмас ўзига хос ажойиб, замонавий меъморчилик ва шаҳарсозлик анъаналарига мос қилиб қурилгани, турли миллат ва эллат вакиллари баҳамжиҳатликда корхона ва ташкилотларда меҳнат қилишаётгани, айниқса уларнинг кўнгли очиқ инсонлар эканлигидан, кўча ва хиёбонларнинг обод ва кўркамлигидан ҳайратланишганини бир неча бор таъкидлашган.
Навоийни билган  Куба Президенти Раул Кастро: "Гавана океан ўртасидаги мўъжиза бўлса, Навоий саҳро ўртасидаги мўъжиза экан” дея таъриф берган. Ёки космонавт учувчимиз Владимир Жонибеков: "Бу ажиб шаҳар менда хотирадан кетмас жуда катта таассурот қолдирди.
Қўшиқлари турли миллат халқлари қалбидан жой олган таниқли қўшиқчи Иосиф Кобзон: "Бу гўзал шаҳарни қурган ва барпо этган меҳнаткаш халқ унинг ҳақиқий эгаларидир. Шаҳарда инсоннинг ҳар томонлама ҳаёт кечириши учун барча шарт-шароитлар муҳайё.”
Машҳур француз ёзувчиси Макс Поль Фуше: "Мен шоир ва ёзувчи сифатида Ўзбекистондаги ҳаётни ижодий жараёнга ўхшатдим. Навоий шаҳри қад ростлаган фусункор боғ бўлиб, сеҳрли саҳронинг юрагидир. Навоий шаҳри менда бетакрор макон, санъатнинг такрорланмас намунаси сифатида чуқур таассурот қолдирди. Атрофдаги саҳронинг мафтункорлиги ва сирлийлиги бу ер одамларининг эрки, куч-қудрати ва маданиятидан дарак бериб турибди.”
Франция Миллий комитет ассоциацияси аъзоси Роз Герен: "Бу шаҳар ўз гўзаллиги ва мафтункорлиги билан бизни ўзига маҳлиё қилди".
Халқаро санъат ассоциацияси Президенти Дан Хаулик:
"Жаҳон тажрибасида илк бор чўл бағрида барпо этилган навқирон саноат шаҳрини кўриб турибмиз. Бу шаҳар Марказий Осиёда алоҳида ажралиб туради. Буюк мутафаккир номига қўйилиб, шоирнинг номи шаҳар аҳолисига бир умрлик маънавий жиҳатдан юксалишни инъом этди".
Бугун шаҳарнинг гўзал кўча ва хиёбонлари, автобус бекатлари, обод майдонлар, бино ва боғларни кўриб халқимизнинг азалий орзулари ушалаётганининг гувоҳи бўласиз. Навоийликлар ўз туғилиб ўсган масканларининг янада чирой очиб бораётганидан фахр-ифтихорга тўлиб яшамоқдалар.
 


Ortga qaytish