Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > ТЎҚҚИЗ ОЙЛИК НАТИЖАЛАР САРҲИСОБИ
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > ТЎҚҚИЗ ОЙЛИК НАТИЖАЛАР САРҲИСОБИ

ТЎҚҚИЗ ОЙЛИК НАТИЖАЛАР САРҲИСОБИ


11-11-2014, 09:18. Muallif: deputat

ТЎҚҚИЗ ОЙЛИК НАТИЖАЛАР САРҲИСОБИ

Навоий шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида ҳоким ўринбосарлари, ташкилот, корхона ва муассасалар, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирокида жорий йилнинг 9 ойлигида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари бажарилишини таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Шаҳар ҳокими Нематилло Ахатов бошқариб борган тадбирда дастлаб  “Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 17 январдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов томонидан белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.

Унда таъкидланганидек, бугунги кунда шаҳримизда барқарор иқтисодий ўсиш ҳажми сезиларли даражада ошишига эришилди. Натижада 2014 йилнинг 9 ойи якуни билан амалдаги нархларда 1417,2 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 107,5 фоизга бажарилди. 

Шунингдек, ҳисобот даврида шаҳарда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 94 486,0 миллион сўмни ташкил этди.

Барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 202,5 миллиард сўмлик инвестициялар жалб этилиб, шундан 15,5 миллиард сўми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. 85 та янги ишлаб чиқариш ва 124 та хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилиб, 980 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. 

Кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақса­дида 113,3 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилиб, 1610 та иш ўринлари барпо этилди.

Шу билан бирга шаҳарда ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан экспорт ҳажми 20,5 миллион долларга етказилди.

Амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 6072 та янги иш ўринлари яратилди. Шаҳар ҳудудидаги 188 та корхона ва ташкилотларда 1826 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун квота иш ўринлари барпо этилди.

Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг якуни, мева-сабзавотлар захирасини яратиш, Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент фармон, қарор ва фармойишлари ҳамда ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш ва унинг мониторингини ташкил этиш борасида ҳокимликда 2014 йилнинг 9 ойи, жумладан, 3-чоракда амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.

Йиғилишда вилоят ҳокимининг 1-ўринбосари А.Эшонқулов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Абдували БЎРИЕВ.

 


Ortga qaytish