Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > ҲАР КУНИМИЗ НАВРЎЗ БЎЛСИН!
ҲАР КУНИМИЗ НАВРЎЗ БЎЛСИН!23-03-2015, 20:44. Muallif: deputat |
Байрамона безатилган, янада чирой очган Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида "Фарҳод", "Ширин" маданият саройи бадиий дасталарининг чиқишлари, таниқли хонанда-созандаларнинг юртимизни мадҳ этган куй-кўшиқлари янгради. Қадимий Наврўз ўйинларидан варрак учириш, арқон тортиш, дорбоз томошалари, хўроз уруштириш, миллий кураш билан бир қаторда, мини футбол, волейбол, шахмат-шашка, армрестлинг, дзюдо каби спорт турларидан мусобақалар ҳам ўтказилди. Шунингдек, рассомларнинг санъат кўргазмалари, ёшлар учун "Камолот" ЁИҲ вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирлар, савдо ярмаркалари Наврўз сайлининг асосини ташкил этди. Бу каби байрам сайиллари вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида, қишлоғу маҳаллаларида бўлиб ўтди. Жумладан, йирик саноат корхоналаридан бири "Qizilqumsement" АЖда байрам кўтаринки кайфиятда нишонланди. Акционерлик жамиятининг 3500 нафарли жамоаси байрамни дўстлик, биродарлик, шодлик ва тўкинчилик билан кутиб олишди. Cайил учун ажратилган майдонда баҳор кайфиятини берувчи махсус декорациялар яратилди. Миллий байрамни тараннум этган шиорлар, кўргазмалар билан безатилди. Тантаналар учун ўрнатилган саҳнада вилоятнинг таниқли санъаткорларидан ташқари, корхонанинг ҳаваскор қизиқчилари, ашула ва рақс ансамбллари, лапар ва ўлан ижрочилари мазмунли чиқишлар билан меҳмонларни қарши олишди. Тадбирни "Qizilqumsement" АЖнинг бош директори Рустам Айходжаев очди ва йиғилганларни байрам билан табриклаб, хушкайфият тилади. Шундан кейин корхонанинг катта майдонида 42 та бўлинма иштирокида миллий таомлар, баҳор пишириқлари кўргазмаси ўтказилди. Ҳалим, гўжа, норин, палов, сумалак сингари 50 дан зиёд ўзбекона таомлар қаторида озарбайжонларнинг пахлава, хачапури, татарларнинг қуймоқ ва корейсларнинг кимчилари дастурхонни безади. Бир-биридан чиройли, кўркам дастурхон эгаларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. — Наврўзни қандай кутиб олсанг, йил шундай ўтади, деган нақл бор, — дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Нуриддин Жуманиёзов. — Шу сабабдан ҳам тўқчилик, тўкинчилик бўлсин, деб дастурхонлар турли ноз-неъматларга тўлдирилади. Сайилда барча бўлинмалар ўртасида баҳорий таомларга бой дастурхон кўрик-танловини ўтказдик. Унда 1-ўринни электр таъминлаш бўлинмаси қўлга киритди. Энг яхши дастурхон ва саҳна безаги танловида темир йўл ва юклаш бўлинмаси ходимларининг қўли баланд келди. Катта саҳнада қўшиқ айтаётган, рақс тушаётган завод ишчиларини ҳақиқий санъаткорлардан ажратиб бўлмай қолди. "Энг яхши бадиий чиқиш” танловида таъмирлаш корхонаси биринчи ўринни эгаллади. 2-ўрин корхона бошқармаси ишчиларига насиб этган бўлса, ўзининг ижодкорлиги билан ҳаммани қойил қолдирган тоғ-кон мажмуаси ишчиларига 3-ўрин берилди. Байрамда спорт мусобақаларига кенг ўрин берилди. Белига белбоғини чандиб боғлаган курашчи йигитлар, қўчқор уруштирган ишқибозлар, тош кўтариш, арқон тортиш мусобақаларида ғайратини кўрсатган ишчилар қимматбаҳо совринларни қўлга киритди. Ortga qaytish |