Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > БИЛИМЛАР САРИ ЧОРЛАР БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > БИЛИМЛАР САРИ ЧОРЛАР БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ

БИЛИМЛАР САРИ ЧОРЛАР БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ


5-09-2015, 18:22. Muallif: deputat
Атроф тилларанг тусга кириб, табиатнинг яна бир фасли – олтин куз кириб келди. Ёз бўйи мириқиб дам олган ўғил-қизлар яна мактаб томон йўл олишди. Иккинчи сентябрь – Билимлар куни ўқувчиларни ўз бағрига чорлади. Бошланган янги ўқув йилида шаҳримиз мактабларининг 1-синфларига 2985 нафар ўқувчи қабул қилинди. Барча таълим муассасалари сингари 5-умумтаълим мактабида ҳам "Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида янги ўқув йилининг бошланиши – Билимлар куни тадбири бўлиб ўтди. 596 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мактабнинг 1-синфларига бу йил 68 нафар жажжи ўғил-қизлар қабул қилинди. Сабрина Багирова ҳам ўқувчи бўлганлигидан жуда мамнун. – Мен илк бор мактабга қадам қўйдим, – дейди у қувонч ва ҳаяжонларини яширолмасдан. – Устозларимиз бизни илиқ қарши олишди. Турли ўқув қуролларидан иборат Президент совғаларини беришди. Энди маза қилиб шу ерда таҳcил оламиз. Билимлар куни тадбири шаҳардаги 17-умумтаълим мактабида ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Мактаб узра жаранглаган давлатимиз мадҳияси ҳар бир ўғил-қизни ўқишга, илм чўққиларини забт этишга ва янги мақсадлар сари дадил интилишга ундади. – Таълим масканимизда 7 та 1-синфлар мавжуд бўлиб, бу йил уларга 242 нафар ўқувчи қабул қилинди, – дейди мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Шалола Тилавова. – Қаранг, бугун ҳар бир ўқувчининг кўзларида чексиз ҳаяжон, юзларида қувонч ва шодлик акс этиб турибди. Аминманки, бу ёшлар чуқур билими, кенг дунёқараши ва ақлу заковати билан эртанги келажагимизнинг муносиб эгалари бўлишади. Маънавий-маърифий тадбирда сўз олган фахрий ўқитувчилар, зиёлилар юртимиз ўтмиши, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, юксак бунёдкорлик ишлари тўғрисида гапиришди. Ўқувчилар озод ва обод Ватан, мустақиллик, бахт ва тинчлик ҳақида куй-қўшиқлар ижро этишди. 1-синф ўқувчиларига 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари топширилди. Шу куни барча синфларда "Биз кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик?” мавзусида мустақиллик дарслари ўтилди. 

Ortga qaytish