Bosh sahifa > Navoiy shahri > ЎЙНАБ-КУЛАР ЖАЖЖИЛАР БУНДА
ЎЙНАБ-КУЛАР ЖАЖЖИЛАР БУНДА3-11-2015, 20:09. Muallif: deputat |
Бугунги кунда юртимизда ҳар томонлама баркамол, ақл-заковатли
фарзандларни вояга етказиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бунда мактабгача таълим муассасаларининг ҳам муносиб ўрни бор. Навоий шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик
таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли 20-сон "Ғунча” мактабгача таълим
муассасасида болажонларнинг илмнинг илк сабоқларини олишлари, ўйнаб-кулишлари
ва мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Таълим
муассасасида 340 нафар ширинтойлар "Турнача”, "Кўзача” ва "Шотут” каби 12 та
гуруҳга бўлиниб, тарбияланади. Маскан ҳовлиси шинам, тоза ва озода. Келаси
баҳорда гуллаб-яшнаши учун ҳозирдан тайёргарлик кўрилиб, турфа гуллар кўчатлари
ўтқазилган. Деворларида турли мультфильм қаҳрамонлари тасвирланган бўлиб, бу
болажонларни ҳар доим ўзига жалб этиб туради. – Муассасамизга икки ёшдан етти ёшгача бўлган болалар қабул
қилинади, – дейди МТМ мудираси Шаҳло Тоирова. – Боғчамизда ҳар бир кун спорт
раҳбари томонидан гуруҳларда алоҳида соғломлаштириш машғулотлари билан
бошланади. Муассасамизда инглиз тили, мусиқа, рақс, "Зумрадойлар давраси” ва
бадиий ҳамда спорт гимнастикаси тўгараклари мавжуд. Болажонларга 32 нафар
тажрибали педагогларимиз таълим-тарбия сабоқларини бериб келишаяпти. Жажжилар масканидаги спорт ва мусиқа заллари ҳозирги
талаблар асосида жиҳозланган бўлиб, тарбияланувчилар учун барча шароитлар
яратилган. Бундан ташқари, гуруҳлар хоналари шинам, кенг ва ёруғ. Шунингдек,
ҳар бир хона кутубхона билан бойитилган. Улардаги телевизорлардан эса
кичкинтойлар "Болажон” каналини томоша қилиб, мароқли ҳордиқ чиқаришлари
мумкин. Муассасада мактабгача ёшдаги болалар ривожланиши учун қўйиладиган
давлат талаблари, шунингдек, "Болажон” дастури асосида юқори гуруҳ
тарбияланувчилари учун бошланғич таълим сабоқлари, математика ва инглиз тили
ўргатилиб келинаяпти. Жажжиларни яхши парваришлаш мақсадида овқатланиш
таомномасига 24 хилдаги витаминларга бой маҳсулотлар киритилган. Масканда ҳар бир байрам кўтаринки руҳда кичкинтойлар учун
қизиқарли тарзда ўтказилади. Унга ота-оналар ҳам таклиф этилиб,
тарбияланувчилар томонидан турли томошалар, шеър ва қўшиқлар ижро этилиши
анъанага айланган. Шунингдек, ҳар ойда бир марта ота-оналар билан ҳамкорликда
тадбирлар ва болалар соғлиги борасида суҳбатлар ўтказилиб келинмоқда. Хулоса қилиб айтганда, мактабгача таълим масканида яратилган
бундай қулайликлардан болажонларнинг ҳам, ота-оналарнинг ҳам қувончи чексиз. Ortga qaytish |