Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > КЕКСАЛАР ЁШЛАР АРДОҒИДА
Bosh sahifa > Navoiy shahri > КЕКСАЛАР ЁШЛАР АРДОҒИДА

КЕКСАЛАР ЁШЛАР АРДОҒИДА


9-12-2015, 18:47. Muallif: deputat
   Шаҳримиздаги 16-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида "Кексаларни эъзозлаш йили” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишлаб "Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним” шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда шаҳар халқ таълими тизими бўлими ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда ота-оналар, "Баҳор” ва "Умид” маҳаллалари фаоллари иштирок этишди. Мактабдаги байрам шукуҳи дилларни яйратади. Айниқса, "Моҳир қўллар” тўгараги ўқувчилари томонидан ташкил этилган кўргазма намойиши барчага манзур бўлди. – "Биз ҳар ишда ўрнакмиз” шиори остида ўтаётган кўргазма намойиши нафақат ўқувчилар, балки тадбир иштирокчиларида ҳам катта қизиқиш уйғотди, – дейди тўгарак раҳбари Қуралой Қўзиева. – Айниқса, нуроний онахонларимиз ўқувчиларга тўқиш ва тикиш маҳорати сирларини ўргатиб, дастрўмолчалар четига чиройли нақшлар солишди. Айни пайтда 15 нафар қизлар қатнашаётган тўгарак ва маҳаллада яшовчи ана шундай онахонларнинг доимий ҳамкорлигини йўлга қўйиш ниятидамиз. Биз эпчиллик билан бежирим нақшлар солиб, бош кийими тўқиётган 4-синф ўқувчиси Гулзира Ҳамидовани суҳбатга тордик. – Ёшлигимдан тўқувчилик санъатига қизиқишим катта, – дейди у мамнуният билан. – Уйда онамдан ўрганганларимни тўгаракда қатнашиб, янада сайқаллаштирдим. Меҳнатим орқали шундай чиройли кийимчалар яратганимдан завқланаман. "Уч авлод вакиллари учрашуви” доирасида ўтказилган тадбирда ўқувчилар билан кекса отахонларнинг шахмат, шашка ўйинидаги баҳслари иштирокчиларнинг қизиқишини янада орттирди. Шундан сўнг, мактабнинг 5 та синфида очиқ дарслар ўтказилди. Унда "Кексаларни эъзозлаш-тинчлик, фаровонлик ва файзу барака ифодаси”, "Конституция – бахтимиз қомуси”, "Конституция – ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати” мавзуларида нуронийлар билан давра суҳбатлари ўтказилиб, юртимизда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди. Ватанимиз тинчлигини асраш, сарҳадларимиз дахлсизлиги ҳар бир фуқаронинг масъулиятли бурчи эканлиги алоҳида таъкидланди. Тадбир якунида ўқувчилар томонидан тайёрланган концерт дастури, кекса авлод вакиллари ижросидаги куй-қўшиқларга ҳамоҳанг тарзда давом этди.

Ortga qaytish