Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > ҲАЗРАТ НАВОИЙГА ЭҲТИРОМ
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > ҲАЗРАТ НАВОИЙГА ЭҲТИРОМ

ҲАЗРАТ НАВОИЙГА ЭҲТИРОМ


15-02-2016, 09:49. Muallif: deputat
   Навоийликларнинг буюк мутафаккир, жамоат ва давлат арбоби, ўзбек тили ҳамда мумтоз адабиётининг асосчиси, халқимизнинг фахру ғурури Алишер Навоийга ҳурмату эҳтироми ўзгача. Бу улуғ аждодимиз таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан унинг номи билан аталувчи вилоятнинг шаҳару туманлари, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларида бўлиб ўтган аллома ҳаёти ва ижодий меросига бағишланган илмий-амалий конференциялар, адабий-бадиий кечалар, мушоираларда яна бир бор ўз ифодасини топди. Шоирнинг таваллуд санасига бағишланган бош тантаналар 9 февраль куни эрта тонгдан вилоят марказидаги унинг номи билан аталувчи марказий маданият ва истироҳат боғида алломанинг улуғвор ҳайкали пойига гуллар қўйиш маросими билан бошланди. Бу ерда тўпланган юз-юзлаб навоийликлар, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, корхона, ташкилот ва муассасалар, жамоатчилик вакиллари ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйиб, буюк инсонпарвар шоир даҳосига ҳурмат бажо келтиришди. – Алишер Навоий ҳаёти, адабий-бадиий меросига бўлган эътибор ва муносабат мустақиллик йилларида ўзгача мазмун-моҳият касб этди, – дейди филология фанлари доктори, Навоий давлат педагогика институти профессори Абдуҳамид Холмуродов. – Унинг деярли барча асарлари қайта нашрга тайёрланиб, чоп этилди ва мамлакатимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борди, десам муболаға эмас. Айниқса, фарзандларимизнинг эсини танибоқ, улуғ аждодимиз маънавият сарчашмасидан баҳраманд бўлаётганлиги, Навоийни таниётганлиги, англаётганлиги қувончли ҳолдир. Унинг асарлари бугун мамлакатимизда маънан баркамол авлодни тарбиялаш, миллий истиқлол ғоялари тантанаси йўлида хизмат қилаяпти. Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги тантаналари шоир достонининг қаҳрамони Фарҳод номига қўйилган муҳташам маданият саройида давом этди. "Навоийга эҳтиром” мавзуидаги адабий-бадиий байрам тадбирида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, тантана қатнашчилари ва меҳмонларини муборак сана билан қутлади. – Алишер Навоий миллатимиз ғурури, шаъни ва шарафини оламга танитди, – деди жумладан вилоят раҳбари. – Бугун ҳам унинг битмас-туганмас маънавий мероси бутун дунё маънавиятини бойитмоқда. Вилоятимизда эса у ҳар дамда биз билан ҳамдам ва ҳамнафасдир. "Фарҳод” ва "Ширин” маданият кошоналари, Навоий номига қўйилган вилоят ҳамда шаҳар, боғ ва кўчалар халқимизнинг шоирга бўлган ҳурмат-эҳтироми ифодасидир. Қолаверса, истиқлол йилларида барпо этилган спорт иншоотларида Фарҳодлар, таълим-тарбия ва маънавий-маърифий масканларда эса бўлажак алломалар камолга етишмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорликлар эса шоир достонларида куйланган бунёдкорликларга уйғундир. Адабий-бадиий кечадан ўрин олган Навоий ғазаллари асосидаги концерт дастури барчага манзур бўлди.

Ortga qaytish