Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > МЕҲР-МУРУВВАТ ВА ГЎЗАЛЛИК АЙЁМИ
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > МЕҲР-МУРУВВАТ ВА ГЎЗАЛЛИК АЙЁМИ

МЕҲР-МУРУВВАТ ВА ГЎЗАЛЛИК АЙЁМИ


15-03-2016, 18:15. Muallif: deputat
    Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ Юртбошимиз раҳнамолигида халқ тарихи, урф-одат, анъаналарини қайта тиклашга алоҳида эътибор қаратилиб, элнинг эътиқоди, тили, дини, қалбида қадр топган қадриятлари ўзига қайтди. Эндиликда азалий анъаналарни мужассам этган муборак айёмлар, азиз шодиёналар элда безавол нишонланмоқда. Кўнгилда хотиржамлик билан халқ бугун ҳам бир-бирини йўқлаб, яқинлари ҳолидан хабар олишади, муборак айёмни нишонлашади. Наврўз билан бирга янгиланиш, руҳий покланиш, табиий ва маданий бойликларни сақлашга чорлаш, атроф-муҳитни тартибга солиш, ободонлаштириш, аҳоли ўртасида меҳр-мурувват, дўстлик, аҳиллик, биродарликни мустаҳкамлаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик, тотувликни ривожлантириш омиллари ҳам кучайди... Наврўз байрамининг сарчашмалари қадимги аждодларимизнинг коинот, қуёш, ерга бўлган эътиқодлари асосида вужудга келган. Бундан 4-5 минг йил илгари аждодларимиз қуёшни энг буюк куч, ҳаёт чашмаси, ёруғлик ва иссиқлик манбаи, деб билишган, унга атаб махсус маросимлар ўтказишган. Шу йўсинда митраизм – қуёшпарастлик, унинг замирида эса оташпарастлик шаклланган. Зардуштийлар оловни қуёшнинг ердаги зарраси – фарзанди, деб билиб, қиш ва эрта баҳордаги маросимларда катта гулханлар ёқиб, қиш совуғини "ҳайдашган” ва кўкламни "чақиришган”. Қадимги халқларда урф бўлган бундай маросимлар кейинчалик дунёнинг кўпгина ҳудудларига ёйилиб, турли анъаналар билан бойитилган. – Бу қутлуғ кунда маҳалла аҳли бир-биридан ҳол-аҳвол сўраб, эшик қоқишади. Момоларимиз "Ўзбекнинг ҳислати унинг меҳмондўстлигида”, деб бежизга айтишмаганда, – дейди шаҳримиздаги "Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Гулнора Умматова. – Бир пиёла чой устида кўнгил сўраб, кекса отахону-онахонларимизнинг дуосини оладилар. "Қариси бор уйнинг-париси бор”, деган нақл қадимдан қолган. Уйнинг фариштаси бўлиб ўтирган қариялар суҳбатидан баҳраманд бўлиш, инсонга ўзгача завқ бағишлайди. Қор бағридан илк бор мўралаган бойчечакни ҳам кўзга суриб, тўтиё айлаш ана шундай нуронийларимиздан қолган анъана... Бу муборак кунни покланиш, меҳр-мурувват, гўзаллик айёми дейиш мумкин. Бу тонг атроф орасталаниб, ёши улуғлар ҳолидан хабар олинади. Айниқса, янги келин туширган хонадонларга кириб, келин қўлидан бир пиёла чой ичиш азалий қадриятларимизнинг ёрқин ифодаси, муҳаббат, бахт каби юксак тушунчалар, орзу-умидлар, эзгу ниятларнинг дебочасидир. Самимий туйғулар, пок ниятлар билан йўғрилган бу муборак кунда кўнгиллар кўнгилларга пайванд бўлиб, меҳр ришталари янада мустаҳкамланади. Зеро, халқимиз меҳнаткаш, меҳмондўст, дўстларга ҳамиша бағри очиқ эл сифатида дунё халқлари орасида алоҳида эътироф этилар экан, бу инсоний фазилатлар ана шундай қутлуғ айёмларда яна бир карра намоён бўлади.

Ortga qaytish