Bosh sahifa > Navoiy shahri, Doimiy komissiyalar > БОЛАЖОНЛАР ҚАЛБИГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
БОЛАЖОНЛАР ҚАЛБИГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ22-03-2016, 12:16. Muallif: deputat |
"Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида ҳамда
Наврўз байрами муносабати билан шаҳримиздаги Меҳрибонлик уйида "Меҳрибонлик уйи
тарбияланувчилари – депутатлар эътиборида” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашининг саноат, транспорт,
қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш доимий
комиссияси томонидан ўтказилган тадбирда шаҳар Кенгаши депутатлари, ушбу
муассаса педагог ва тарбияланувчилари ҳамда Навоий давлат педагогика институти
вакиллари иштирок этди. Учрашув аввалида депутатлар масканда тарбияланувчилар учун
яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, иқтидорли ўқувчиларнинг қўл меҳнати
билан яратилган ижодий ишлар кўргазмасини томоша қилдилар. Айниқса, бу ердаги
"Моҳир қўллар”, "Бисер тикиш”, "Ёш рассомлар” тўгараги аъзоларининг ижодий
ишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, шаҳардаги мусиқа ҳамда
болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига қатнаётган иқтидорли ўқувчиларнинг
чиқишлари барчага байрамона кайфият улашди. Депутатлар бир пиёла чой устида битирувчи ўғил-қизлар билан
дилдан суҳбат қуриб, ёшларнинг орзу-интилишлари, таълимнинг кейинги босқичида
улар қайси йўналишларда ўқишлари тўғрисида ўзаро фикр алмашдилар. Меҳмонлар
муассасанинг спорт, санъат, таълим ва адабиёт йўналишларида барчага намуна
бўлаётган, кўрик-танловларда юқори ўринларни эгаллаган иқтидорли ўқувчиларига
эсдалик совғаларини тақдим этишди. Энг фаол тарбияланувчиларга доимий комиссия томонидан
ташаккурномалар топширилгани ўқувчилар қалбига кўтаринки кайфият улашди. Чинакам байрамона руҳда ўтган тадбирда Навоий давлат
педагогика институти жамоаси ташаббуси билан сумалак сайли ҳам бўлиб ўтди.
Каттаю кичик барча иштирокчилар дошқозон атрофида жам бўлишиб, энг яхши эзгу
ниятлар билан сумалакни пиширишга ўз ҳиссасини қўшдилар. Тадбир якунида болаларнинг она Ватанни, тинчлик ва озодликни,
Наврўзи оламни, фусункор баҳорни мадҳ этиб куйлаган қўшиқлари дилларга ажойиб
байрам шукуҳини бахш этди. Ortga qaytish |