Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > БОЛАЖОНЛАР ҚУВОНЧИ ЧЕКСИЗ
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > БОЛАЖОНЛАР ҚУВОНЧИ ЧЕКСИЗ

БОЛАЖОНЛАР ҚУВОНЧИ ЧЕКСИЗ


3-06-2016, 18:45. Muallif: deputat
     Шаҳар бўйлаб нишонланаётган байрам Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида янада қизғин тус олди. Ёшу қари бирдек дорбоз ўйинини мароқ билан томоша қилишди. Байрам арафасида боғда ҳақиқатан ҳам ҳаёт қайнаган. Жажжиларнинг бири музқаймоқ, яна бири шар кўтарганча завқ билан байрам гаштини суришаяпти. Барчасининг мунчоқдек кўзларида қувонч балқийди. Орзулари осмон болажонлар худди эртаклар оламига тушиб қолишгандай, арғимчоқларда маза қилиб учишмоқда. – Фарзандларимнинг қувончига қувонч улашиш мақсадида истироҳат боғига келдик, – дейди суҳбатдошимиз Юлдузхон. – Бу ер уларга жуда ёқади. Сўлим табиат бағрида болалар дам олиши учун яратилган шарт-шароитлар кишиларни ўзига мафтун этади. Айниқса, мусиқа садолари остида фавворанинг ранг-баранг тўлқинланиши кайфиятни кўтаради. Боғдаги ранг-баранг аттракционларни кўриб, кичкитойларимнинг ҳайратдан кўзлари порлаяпти. Бугун атрофдаги байрам шукуҳини, ўғил-қизлар шодлигини кўриб, ўзим ҳам жуда хурсанд бўлдим. Ҳа, кичкинтойларнинг қийқириғи, шодон кулгусидан боғда байрам авжида эканлигини англаш қийин эмас. Жажжи болажонлар бу ерда уюштирилган концерт дастурини томоша қилиб, рақсга тушишди, қўшиқ ижро этишди. Бу ерда Навоий шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, маданият ва спорт ишлари бўлими ҳамда Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида "Ҳар бир болага меҳр – эътибор!” шиори остида, "Болалар – бахтли келажагимиз” мавзусида тадбир ташкил этилди. Унга шаҳар ҳудудида яшовчи 100 нафар кам таъминланган оила фарзандлари таклиф этилиб, уларга музқаймоқ, ширинликлар ва салқин ичимликлар улашилди. Айниқса, ҳайвонот боғига уюштирилган саёҳат болажонларга манзур бўлди. Кичкинтойларнинг севимли масканига айланган ушбу боғ ёз мавсумида доимо гавжум. Бу ерда нафақат болалар, балки улар билан бирга келган ота-оналар, бобо-бувилар ҳам маданий дам олишади. Зеро, тинч-осуда, осмони мусаффо юртимизга ана шундай қувончли кунлар, шодиёналар ярашади.

Ortga qaytish