Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > МАЛАКАЛИ ВА МАЪНАВИЯТЛИ МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАНМОҚДА
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > МАЛАКАЛИ ВА МАЪНАВИЯТЛИ МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАНМОҚДА

МАЛАКАЛИ ВА МАЪНАВИЯТЛИ МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАНМОҚДА


30-06-2016, 17:28. Muallif: deputat
     Истиқлол йилларида мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини ҳар томонлама юксалтириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бераяпти. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан 1995 йилнинг 7 июлида Ўзбекистон кон-металлургия мажмуининг устувор ривожланиши ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш саноати учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаб бериш мақсадида Навоий давлат кончилик институтининг ташкил этилганлиги ҳам бугунги кунда зарур соҳаларни малакали кадрлар билан таъминлаш имконини берди. Мамлакат тараққиёти ва куч-қудрати мавжуд табиий бойликлари ва иқтисодий имкониятлари билан бир қаторда илм ва маърифат, инсоннинг интеллектуал ҳамда маънавий салоҳияти билан ҳам белгиланади. Институт педагогик жамоасининг маънавий-ахлоқий, тарбиявий йўналишдаги бош вазифаси – талаба-ёшларни она Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига садоқатли, етук, давр талабига жавоб берадиган рақобатдош юқори малакали мутахассис кадрлар, баркамол инсонлар этиб тарбиялашдан иборат. Айни пайтда институт ахборот-ресурс марказида, Зарафшон ва Олмалиқ шаҳридаги бўлимлари фонди билан бирга 300 мингдан зиёд адабиётлар мавжуд. Улар нафақат институт талаба-ёшларига, балки Навоий, Зарафшон ва Олмалиқ шаҳарлари аҳолисига ҳам хизмат кўрсатмоқда. Институтда ҳар ойнинг чоршанба куни "Маънавият куни” деб эълон қилинган. Шу куни устоз-мураббийлар томонидан барча академик гуруҳларда дарс машғулотларидан сўнг маънавият йўналишидаги "Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон”, "Юртимиз келажаги ёшлар қўлида”, "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”, "Ватан ҳимояси – муқаддас бурч”, "Касбим – фахрим”, "Гиёҳвандлик – аср вабоси”, "Тарихини билмаган элнинг келажаги йўқ” сингари мавзулардаги машғулотлар ташкил этилаяпти. Шунингдек, "Маърифий ислом ақидапарастликни қоралайди”, "Диний экстремизм ва терроризм ёшлар келажагига таҳдид” мавзуларида тарғибот тадбирлари ташкил этилаяпти. Талабалар ўртасида "Юксак маънавият мезонлари”, "Ғазалхон ёшлигим”, "Мумтоз мусиқамиз наволари”, "Инсон одоби билан гўзал”, "Талабанинг маънавий қиёфаси” каби мавзуларда давра суҳбатлари, мушоира ва бадиий кечалар, учрашувлар ўтказилмоқда. Талабаларнинг маданий ёдгорликлар, тарихий қадамжолар, музей ҳамда кўргазмаларга саёҳатлари уюштирилаяпти. Ёшларга оид давлат дастури доирасида жорий йилда талабаларимиз "Тафаккур синовлари”, "Солиқ билимдонлари”, "Қувноқлар ва зукколар”, "Юрт келажаги”, "Юксак маънавиятли авлод” танловлари ва талабалар театр фестивалларида қатнашиб, муносиб ўринларни эгаллашди. Илм даргоҳимизда вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда "Гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги” доирасида "Наркотик моддаларнинг зарари, аянчли ва оғир оқибатлари” мавзуида тадбирлар ўтказилиб, мавзуга доир фильмлар намойиш этилмоқда. Институтда талаба-ёшларнинг спортга қизиқишларини оширишга жиддий эътибор қаратилиб, улар ўртасида футбол, шахмат ва стол тенниси бўйича "Камолот кубоги” мусобақалари ўтказилди. Бугун бутун мамлакатимиздаги сингари институтимизда ҳам Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига қизғин тайёргарлик давом этмоқда. Бу борада корхона ва ташкилотлар, шаҳар маҳаллалари ҳамда вилоятимизнинг чекка туманлари, жумладан Хатирчи, Нурота, Томди туманларида ташкил этилган тадбирларда институт профессор-ўқитувчилари юртимизда 25 йил мобайнида эришилган мислсиз ютуқлар хусусидаги маърузалари билан иштирок этишаяпти. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз мустақиллиги меваси ҳисобланган Навоий давлат кончилик институти Ўзбекистонимизда кончилик-металлургия ва саноат ишлаб чиқаришининг янада ривожланиши ва такомиллашишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз таъкидлаганларидек, ҳар томонлама комил инсон, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаб вояга етказиш – биз учун энг буюк мақсадга, керак бўлса, энг савобли ишга айланади.

Ortga qaytish