Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > ТАДБИРКОР АЁЛЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА
Bosh sahifa > Navoiy shahri > ТАДБИРКОР АЁЛЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА

ТАДБИРКОР АЁЛЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА


29-08-2016, 10:14. Muallif: deputat
    Навоий шаҳрида "Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Навоий вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан "Сервис соҳасидаги энг яхши тадбиркор аёл” ва "Саноат соҳасидаги энг яхши тадбиркор аёл” кўрик-танловлари ўтказилди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Марказий банк ҳамда вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган танловда шаҳар ва туманларда фаолият юритиб келаётган энг намунали 10 нафар тадбиркор хотин-қизлар иштирок этди. – Бугун илғор, тадбиркор аёлларнинг эришаётган ютуқларини кўриб ҳавас қиласан киши, – дейди "Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси раиси Гулчеҳра Бердиева. – Улар ўз изланувчанлиги, яратувчанлиги билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириб, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари, сервис соҳасидаги хизматлари билан вилоятимиз иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Ассоциациямиз уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, эришаётган ютуқларини юзага чиқариб, ҳуқуқий, моддий ва маънавий кўмак бериб, рағбатлантириб келмоқда. Мақсадимиз вилоятимизда тадбиркор аёллар сафини янада кенгайтиришдир. Танлов иштирокчилари ўзаро тажриба алмашиш асносида тадбиркорликнинг янги-янги йўналишлари, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни олиб кириш ва инновацион лойиҳаларнинг афзаллиги ҳақида ҳам тушунчаларга эга бўлишди. – Бугун юртимизда тадбиркорлик ва кичик бизнес равнақи учун яратилаётган қулай муҳит туфайли янгидан-янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаяпти, – дейди қизилтепалик Зебо Рустамова. – Мен 2011 йилда банкдан 40 миллион сўмлик кредит олиб, "Асадбек Зиё Нур” хусусий корхонасини очдим. Ҳозир 15 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаганман. Турли дизайндаги либослар, миллий ҳунармандчилигимиз намунаси бўлган кашталар тикиб, буюртмачиларга етказиб бермоқдамиз. Яқинда адрас матоси ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйдик. Келажакда яна банк кредити асосида кичик цех ташкил қилиб, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ҳам режалаштираяпмиз. Бу яна 20-30 киши учун янги иш ўринлари яратишимизга замин бўлади. Танлов иштирокчилари айни кунда амалга ошираётган ишлари билан бирга ўз бизнес режалари, унинг истиқболи тўғрисида ҳам сўзлаб беришди. Кўрик якунида ғолиблар аниқланиб, "Саноат соҳасидаги энг яхши тадбиркор аёл” танловида Навоий шаҳридан Шаҳзода Умарова биринчи, учқудуқлик Зебинисо Шарипова иккинчи ва қизилтепалик Зебо Рустамова учинчи ўринларни эгаллашди. Шунингдек, "Сервис соҳасидаги энг яхши тадбиркор аёл” танловида нуроталик Дилдора Азизова биринчи, карманалик Севара Ҳамроева иккинчи ва Ҳанифа Ражабова учинчи ўринларга муносиб кўрилди. 

Ortga qaytish