Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > “КАМОЛОТ”НИНГ “КИТОБ ДУНЁСИ”
Bosh sahifa > Navoiy shahri, Yangiliklar > “КАМОЛОТ”НИНГ “КИТОБ ДУНЁСИ”

“КАМОЛОТ”НИНГ “КИТОБ ДУНЁСИ”


16-09-2016, 16:47. Muallif: deputat
   Китобнинг инсон, айниқса, ёшлар маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришдаги ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Шу боис ҳам мамлакатимизда ёш авлод учун энг сара бадиий ва илмий-оммабоп адабиёт намуналарини етказиб бериш тизими тобора ривожланаяпти, янгидан-янги замонавий китоб дўконлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Яқиндагина Навоий шаҳрида "Камолот” китоб дунёси” дўконининг ишга туширилганлиги ҳам фикримизнинг далилидир. Шаҳар марказидаги Алоқа кўчасида, "Баркамол авлод” болалар маркази ёнида қисқа муддатда қад кўтарган "Китоб дунёси” бу ердан ўтган ҳар қандай кишининг эътиборини тортмасдан қолмайди. Алоҳида лойиҳа асосида тикланган олди ойнаванд, ёп-ёруғ, гўзал ва шинам бино ичкарисига қадам қўйишингиз билан эса ўзингизни ҳақиқатдан ҳам китоблар дунёсига, маънавиятнинг битмас-туганмас оламига тушиб қолгандек ҳис этасиз. Лойиҳа-смета қиймати 250 миллион сўмга тенг ва энг замонавий дизайндаги жиҳозлар билан таъминланган китоб масканида мижозлар учун барча шарт-шароит ва қулайликлар муҳайё этилган. Китоб ихлосмандлари дўконнинг савдо-кўргазма залидаги витрина ва жавонларга териб қўйилган ранг-баранг адабиётлар ичидан излаганларини топишга ҳечам қийналишмайди. Чунки улар "Ўзбек адабиёти”, "Жаҳон адабиёти”, "Болалар адабиёти”, "Шеърият”, "Илмий-оммавий адабиётлар” сингари алоҳида бўлимларга ажратилган. Бу ердан, шунингдек, ўзбек тилидаги китоблардан ташқари, инглиз ва рус тилидаги адабиётларни ҳам харид қилиш мумкин. Бундан ташқари, дўкондан ўзбекча-хитойча, ўзбекча-русча, ўзбекча-немисча, ўзбекча-французча, ўзбекча-инглизча каби луғатлар ўрин олганлиги ҳам харидорларга манзур бўлаяпти.– Бу ерга инглиз тилидаги бадиий адабиётлар харид қилиш учун келгандим ва улар бор экан, – дейди Навоий давлат педагогика институти қошидаги 3-сонли академик лицей ўқувчиси Сабина Кочерова. – Бунинг учун дўкон мутасаддиларидан миннатдорман. Худди шундай миннатдорчилик сўзларини яна бир харидор – педагог-мутахассис Соиб Ҳолиқовдан ҳам тингладик. – Мени оила психологиясига оид адабиётлар қизиқтиради, – дейди у. – Янги дўкон очилганини эшитиб, бу ерга келганим яхши бўлди. "Ҳаётга иштаҳа”, "Оила номли давлат сирлари” ва "Мактаб оиладан бошланади” деган китобларни сотиб олдим. Шаҳримиздаги китоб дўконлари сони яна биттага кўпайганлиги жуда яхши бўлибди. Яна бир китобсевар Исомиддин Темиров эса Чингиз Айтматов ҳамда Тоҳир Малик асарларининг мухлиси экан. У ҳам дўконда севимли адибларининг деярли барча китоблари мавжуд эканлигидан мамнунлигини яширмади. – Дўконимиз қурилиши "Камолот” ЁИҲ Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан амалга оширилди ва шу йилнинг 29 августида фойдаланишга топширилди, – дейди "Янги аср авлоди” нашриётининг вилоят филиали бошқарувчиси Дилшод Қодиров. – Айни пайтда бу ерда бизнинг нашриёт, шунингдек, республикамиздаги бошқа қатор нашриётлар томонидан нашр этилган 300 дан кўпроқ номдаги 30 миллион сўмликдан ортиқ китоблар савдога чиқарилган. Улар мижозларимизнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда янада тўлдирилиб борилаверади. – Биз ҳамшаҳарларимиз ва шаҳримиз меҳмонларига, биринчи навбатда ёш авлодга китоблар, улар билан бирга маънавият улашаётганганимиздан, ёшларимизнинг билимдон, дунёқараши, фикрлаш доираси кенг, баркамол инсонлар сифатида шаклланишига ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз, – дейди дўкон ходими Эъзозжон Турсунов.

Ortga qaytish