JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

ENG YOSH, SANOATI VA IQTISODI RIVOJLANGAN NAVOIY!

JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

Навоий шахар хокимлиги расмий сайти » Navoiy shahri » Yangiliklar » ЎЗБЕКИСТОН СПОРТСЕВАРЛАР МАМЛАКАТИ

ЎЗБЕКИСТОН СПОРТСЕВАРЛАР МАМЛАКАТИ

30-07-2014 09:04 Navoiy shahri » Yangiliklar
ЎЗБЕКИСТОН СПОРТСЕВАРЛАР МАМЛАКАТИМустақиллик йилларида мамлакатимизда соғлом авлодни вояга етказишнинг энг асосий омилларидан бири ҳисобланган жисмоний тарбия ва спортни жадал суръатларда ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Тарихан қисқа даврда нафақат вилоятлар марказларида, балки барча шаҳар ва туманлар, ҳатто энг чекка қишлоқларда ҳам ёш авлоднинг спорт билан фаол шуғулланиши учун юзлаб, минглаб замонавий спорт иншоотлари бунёд этилди ва зарур анжомлар билан жиҳозланди.
Бугунги кунда уларда миллионлаб спортсевар ёшлар ўзлари танлаган спорт турлари билан шуғулланиб, ўз маҳоратини камолга етказишаяпти. Турли миқёсдаги спорт беллашувларида қатнашиб, имкониятларини синовдан ўтказишмоқда. Бу борада мамлакатимизда жорий этилган, бутун дунёда муқобили йўқ умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари ўртасидаги узлуксиз спорт мусобақаларининг "кичик олимпиада” мақомини олиб улгурган уч босқичли тизими – "Умид ниҳоллари”, "Баркамол авлод” ва "Универсиада” баҳслари муҳим ўринга эга бўлмоқда. Бу беллашувлар Ватанимиз спортчиларининг келгусида халқаро ареналарда муваффақиятли иштирокини таъминлашга хизмат қилаяпти. Шунинг учун ҳам боксчилар Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткирбек Саидов, Аббос Атоев, Элшод Расулов, эркин курашчи Артур Таймазов, дзюдочилар Абдулла Тангриев, Ришод Собиров, гимнастикачи Антон Фокин, оғир атлетикачи Руслан Нуриддинов, бадий гимнастикачилар Ульяна Трофимова, Жамила Раҳматова, Замира Саноқулова, қиличбоз Руслан Кудаев, эшкак эшувчи Вадим Меньков, шахматчи Рустам Қосимжонов, теннисчилар Ирода Тўлаганова, Денис Истомин каби дунёга танилган ўзбек спортчилари сафи йилдан-йилга кенгайиб бораяпти.
– Бундай муваффақиятларнинг мазмун – моҳияти ва аҳамияти қиёслагандагина тўласинча намоён бўлади, - дейди таниқли спорт шарҳловчиси Раҳмонқул Болтаев. – Ҳаммамиз ҳам бола бўлганмиз ва ишонч билан айтаман, спортнинг у ёки бу тури билан шуғулланишни истамайдиган, келгусида чемпионликни орзу қилмайдиган боланинг ўзи бўлмаса керак. Бугун мустақил Ўзбекистонимиз ўғил-қизларининг бундай орзу-умидлари амалга ошган. Лекин, яқин тарихимизда спортсевар, жумладан футболсевар болалар, шунингдек, бизнинг тенгдошларимиз учун бу ширин тушдек гап эди. Бугун ҳар қадамда бунёд этилган яшил қопламали футбол майдонлари қишлоқларни-ку қўяверинг, ҳатто туман марказларида ҳам деярли йўқ эди. Маҳоратли футболчи бўлишни жон-дилдан хоҳловчи йигитчалар учун эса бутун Ўзбекистон бўйича биттагина – Тошкентдаги Герман Титов номли республика футбол мактаб-интернати фаолият кўрсатарди, холос. Ҳозир эса аҳвол тубдан ўзгарган. Эндиликда нафақат Тошкент­да, балки вилоятлар марказлари, шаҳар ва туманларда ҳам футболга ихтисослашган умумтаълим мактаб-интернатлари ташкил этилиб, уларда минглаб болалар маҳорат сирларини ўзлаштираётганлигини фахр билан қайд этмоқ, қадрламоқ керак. Шунинг билан бир қаторда профессионал футбол клублари қошидаги болалар футбол академиялари, спорт мактабларида ёш футболчилар энг қулай шароитларда машғулотларда қатнашмоқдалар. Бу эса Аббос Махситалиев, Темур Ҳакимов каби ўзбек ўғлонларининг Ватанимиз ўсмирлар терма жамоаси сафида илк марта олис Мексика яшил майдонларида дунёнинг энг кучли терма жамоалари билан тенгма-тенг баҳслашиб, жаҳонда кучли саккизликдан ўрин олишини таъминлади. Ҳадемай бу авлод улғайиб, ўзбек спорти нуфузини янада баланд кўтариши шубҳасиз.
Мамлакат спорти истиқболини болалар спортини ривожлантиришсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда масаланинг бу жиҳатига алоҳида эътибор қаратилди. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унинг маблағлари ҳисобидан кўплаб спорт объект­лари бунёд этилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 24 октябрдаги "Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ҳамда 2004 йил 29 августдаги "Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари улкан аҳамиятга эга бўлди. Биргина бизнинг Навоий вилояти мисолида олиб қарайдиган бўлсак 2003-2013 йилларда жамғарма ҳисобидан умумий қиймати 42 миллиард сўмлик 76 та болалар спорт иншоотлари ва 10 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу иншоотларнинг 73 таси қишлоқларда барпо этилди. Энг асосийси, бунёд этилган янги иншоотларга жамғарма томонидан 2,2 миллиард сўмлик 120 хил спорт анжомлари ва жиҳозлари етказиб берилди. Бундай объектларни бунёд этиш, болалар спорти моддий техника базасини ривожлантириш борасидаги ишлар давом этмоқда. Жумладан, жорий йилда Зарафшон шаҳри ҳамда Навбаҳор туманида биттадан V-ТИП болалар спорт мажмуаси, шунингдек, Хатирчи туманидаги 27-сонли, Навбаҳор туманидаги 13-сонли, Қизилтепа туманидаги 26-сонли умумтаълим мактаблари қошида спорт заллари қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Улар давлатимиз мустақиллигининг 23 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилади.
– Спорт иншоотлари имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда, – дейди вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Нормамат Очилов. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 майдаги "Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан кенг кўламдаги тадбирлар муваффақиятли амалга оширилиб келинмоқда. Жорий йилда эса "Соғлом бола йили” Давлат дастури асосида туман ва шаҳарларда, БЎСМлар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида турли спорт тадбирлари ўтказилмоқда. Бу эса ёш спортчиларимизнинг маҳорати юксалиб, турли мусобақаларда кўрсатаётган натижалари яхшиланиб боришига олиб келаяпти. Улар Осиё ва жаҳон миқёсидаги баҳсларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишди. Жумладан, Осиё ўйинларининг 3 та, жаҳон чемпионатининг 1 та олтин медалларига ва қитъа чемпионатининг 1 та кумуш медалларига сазовор бўлишди.
Вилоятда спортни талаблар даражасида ривожлантиришда Навоий олимпия заҳиралари коллежининг ташкил этилганлиги муҳим босқич бўлди. Бу ерда вилоятимизнинг энг иқтидорли ёш спортчилари халқаро андозалар даражасидаги машғулотлар базаси ва мусобақалар залларида халқаро тоифадаги спорт усталари Маҳмуд Тоғаев, Нодир Камолов, спорт усталари Рустам Бобоёров, Музаффар Ёдгоров сингари 30 нафар тажрибали мураббийлар раҳбарлигида спортнинг 12 тури бўйича юксак маҳорат сирларини эгаллашаяпти. Коллеж тарбияланувчиларининг аксарияти мамлакат ўсмирлар терма жамоалари аъзоларидир. Навоийлик бўлажак олимпиячиларнинг мамлакат миқёсидаги ва халқаро мусобақаларда эришаётган ютуқлари салмоғи тобора ортиб бораяпти. Жумладан, Шоҳруҳмирзо Мухторов енгил атлетика бўйича ўтган йили ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида 200 ва 400 метрга югуришда тенгсиз деб топилди. Бегзод Эшпўлатов эса дзюдо бўйича мамлакат чемпионатида ғолиб бўлди. Бадиий гимнастикачи Зарина Қурбонова Осиё чемпионатида совриндор учликдан ўрин эгаллади. Баҳодир Аслонов эркин кураш бўйича мамлакат чемпиони, қатор халқаро мусобақаларнинг ғолиби ва совриндоридир. Коллежнинг волейбол бўйича қизлар ва ўсмирлар терма жамоалари ҳозирги кунда ўз тенгдошлари ўртасида Ўзбекистонда энг кучлилардан саналишади. Мамаражаб Раҳматов ва Сарвар Икромовлар белбоғли курашдан 2013 йилнинг декабрида Россия Федерациясининг Нижнекамск шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг кумуш ва бронза медаллари соҳибларидир. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.
Ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишнинг эса ўзи бўлмайди. Бунга узоқ ва машаққатли машғулотлар, мураббийлар кўрсатмаларига қатъий амал қилиш, сабр-бардош ва матонат орқали эришилади. Коллежда асосан ана шу фазилатларни ўзида жамлаган спортчилар таҳсил олаётганлигига гувоҳ бўлдик. Машғулотлар жараёнидаги танаффусдан фойдаланиб, тажрибали мураббий Баҳодир Шариповнинг шогирди, эркин кураш бўйича мамлакат ўсмирлар терма жамоаси аъзоси Б. Аслоновни суҳбатга тортдик.
– Мақсадим келгусида жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида иштирок этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишдир, – деди ёш полвон. – Бунинг учун мураббийим билан тинимсиз машғулотлар олиб бораяпмиз. Коллежимиздаги шарт-шароитлар аъло даражада. Мен Монголия, Қирғизистон, Украина, Россия, Туркия каби хорижий давлатлардаги турли мусобақаларда қатнашар эканман, бунга яна бир бор амин бўлдим. Биз учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар хориждагидан ўтса ўтадики, асло қолишмайди. Ана шу имкониятлардан самарали фойдалансак, албатта кўзлаган мақсадимизга эришамиз.
Суҳбатимизга спортнинг кураш йўналишида таҳсил олаётган Бегзод Эшпўлатов қўшилди.
– Ўзим полвонлар авлодиданман, – дейди Бегзод. – Лекин ота-боболаримизнинг кураш тушиши фақат туйлар, халқ сайиллари ва байрамлар билангина чекланиб келинган. Мамлакатимиз мустақиллиги туфайли уларнинг орзу-умидлари ҳам ушалди. Ўзбек кураши қайтадан туғилиб, жаҳон аренасига чиққанлиги, кураш бўйича расмий мамлакат, қитъа ва жаҳон чемпионатлари ташкил этилаётганлиги, дунёнинг турли нуқталаридаги кураш баҳсларида ўзбекча сўзлар янграётганлигидан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак ҳам кам. Мақсадим Истиқлол берган шундай имкониятлардан фойдаланиб, келгусида энг нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиб чиқиш, Ватанимиз байроғининг янада юқори кўтарилишига ўз ҳиссамни қўшишдир...
Бу орзу-ниятлар нафақат Баҳодир ва Бегзоднинг, балки улар тимсолида она Ватанимиздаги мустақиллик берган беқиёс имкониятлардан баҳраманд бўлаётган минглаб-миллионлаб ёш ўзбек ўғлонларининг, чин маънода спорт мамлакатига айланаётган юрт фарзандларининг энг эзгу мақсадларидир. Уларнинг амалга ошишига эса шубҳа йўқ.

Agarda Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda matnni belgilab, (CTRL + ENTER) tugmasini bosing va sayt administratoriga xabarnoma jo‘nating.

Mashhur maqolalar
Fotosuratlar
barchasini ko‘rish
Ish tartibi

Ish vaqti: 08.30-18.00s
Dam olish: Shanba, Yakshanba

murojaat tartibi
Давлат муассалари билан мулокот килиш максадида Интернет xизматларидан фойдаланганмисиз?

Ха, ва куп маротаба
Йук, ёки айтарли натижага эга булмаганман
Шахсан муассанинг узига мурожаат этганман
Бу хизматлардан бохабар эмасман

Veb-sayt bo`yicha mas`ul

Nasirov Shuxrat Fayzulloevich
Tel: 0436-223-6250
E-mail: navoi@nv.uz

murojaat tartibi
© 2011-2018. Sensorika ishlanmasi Saytdan ma'lumot ko‘chirilganda giper havola majburiy!