JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

ENG YOSH, SANOATI VA IQTISODI RIVOJLANGAN NAVOIY!

JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

МЕҲР ДАРСЛАРИ

06-11-2014 11:04 Navoiy shahri » Yangiliklar
2014 йил-“Соғлом бола” йили
МЕҲР  ДАРСЛАРИ
Ёки ҳаёт синовларини енгиш  йўлида...
Сарлавҳага кўзингиз тушибоқ,  Мустақиллик дарси, Тинчлик дарси, Маънавият ва маърифат соатлари бўларди,  Меҳр дарси ҳам бор эканми, деб ўйлашингиз табиий.
Ёхуд “Меҳр дарси” қайси мактаб ёки таълим муассасасида ўтилаётган экан?” деган савол ҳам ўринли.
Дарҳақиқат, Меҳр дарси қанақа дарс, қайси дастур асосида ўтилмоқда?
Бу саволларга жавоб топиш учун  мактаб дарсликларига киритилмаган, фақат Навоий вилоятида бундай янги хайрли лойиҳани амалга ошираётган-  “Умр” ижтимоий реабилиатация маркази  фаолиятига назар солдик.
Маълумки, мустақил Ўзбекистонимизда ҳар бир бола меҳр оғушида камолга етмоқда. Ёш авлодни тарбиялаш  ва  уларга таълим бериш миллий тизими яратилганлигини бутун дунё эътироф этмоқда. Оила, мактабгача  тарбия муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларининг бу борадаги роли ва масъулияти  оширилганлигини барчамиз яхши биламиз.
МЕҲР  ДАРСЛАРИ
Ҳа, юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистонда барча болалар билим олиш ҳуқуқига эга. Бироқ, ҳуқуқни баралла эълон қилиш  чоғида  саломатлик имкониятлари чекланган болалар ҳам борлиги, улар учун етарли шарт-шароит яратиш юзасидан муайян чора-тадбирлар  мустаҳкамланиши лозимлигини  ҳам унутмаслик керак.  Чунки ҳаёт бешафқат. Умр йўлларида  синовлар кўп.  Ҳаёт синовлари олдида баъзан барчамиз ожизмиз. Фарзандлар ҳамиша ҳам оила бахти- чироғи бўлиб бекаму кўст дунёга келавермайди. Гоҳида бу бири кам дунёнинг  азоби, изтироби, кемтиги бўлиб  нуқсонли  ўғил-қизлар ҳам ёруғ оламга келаётганидан кўз юмиш қийин...
Шу боисдан ҳам мамлакатимизда   соғломлаштириш йўналишидаги, шунингдек, ривожланишда жисмоний ва интеллектуал нуқсонлари бўлган болаларга мўлжалланган кўплаб мактабгача тарбия муассасалари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳам  фаолият кўрсатмоқда. Гарчи улар жами болаларнинг  кам фоизини ташкил этсада, уларнинг  қисмати, тақдиридан барча яқинлари бутун умр хавотирда яшаши табиий.
Уларга ёрдам бериш, уларни  тўлақонли ҳаётга қўшишда давлат ташкилотлари билан бир қаторда нодавлат ташкилотларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни асосида фаолият юритаётган Навоий шаҳрида  жисмоний имконияти чекланган, ҳимояга муҳтож болаларга 13 йилдан буён  педагогик, психологик, ижтимоий  ёрдам   кўрсатаётган, уларни соғломлаштириш ва тарбиялашга  ихтисослашган   “Умр” фалаж ногирон болалар ва ўсмирларга ёрдам  бериш жамоатчилик марказида ҳам хайрли тадбирларни амалга ошираётган инсонлар  хизмат қилади. Тажрибали  педагог  Назира Юсупова раҳбарлик қилаётган  мазкур марказ шарофати билан  бугунгача  қанча-қанча       жисмоний имконияти чекланган   ўғил-қизларнинг   соғлом ҳаётга интилиб нафас олишига эришилди.
1998 йилда Навоий шаҳар ҳокимининг қарори билан  шаҳардаги 26-мактабгача тарбия муассасаси таркибида дастлаб ногирон болаларни соғломлаштирадиган битта   гуруҳ сифатида ўз фаолиятини бошлаган ва атиги саккиз нафар болага хизмат кўрсата оладиган бу  марказ бугун   юзлаб болаларнинг  жамиятдан ажралиб қолмаслигига эришиш учун шароит яратмоқда.
Таянч ҳаракати  туғма нуқсонли бўлган чақалоқдан ўн саккиз ёшгача бўлган ( фалаж) болаларни соғломлаштириш мақсадида фаолият юритаётган бу марказда  ногиронларнинг ота-оналарига болаларини қандай даволаш,  ўқитиш,  уйда  мустақил ҳаракат қилиши учун шароитлар  яратиш, болага оддийгина  ўзига ўзи хизмат қилишни ўргатиш, шунингдек, боланинг  қонуний ҳуқуқларини қандай  ҳимоя қилиш масалаларида маслаҳатлар берилади.
-Кўпроқ  ногирон боласи бор оналар билан ишлаймиз,-дейди  марказ директори Назира Юсупова.- Ногирон боласини  уйда атроф-муҳитдан, одамлардан яширмасдан,  уларнинг одамлар билан мулоқотда бўлишини таъминлаш  юзасидан машғулотлар олиб борамиз. Саломатлик имкониятлари чекланган болани тўрт девор орасида ушлаб туришга ўрганган айрим ота-оналарга ўзлари бажарса ҳам бўладиган оддий муолажаларни ўргатамиз. Уйга вазифаларимизда эса ногирон болаларга ўзи уйда ўзига хизмат қилишни ўргатиш, меҳнат қилиш машқлари орқали гапиришга, махсус мосламалар ёрдамида юришга интилиш  кўникмалари пайдо бўлаётганлигидан жуда хурсандмиз.- Энг муҳими, бу болалар ҳам касб танлашга интиладилар, ўзларини керакли инсон  сифатида ҳис этишга ўрганадилар.
Дунёда она учун  боласининг табассумини кўришдан ортиқ бахт борми,?
Тўрт девор орасида  сўлиб, маҳзун қолган юракнинг атроф-муҳитни, табиат гўзалликларини, одамларни кўриб завқланишига тенг келадиган қувончни ҳам таърифлаш қийин.
Замонавий тиббиёт асбоблари билан жиҳозланган,  эзгу ишлари билан нафақат вилоятда, балки республикамизда ҳам ўз ўрнига эга бўлган мазкур нодавлат ташкилоти  бугун ногирон болаларни соғломлаштириш билан бирга ўзларига ишонч ҳиссини уйғотишдек муҳим  вазифанинг ҳам уддасидан чиқаяпти.
Бу хайрли йўлда  марказга  давлат ва нодавлат ташкилотлари беминнат ёрдам кўрсатмоқдалар.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги  нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан  2012-2013 йилларда “Инклюзив таълим -ногирон болаларни ижтимоийлаштириш йўлида” мавзусидаги лойиҳаси молиялаштирилиб, муваффақиятли амалга оширилди. Мазкур лойиҳа доирасида  ногирон болалар билан муомала қилишни ўргатадиган кўнгиллилар  махсус дастур асосида “Меҳр дарслари”ни ўтиш учун ўқитилди. Ва  бу  “волонтёрлар” гуруҳи реабилитация марказига яқин бўлган  шаҳардаги 12-умумий  ўрта таълим мактабида “Меҳр дарслари”ни синовдан ўтказдилар. Машғулотларни ўтиш жараёнида бошланғич синф ўқувчиларига ногирон болалар  билан  ёнма-ён  яшаш ва ўқиш тўғри келганда, уларга қандай меҳрибонлик қилиш, қандай ёрдам  кўрсатиш кераклиги тўғрисида сабоқ бердилар.  “Меҳр дарслари”дан  ўқувчиларга бу шафқатсиз дунёда  кўнгли ярим боланинг дилини оғритмаслик, уларни  бошқалар билан бир кўзда кўриш, камситмаслик каби кўникмалар бериш ҳам кенг ўрин олганлиги  муҳимдир.
Меҳр дарслари имтиҳонида ўқувчиларнинг мавзуга доир  ёзган иншоларида  уларнинг     бу изтиробни  қандай тушунганликлари, уларга ёрдам беришга тайёр эканликлари ўз ифодасини топди. Энг муҳими,  митти қалблар  меҳр дарсларидан катта хулоса чиқардилар.  Ўқувчилардан бири “Алишернинг оёғи синган бўлса ҳам, у биздан кўра яхши ўқийди”, деб ёзса,  яна бири “Камол ногиронлик аравачасида бўлса ҳам чиройли расмлар чизади, унга ҳавасимиз келади” деб иншо ёзган. “Қўшнимизнинг юра олмайдиган ўғли бор. Бугундан бошлаб бўш вақтимда унга яхши кўрган китобларимни  ўқиб бераман” деб ёзган қизалоқнинг  юрагида ҳам ҳимояга муҳтожларга нисбатан янги саҳифа очилганлиги кўриниб турибди.
-Лойиҳа доирасида “Ичимиздаги олам” клубини ташкил этиб, унга ногирон фарзандини кўчага, мактабга, жамоат жойларига олиб чиқишга чўчиётган, уларнинг камситилишини хоҳламаётган ота-оналарни  ана шу тоифадаги фарзандлари билан таклиф этдик,- дейди Назира Юсупова.-  Уларни болаларининг имкониятлари чекланган бўлса ҳам, орзулари чекланмаганлигига ишонтирдик. Ҳозир клубимиз аъзолари орасида параолимпиада ғолиблари, бетакрор расм чизадиган истеъдодлар борлигидан фахрланамиз.  Улар ҳам соғлом болалар билан бирга ўқиши мумкинлигига ота-оналарни кўниктириш бизнинг катта ютуғимиз бўлди.
-Бу ҳаракатларни нафақат Навоий шаҳрида, балки олис  туманларда ҳам тарғиб қилаяпмиз. Жумладан, Нурота туманида мактабгача таълим  ва умумий таълим  муассасалари раҳбарлари, ота-оналар иштирокида ўтказилган семинар-тренинглар натижасида имконияти чекланган фарзандларини умумтаълим мактабларида ўқитишдан чўчиётган ота-оналар  кўникма ҳосил қилиб, ўз фарзандларини ҳаётдан ажралиб қолмаслигини таъминлашга қарор қилдилар.
-Яна бир  катта режани амалга оширишни кўзлаганмиз. Вилоят халқ таълими бошқармаси  билан ҳамкорликда  Инклюзив таълимга мўлжалланган синфларда ўқиётган   имконияти чекланган болалар чарчаб қолганда дам оладиган ресурс  хоналарини очишни мақсадга мувофиқ деб ўйлаяпмиз.
Буларнинг барчаси  оила қувончини изтиробга айлантираётган имонияти чекланган болаларнинг  мустаҳкам ирода ва сабр-тоқат билан ташвишни қувончга айлантираётганлигидан далолат беради. Мурғак қалбларда меҳр-шафқат  ва меҳрибонлик ҳиссини уйғотиш билан бир қаторда, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси ўзини эркин ва бахтиёр ҳис этиши учун қилинаётган хайрли ишлардан бир парчасидир холос. Ахир соғлом ҳаётга интилиб яшашга нима етсин!
Аввало Яратганнинг ўзи ҳеч кимни қаторидан кам қилмасин!  Ҳар бир ота-онага дилбандининг ўксик  нигоҳларига эмас, қуёшдек чақнаб турган кўзларига қараш насиб этсин!  Имконияти чекланган болаларга чекланмаган имкониятлар яратиш йўлида хизмат қилаётган “Умр”нинг  ҳам умри узун бўлсин, деймиз.
Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири

Agarda Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda matnni belgilab, (CTRL + ENTER) tugmasini bosing va sayt administratoriga xabarnoma jo‘nating.

Mashhur maqolalar
Fotosuratlar
barchasini ko‘rish
Ish tartibi

Ish vaqti: 08.30-18.00s
Dam olish: Shanba, Yakshanba

murojaat tartibi
Давлат муассалари билан мулокот килиш максадида Интернет xизматларидан фойдаланганмисиз?

Ха, ва куп маротаба
Йук, ёки айтарли натижага эга булмаганман
Шахсан муассанинг узига мурожаат этганман
Бу хизматлардан бохабар эмасман

Veb-sayt bo`yicha mas`ul

Nasirov Shuxrat Fayzulloevich
Tel: 0436-223-6250
E-mail: navoi@nv.uz

murojaat tartibi
© 2011-2018. Sensorika ishlanmasi Saytdan ma'lumot ko‘chirilganda giper havola majburiy!