JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

ENG YOSH, SANOATI VA IQTISODI RIVOJLANGAN NAVOIY!

JANNATMONAND NAVOIY SHAHRINING SULIM BOG`LARI!

Навоий шахар хокимлиги расмий сайти » Navoiy shahri » Yangiliklar » ҚИЗИЛҚУМ ОҲАНГЛАРИ - 2014: ДИЛКАШ НАВОЛАР ЖОЗИБАСИ

ҚИЗИЛҚУМ ОҲАНГЛАРИ - 2014: ДИЛКАШ НАВОЛАР ЖОЗИБАСИ

01-12-2014 14:05 Navoiy shahri » Yangiliklar

ҚИЗИЛҚУМ ОҲАНГЛАРИ - 2014: ДИЛКАШ НАВОЛАР ЖОЗИБАСИ

ҚИЗИЛҚУМ ОҲАНГЛАРИ - 2014: ДИЛКАШ НАВОЛАР ЖОЗИБАСИ

19-23 ноябрь кунлари шаҳримиздаги муҳташам “Фарҳод” маданият саройи ҳар доимгидан-да гавжум бўлди. Яқиндагина бўлиб ўтган “Қизилқум овози” XI ёш эстрада ижрочилари танловининг таассуротлари санъатсеварлар қалбини ҳали тарк этмаган айни кунларда бу ерда яна бир улкан санъат байрами – “Навоий кон-металлургия комбинати” Давлат корхонасига қарашли маданият муассасаларининг ижодий жамоалари ўртасида ўтказиладиган “Қизилқум оҳанглари – 2014” II анъанавий ижрочилик кўрик-танлови ўз ишини бошлади.

Халқимизнинг йиллар силсиласида сайқалланиб келаётган мумтоз мусиқа санъатини қайта тиклаш ва келажак авлодга асл ҳолича етказиш йўлида бугун юртимизда олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатларнинг кўлами кенг. Шаҳримизнинг йирик ишлаб чиқариш бирлашмаси “Навоий кон-металлургия комбинати” Давлат корхонаси ва “Фарҳод” маданият саройи ижодий жамоасининг ташаббуси билан иккинчи марта ўтказилаётган “Қизилқум оҳанглари” кўрик-танлови ҳам шу йўлдаги эзгу ишлардан бири бўлмоқда. Тўрт кун давомида бу ерда Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Зафаробод, Нуробод, Зармитан маданият муассасаларининг ёш санъаткорлари, истеъдодли овоз соҳиблари мумтоз мусиқа ижрочилиги бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.

Танловнинг илк куни. Концерт бошланишига саноқли дақиқалар қолган. Иштирокчиларнинг ҳам, мухлисларнинг ҳам юз-кўзида ҳаяжон. Биз саҳна ортида тайёргарлик кўраётган қатнашчиларнинг айримларини суҳбатга чорладик.

– Саҳнага чиқиш олдидан ҳаяжон бўлса керак?

– Албатта, бу табиий ҳол, – дейди Зарафшон шаҳар “Олтин водий” маданият уйидан келган Усмон Темиров. – Асли касбим ҳайдовчи. Зарафшон Марказий кон бошқармасига қарашли автомобиль транспорти бошқармасида ишлайман. Хонандаликка жуда қизиқаман. Бугун маҳоратимни синовдан ўтказиш учун имконият туғилганидан жуда хурсандман. Танлов шартига кўра, биринчи босқич, яъни ўзбек халқ ашулалари ва куйлари йўналишида Навоий ғазали билан айтиладиган “Муножот”ни куйлаб бераман.

Маданият уйи саҳнаси ҳам миллий анъаналаримизга мос тарзда безатилган. Ундаги ҳар бир буюм ва рамзларда қадимий қадриятларимиз руҳи акс этиб турибди. Ижрочилар эгнидаги либослар саҳна композицияси билан янада уйғунлашиб кетган. Шу тобда дуторини куйга созлаб турган ёш бир қиз диққатимизни тортди.

– Навоий давлат педагогика институтининг мусиқа факультети талабасиман, – дейди “Фарҳод” маданият уйининг “Фаввора” ансамбли аъзоси Зебо Бойжонова. – Опам иккаламиз ушбу ансамблга бир йилдан буён аъзомиз. Гуруҳимиз етти кишидан иборат. Устозим Гулмурод Жўраевдан халқимизнинг миллий куйларини, уларни чалиш сирларини ўрганиб келмоқдамиз. Ҳозир машҳур бастакор Юнус Ражабий куйларидан бирини мухлислар эътиборига ҳавола этамиз.

Ва ниҳоят ҳаяжонли лаҳзалар бошланди. Ўзбекистон Давлат консерваторияси анъанавий ижрочилик кафедраси ўқитувчилари, профессор, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Муножот Йўлчиева, Ўзбекистон Республика халқ ҳофизи Маҳмуджон Тожибоев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Комилахон Бўриева, кафедра ўқитувчилари Равшан Абдуазимов ҳамда Дилфузахон Ҳайдаровалардан иборат ҳайъат аъзоларининг залга кириб келишини томошабинлар гулдурос қарсаклар билан қарши олишди.

Танлов қатнашчилари саҳнада таништирилгач, улар ижросидаги дилрабо тароналар бирма-бир томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Ҳар бири ўзига хос овозга, ижро йўналишига эга ёш хонандаларнинг қўшиқларини тинглай туриб, ўзбек мумтоз мусиқа санъатининг ўлмас асарлари чиндан ҳам ўзига хос сеҳр ва жозибага эга эканлигига амин бўлдик.

– Мен бу кунни 20 йил кутдим, – дейди “Фарҳод” маданият саройи бош режиссёри Муҳиддин Кенжаев.

– Мустақиллик шарофати билан мумтоз мусиқа санъатининг ноёб дурдоналарини қайта тиклаш насиб этаётганлигидан жуда хурсандман.

Бугунги иштирокчиларни тарбиялаган устозларига, ота-оналарига таъзим қиламан. Ҳар бирининг чиқиши бир достон, чунки барчаси жонли ижро. Танловда иштирок этишни хоҳловчилар сони йил сайин ошиб бораётганлигининг ўзи миллий санъатимизнинг келажаги ишончли қўлларда эканлигидан дарак беради.

“Қизилқум оҳанглари” анъанавий ижрочилик танловининг 2- ва 3-кунлари ҳам дилкаш наволар, ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Бу кун иштирокчилар машҳур композиторлар репертуаридан намуналар ҳамда Хоразм, Тошкент ва Фарғона шошмақомлари йўналишлари бўйича санъаткорлик қобилиятларини намойиш этишди. Буюк мумтоз шоирлар ғазали ва бастакорлар куйи билан яратилган қўшиқлар санъатга меҳри баланд бўлган ёш, ширали овоз соҳиблари тилидан ўзгача оҳангларда жаранглади. Залда ўтирган томошабинларнинг ҳаяжонли нигоҳлари ва авж билан чалаётган қарсаклари улар иқтидорига чинакам баҳони бериб турарди.

– Иккинчи турда Навоий ғазали, Ҳожи Абдулазиз Абдурасул куйи билан айтиладиган “Гулзорим” қўшиғини ижро этдим, – дейди “Зармитан кони” маданият уйи вакили Обиджон Халилов. – Танловда биринчи марта иштирок этаяпман. Шунга қарамай, ўзим учун ибрат бўладиган кўп жиҳатларни ўргандим.

Санъат ихлосмандларининг чиқишларини кузата туриб, барчаси ушбу мусиқа танловига жиддий тадорик кўришганига амин бўлдик. Қўлидаги танбурининг ноласидан ширали овози устун келиб турган Фаррух Баҳроновнинг хониши ёки Икромжон Баротов ва Аброр Фахриддиновларнинг зални ларзага солган баланд пардадаги овози барчанинг олқишига сазовор бўлди. Овози ҳам, либоси ҳам чалаётган куйига монанд Дилшод Самадовнинг ашуласи эса кўпчиликнинг завқини келтиргани аниқ. Иқтидор соҳибларининг майин ва дилкаш наволарини тинглаб, санъатнинг сеҳрли қудратига яна бир карра тан бердик.

Ниҳоят барча интиқиб кутган якуний тақдирлаш маросими ўтказиладиган кун ҳам етиб келди. Уч кун давомида ўзларининг ижрочилик маҳоратларини намойиш этган танлов иштирокчилари бугун иқтидорларига муносиб баҳо олишади.

Саҳнага танлов давомида беллашган 19 нафар иштирокчилар ва устоз санъаткорлардан иборат ҳайъат аъзолари таклиф этилди. Илк сўзни олган Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Муножот Йўлчиева миллий ва бебаҳо меросимиз бўлган халқ мақом санъати анъаналарини сақлаб қолиш ва келажак авлодга етказиш йўлидаги бундай хайрли ишлари учун НКМК ДК маъмуриятига ва “Фарҳод” маданият саройи жамоасига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шундан сўнг ғолибларни тақдирлаш маросими бошланди. Танловнинг 3-даражали Дипломи Обид Халилов (“Кончи” маданият уйи) ва Аброр Фахриддиновга (“Олтин водий” маданият уйи), 2-даражали Дипломи Икром Баротов (“Фарҳод” маданият саройи) ҳамда Фаррух Баҳроновга (“Шодлик” клуби) насиб этди. Биринчи даражали Диплом билан “Фаввора” ансамбли ва Дилшод Самадовлар (“Фарҳод” маданият саройи) тақдирланишди. “Қизилқум оҳанглари – 2014” II анъанавий ижрочилик кўрик-танловининг энг юксак мукофоти, яъни Гран при соҳиби “Фарҳод” маданият саройи вакили Улуғбек Саидов бўлди. Барча қатнашчилар ҳамда пойтахтлик меҳмонларга ҳомийларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. НКМК ДК бош директори Қувондиқ Саноқуловнинг бу анъана ҳали узоқ йиллар давом этишини тилаган ҳолда билдирган илиқ фикрлари барчани тўлқинлантириб юборди.

Ғолиблар ва машҳур хонандалар иштирокида гала концерт бу санъат байрамининг энг ёрқин лаҳзалари бўлди. Айниқса, Гран при соҳиби Улуғбек Саидов томонидан куйланган Хоразм лазгисига рақсга тушмаганлар кам бўлди. Устоз санъаткорларнинг маромига етказиб ижро этган ашулаларига тасанно айтмай илож йўқ эди. Мумтоз мусиқа оҳангига мос тебранган мухлислар орасида кўзига ёш қалқиганларини кўриб, ҳақиқий санъатнинг кучидан бутун вужудимизни ҳаяжон чулғади. Муножот Йўлчиеванинг мусиқасиз айтган шўх қўшиғига барча жўровоз бўлди. Хуллас, уч кунлик танлов давомида шунга амин бўлдикки, бугунгидай танловлар санъатга қадам қўяётган истеъдодли овоз соҳибларини юзага чиқаришда, элга танитишда айни муддао бўлмоқда.

Ҳа, кўрик-танловнинг тантанали ёпилиш маросими ўзбек мумтоз мусиқа санъатига нисбатан қалбларда яна бир карра улкан меҳр-муҳаббат уйғонишига сабабчи бўлди. Биз “Фарҳод” маданият саройини бир олам таассуротлар билан тарк этар эканмиз, кўчани тун қоронғуси қоплаган ва майин ёмғир шивалаб турганига қарамай, катта санъат шодиёнасининг чексиз завқидан барчанинг юз-кўзида байрамона кайфият уфуриб турарди.

Нигина МАТРАСУЛОВА

Биз фурсатдан фойдаланиб, Муножот Йўлчиевадан таассуротлар билан ўртоқлашишларини сўрадик.

– Бу танлов биз учун жуда қувончли бўлди, – дейди санъаткор. – Танлов иштирокчиларининг барчаларини эшитишга ҳаракат қилдик. Ёш бўлишига қарамай, ўз овозига эга бўлганлар кўпчиликни ташкил этади. Бу ҳам санъатимиз учун бир муваффақият.

– Иштирокчиларни баҳолашда қайси жиҳатлар кўпроқ эътиборга олинди?

– Бу борада барча босқичларда ўзига хос мезонлар белгиланган. Шундай бўлса-да, биз иштирокчиларнинг овозига, ижро маҳоратига, саҳна қоидаларига риоя этишига, мусиқанинг жонлилиги, либоси ва бошқа жиҳатларига эътибор қаратдик.

– Вилоятимиз ёшларининг санъатдаги иқтидорига қандай баҳо берган бўлардингиз?

– Уларнинг истеъдоди жуда юқорилигига бугун амин бўлиб турибман. Мумтоз мусиқа санъатидаги бундай катта асарларга қўл уришга ҳар ким ҳам журъат этолмайди. Биз уларга баҳоли қудрат ўз маслаҳатларимизни бериб, зарур йўл-йўриқларни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Миллий меросимиз ривожи йўлида катта ҳисса қўшаётган НКМК Давлат корхонасига ва “Фарҳод” маданият саройига яна бир бор миннатдорчилик билдираман.

Agarda Siz maqolada xatoni uchratgan bo‘lsangiz, unda matnni belgilab, (CTRL + ENTER) tugmasini bosing va sayt administratoriga xabarnoma jo‘nating.

Mashhur maqolalar
Fotosuratlar
barchasini ko‘rish
Ish tartibi

Ish vaqti: 08.30-18.00s
Dam olish: Shanba, Yakshanba

murojaat tartibi
Давлат муассалари билан мулокот килиш максадида Интернет xизматларидан фойдаланганмисиз?

Ха, ва куп маротаба
Йук, ёки айтарли натижага эга булмаганман
Шахсан муассанинг узига мурожаат этганман
Бу хизматлардан бохабар эмасман

Veb-sayt bo`yicha mas`ul

Nasirov Shuxrat Fayzulloevich
Tel: 0436-223-6250
E-mail: navoi@nv.uz

murojaat tartibi
© 2011-2018. Sensorika ishlanmasi Saytdan ma'lumot ko‘chirilganda giper havola majburiy!