Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > Chet tillarni o'rganish tizimini takomillashtirish
Bosh sahifa > Yangiliklar, Navoiy shahri > Chet tillarni o'rganish tizimini takomillashtirish

Chet tillarni o'rganish tizimini takomillashtirish


19-10-2013, 18:52. Muallif: administrator

Chet tillarni o'rganish tizimini takomillashtirishБИЗ ҲАМ ТИЛ ЎРГАНАМИЗ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига биноан, навқирон шаҳримиз Навоийда ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, янги ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчиларига чет тилларни кенг ўргатиш йўлга қўйилди.

– Мактабимизда чет тилларини ўқитиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, 1-синфлар учун ҳам ўқув дарслиги, яъни "Kid's English” китоби, электрон дарс­ликлар, лингафон хонаси ва замон талабларига мос жиҳозланган инглиз тили хоналари, кўргазмали қуроллар, тарқатма материаллар мавжуд, – дейди шаҳардаги 10-мактаб директори Зиёда Мирбобоева. – Дарслар ота-оналар, мутахассислар, фан ўқитувчилари ҳамда мактаб маъмурияти томонидан кузатиб борилмоқда. Машғулотлар "Дарс – муқаддас” тавсияси асосида ўтилаётгани ва ўйин тарзида ташкил этилаётгани боис болажонлар тил ўрганишга астойдил интилаётир. Мактабимизда 7 нафар юқори малакали инглиз тили ўқитувчилари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг барчаси кўп йиллик тажрибага эга педагоглардир.

– Дарс жараёнлари қизиқарли ва эсда қоларли бўлиши учун ҳар хил интерактив усуллардан кенг фойдаланаман, – дейди инглиз тили фани ўқитувчиси Ш.Икромова. – Болалар билан ишлаш менга жуда ёқади. Айниқса, ўқувчиларнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқиши тобора ортаётгани биз – ўқитувчиларни янада шижоат билан ишлашга ундамоқда.

Президентимиз И.А.Каримовнинг "Юксак маънавият –енгилмас куч” асарида боланинг онги, асосан, 5-7 ёшда шаклланиши, яъни 70 фоиз маълумотни шу ёшда олиши мумкинлиги таъкидланган. Шунга кўра, нафақат мактабларда, балки мактабгача таълим муассасаларида ҳам чет тилини ўрганиш самарали йўлга қўйилган.

Шаҳримиздаги "Ғунча” номли 20-МТМда 11 та гуруҳда тарбияланаётган 290 нафар болаларга ҳафтанинг душанба, сешанба ва жума кунлари педагог Нилуфар Пўлатова илк инглиз тили сабоқларини ўргатмоқда.

– Мурғак қалбларда хорижий тилларни ўрганиш иштиёқини уйғотиш ва уларда бу кўникмани ҳосил қилиш катта масъулият талаб этади, – дейди Н.Пўлатова биз билан суҳбатда. – Шу боис дарсларни, асосан, қизиқарли ўйинлар ўйнаш, қўшиқ куйлаб, рақсга тушиш каби турли усуллар орқали олиб бораман. Шунингдек, даргоҳимизда болажонларга инглиз тили билан бир қаторда, рус тили ҳам ўргатиб борилади.

Н.Пўлатованинг дарс жараёнини кузатиб, кичкинтойларнинг бу тилга оид илк билимларни эгаллаш билан бирга, хилма-хил ўйинлар оламида яйраб, жўр овозда инглизча қўшиқ куйлаб, зеҳнларини пешлаётганлигининг гувоҳи бўлдик.

"Тил билган – эл билади”, деб бежизга айтишмаган. Ватандошимиз Маҳмуд­хўжа Беҳбудий ўзининг "Ойна” журналида миллат тараққиёти учун бир неча тилни билиш шарт эканлигини таъкидлаган. Турли тилларни ўрганган инсон нафақат ўзлигини англайди, балки бошқа миллатларнинг урф-одатлари, қадриятлари, ҳаёти тўғрисида ҳам маълумотга эга бўлади. Хорижий тилларни қунт билан ўрганаётган бу ёшларимиз порлоқ келажак қурувчиларидир.


Ortga qaytish