Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > БИЗНИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАМОҚДА
Bosh sahifa > Yangiliklar > БИЗНИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАМОҚДА

БИЗНИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАМОҚДА


26-12-2017, 17:58. Muallif: deputat
Мен кўп йиллардан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман.  Ўзим ташкил этган "Муслима зиё” хусусий корхонасида хотин-қизлар ва эркаклар учун кийимлар, турли ишлаб чиқариш корхоналари учун иш кийимлари, мактаб формалари, чойшаблар, пардалар тикамиз ва қандолатчилик маҳсулотларини тайёрлаб, мижозларга етказиб берамиз. Мен тадбиркор бўлганлигим сабабли Президентимизнинг тадбиркорликка оид қабул қилаётган қарор ва фармонлари билан оммавий ахборот воситалари орқали доимий равишда танишиб бораман.
Худди шунингдек, яқинда Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасини тинглаб, маърузадан бир олам таассурот олдим.   
Чиндан ҳам давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу соҳа вакиллари учун алоҳида солиқ имтиёзлари берилаётгани, уларнинг банклардан кредитлар олишига, ишлаб чиқараётган маҳсулотларни бемалол чет давлатларга экспорт қилишига давлатимиз томонидан кўмак берилаётгани уларнинг эмин-эркин фаолият юритишларида муҳим аҳамият касб этмоқда. Барчамизга маълумки, Юртбошимизнинг ташаббуси билан 2018 йилга "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб ном берилди. Бу ҳақда эшитиб, биз – тадбиркорларнинг қувончимизга яна қувонч қўшилди.   
Шунингдек, Президентнинг ушбу Мурожаатномада "Айни вақтда ноқонуний текширишлар, хусусий бизнес фаолиятига асоссиз аралашишга қарши курашни кучайтириш керак. Шу мақсадда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш лозим. 
Биз 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берганимиз муносабати билан барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни 2 йилга тўхтатсак, нима дейсизлар?”, деган фикр-мулоҳазалари нафақат мени, балки бошқа тадбиркорларни ҳам қувонтирди, десам муболаға эмас.      
Дарҳақиқат, тадбиркорлик – давр талабидир. Соҳага юқори технологиялар, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган техника ва асбоб-ускуналарни олиб келиш ва жорий этиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бугунги кун тадбиркорининг асосий мақсадидир. Агар унинг бу мақсадларини амалга оширишда тўсқинликлар бўлса, табиийки, тадбиркор ўз кўзлаган мақсадига ета олмайди. Демак, унга биринчи навбатда эътибор, рағбат ва эркинлик зарур. 
Мурожаатномани эшитиб, ғайратимга яна ғайрат қўшилди. Ўз соҳамни бугунгидан-да ривожлантириш, халқимизга манзур бўладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун яна қандай ишларни амалга оширишим лозимлигини ўйлаб, ўзим учун янги режалар туздим. Корхонамиз ишчи-ходимлари ҳам ўзим сингари янгича услубда ишлашга бел боғлашган. Ахир, Президентимиз бизни тушуниб, қўллаб-қувватлаб, нақадар катта имконияту қулай шароитларни яратиб бераётган бир даврда ҳар бир тадбиркор чин юракдан ишлаши, оиласи, халқи, Ватани учун ҳалол меҳнат қилиши жуда муҳим, деб ўйлайман. Мен озод ва обод юртнинг тадбиркорлари сафида меҳнат қилаётганимдан фахрланаман.
Шоира РАЖАБОВА,
 Навоий шаҳридаги "Муслима зиё”
 хусусий корхонаси раҳбари.



Ortga qaytish