Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > СОҒЛОМ ҚАЛБЛИ АВЛОД КЕРАК ЎЗБЕКИСТОНГА !
Bosh sahifa > Yangiliklar > СОҒЛОМ ҚАЛБЛИ АВЛОД КЕРАК ЎЗБЕКИСТОНГА !

СОҒЛОМ ҚАЛБЛИ АВЛОД КЕРАК ЎЗБЕКИСТОНГА !


12-09-2014, 13:20. Muallif: deputat
   2014 йил- Соғлом бола йили
СОҒЛОМ  ҚАЛБЛИ  АВЛОД  КЕРАК   ЎЗБЕКИСТОНГА !
“Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!”   Юртбошимизнинг ушбу сўзлари аллақачон муқаддас  мақсадга, улуғ бир ҳикматга айлангани рост. 
Ва бу мақсад давлатимиз сиёсатининг устувор вазифасига айланганлигини бутун дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Юртимизда болаларимизга яратилган шароитларни, имтиёз ва қулайликларни санаб адоғига етиш қийин.
Фарзандларимининг ҳеч кимдан кам бўлмаслигини таъминлашга қаратилган қонунлар, фармон ва қарорлар, дастурлар, жажжи ўғил-қизларнинг инглиз тилини ўрганиши учун қилинаётган саъйи ҳаракатлар,  боғча ва мактаб  ёшидаги болажонларимизни  иқтидори ва истеъдодини рағбатлантириб, уларни  чемпион даражасига кўтариш, 15 ёшли қизларнинг  давлат мукофотларига  муносиб деб топилиб, ҳар йили зукко ва билимдон қизларнинг Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланиши тажрибасига  кўплаб давлатларнинг ҳаваси келаётганлиги айни ҳақиқат.  Ҳа, бундай бахт   фақат Ўзбекистон болаларига насиб этган.
      СОҒЛОМ  ҚАЛБЛИ  АВЛОД  КЕРАК   ЎЗБЕКИСТОНГА !
Зеро, ўзи емай, боласига едирган, ўзи киймай боласига кийдирган, фарзандини  бошидан баландга кўтариб, уни ўзидан кучли ва юксакда бўлишини астойдил истаган халқмиз. Нафақат ўзимизнинг қоракўзлар балки  оғир уруш йилларида ота-онасиз қолган минглаб турли миллат болалари  ҳам ўзбек оиласидан  ПАНОҲ топган, МЕҲР кўрган. Онадек муқаддас, отадек мўътабар  зотлар шу заминда борлигини ҳис этган, уларнинг бағрида умрбод қолишга қарор қилганларнинг сон-саноғи йўқлигига нафақат тарих, балки  кўпчилигимиз гувоҳмиз. 
  Дарҳақиқат, меҳр-мурувват Ўзбекистонда улуғ қадрият сифатида қадрланмоқда. Президентимизнинг шахсан ташаббус ва таклифларига биноан ўтган қатор йилларнинг меҳр-мурувват, ёшлар, оила,  аёллар, оналар ва болаларга бағишланиб,   оналик  ва болалик муҳофазаси, улар  соғломлигини таъминлашга  қаратилган  Давлат дастурлари қабул қилиниб,  тузилган режа ва дастурларнинг замирида фақат фарзандларимизнинг порлоқ истиқболи, ёруғ эртаси акс этганлигини барчамиз яхши биламиз. Хуллас, баркамол авлодни камолга етказиш йўлида мақтанса арзигулик ишлар амалга оширилганлиги ана шу сиёсатнинг амалдаги ифодаси албатта.
  Навқирон авлодга  юксак эътибор ва ғамхўрлик намунаси сифатида  2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилинишида ҳам жондан азиз ўғил-қизларимизнинг  бекаму кўст  камолга етиши, соғлом  чеҳраси, ёруғ келажагини кўриш орзуси мужассам. Президентимизнинг жорий йилнинг 19 февралида имзолаган “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори  шу муқаддас  мақсад йўлидаги барча ҳаракатларни бирлаштиришга, том маънодаги  соғлом қалбли, соғлом танли, соғлом ақлли, дунёни лол қолдирадиган Ўзбекистон болаларини    камолга етишларини таъминлашга қаратилган муҳим  ҳаётий ҳужжат бўлиб хизмат қилади ва тарихда қолади.
Бу ҳаётбахш қарорда  юртимизда униб ўсаётган ҳар бир боланинг баркамоллигини, бахтиёрлигини  таъминлаш  чора-тадбирлари ўз аксини топган... Ва унинг ижросини таъминлаш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
  Аммо ҳаёт биз ўйлагандан  кўра мураккаброқ, биз кутгандан кўра шафқатсизроқ. Тақдир чорраҳаларида фақат яхшилик ва эзгулик эмас, гоҳо оғир синовлар, машаққатлар ҳам бот-бот тўқнашади. Бу айниқса болаларнинг қалби, руҳини яраласа, уларнинг ҳаётига хавф соладиган даражадаги бахтсиз  ҳодисалар бўлса, ҳеч қачон  юракдан чиқмайди, битмас жароҳат бўлиб қолади.  Қуйидаги ҳаётдан олинган чизгиларимиз ва мутахассисларнинг фикрлари  бу борадаги муаммоларнинг илдизи қаерда эканлигини  топишга балки ёрдам берар?
ФАРЗАНД  ШАХСИЙ  МУЛК ЭМАС...
Бухоро-Тошкент  йўналишидаги поездда кетаётган ҳамроҳларимизнинг чеҳраси  йўл бўйи очилмади. Ёши  4-5 лардан ошган бўлса ҳам  жуссаси  мурғак, тилсиз, қўли оёғи ҳаракатсиз боласини  маҳкам тутган аёл  беморлик тарихини сўраган саволимизни тушунди. “Яна профессорга  кўрсатишга олиб кетаяпмиз” деди. “Туғма дардмикин?” деган сўзсиз саволимизга эса  “Синглим йиқитиб қўйгандан буён  шу аҳволга тушиб қолди...” дея  бошқа гапира олмади . Ёлғиз боласининг   жонсиз қўлларини ўпиб кўз ёш тўккан онанинг овози  хаста боласи каби умидсиз эди. Энди пушаймондан фойда йўқ. Масъулиятсизликнинг даҳшатли тамғаси кўз ўнгимизда намоён эди. Табиийки,  опа ўз синглисига даъво қилолмайди. Сен туфайли  болам ногирон бўлиб қолди, дея олмайди. Нега? 
Нега,  кўча-куйда  бегоналар, ёки бирор қўнни –қўшнимиз, ҳатто ўз ака-укамиз сал чертса, ёки овозини баландроқ  кўтариб, ҳақорат қилса,  уларни судга беришни яхши  биламиз, ҳақ-ҳуқуқимизни паймол қилганлигини айтиб,  жазосини сўраймиз?   Нега ўғил-қизимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни унутамиз? Нега  ҳимояга муҳтож ўз жигарбандимизга қаттиққўллигимизни пеш қилиб, оғир шикаст етказишгача дўппослаймиз.   Фарзанд шахсий мулк деб ўйлаб хато қилаётганлар,  биров  инсофга чақирмоқчи бўлса  “Бола меники, хохласам ураман, хоҳласам...” деб  кўзи қонга тўлиб, жазавага тушаётганлар ҳам афсуски орамизда йўқ эмас.  Барча тоат- ибодатларимизнинг мақсад -мазмуни болаларимиз келажагига қаратилган экан,  “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳам ана шу муаммоларни бартараф этишга хизмат қиладиган аниқ ўзгартиришлар киритилишини депутатларимиз ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди.  Токи  йўл қўйган хатоларимиз учун  беҳуда пушаймон бўлиб, изтироб чекишгина эмас, балки қонуний жазолар  муқаррар бўлсинки, бошқалар  ҳушёр бўлсин,  ундан  хулоса чиқарсин.  Токи бундай хатолар қайта такрорланмасин. Нозик ниҳолларимиз- болаларимизнинг   жабр кўришига, шикастланишига асло йўл қўймайлик.
Ахир давлатимиз, шахсан Юртбошимиз  миллат фарзандларининг тақдири учун қайғуриб, дунёни лол қолдирадиган   қарорлар қабул қилса-ю, биз ўз фарзандимизни тақдир ҳукмига ташлаб,  гоҳо ўзимиздан ҳимоя қилолмасак инсофданми?  Масъулиятсизлигимиз ва оқибатсизлигимиз, бемеҳрлигимиз жабрини тортаётган  жондан азиз болажонларни “Пешонасига шу ёзилган экан-да,  начора...” деган  ожиз иқрор билан  ўзимизга таскин бериб,  бошимизни қандай баланд кўтариб юрамиз?..
Республика Аҳоли Репродуктив саломатлик маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди  Рўзиқул ФОЗИЛБЕКОВнинг бу борадаги фикрлари алоҳида эътиборга  молик:
- Тўғри, фарзанд шахсий мулк эмас. У давлат ва жамиятнинг бир бўлаги.   Конституциямизнинг     65-моддасида  “Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади” деб белгилаб қўйилган. Болалар ҳаётига бефарқ бўлишга, уни хавф-хатарга қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Оилада болаларни тарбия қилиш усуллари, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши шарт. 
Ўтган йиллар давомида соғлиқни сақлаш тизимининг  бу борадаги меъёрий –ҳуқуқий негизлари янада такомиллаштирилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида, жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг 14 та қонуни,  Президентимизнинг 30 га яқин Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 100 га яқин қарорлари, тизимга оид 300 га яқин идоравий  норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Буларнинг барчаси шунчаки ҳужжат эмас, уларда оналар ва болалар тақдири, соғлиғи, бахту саодати, келажагини муҳофаза қилиш мужассамлашган.
      Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш миллий модели:  “Соғлом она – соғлом бола” Тошкент Халқаро Симпозиуми материаллари БМТнинг расмий ҳужжатларидан бири деб хисобланганлиги ва мазкур Симпозиум  маълумотномаси  Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг штаб-квартирасида БМТнинг Бош ассамблеясининг 66-сессиясида расмий ҳужжат деб тарқатилганлиги  нафақат  биз соҳа мутахассислари учун, балки бутун Ўзбекистон учун  фахр ва  ифтихор албатта.
   Эътиборли жиҳати шундаки,  “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли бўлимлари бўйича Республикамизда амалга ошириладиган тадбирларга жами 538 млрд. 682 млн. сўм,  40 млн. 396 минг АҚШ доллар ва 10 млн. 228 минг евро миқдоридаги маблағ йўналтирилади. Бу рақамларга эътибор беринг. 
Давлатимиз раҳбари болаларнинг бирор тола сочи ҳам беҳуда  тўкилмаслиги учун барча чора-тадбирларни кўраётган ва бу  улуғ йўлда ҳеч нарсани аямаётган бир пайтда,  “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция”да  баён қилинганидек, биргаликда бола тарбияси учун асосий жавобгар ҳисобланган ота-оналар эътиборсизликка йўл қўйишлари асло мумкин эмас.   Такрор айтаман, уларнинг ҳаёти учун алоҳида масъулият бор зиммамизда.  Масалан, шифохоналарда эҳтиётсизлик, эътиборсизлик туфайли  қўли-оёғи синган, бўйни, умуртқа поғонаси  шикастланган,    турли юқумли хасталикларни юқтирган,  кўзи жароҳатланган гулдек нозик болажонларни кўриб ачинасан киши.  Ваҳоланки,  бундай масъулиятсизлик учун қонун олдида ҳам виждон олдида ҳам жавоб талаб қилинади. Зеро,
    ҚОНУНЛАРНИНГ ҚОНУНИ  ВИЖДОН...
        Фикримизни Навоий шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Зулфия РАЗЗОҚОВА давом эттиради: 
- Гарчи Бош Қомусимизнинг 64-моддасида  ота-оналар зиммасига ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш мажбурияти юкланган бўлса-да, афсуски, айрим ота-оналар ажралиб, икки тарафга бўлиниб кетгач,  ўртадаги фарзандлар ҳам моддий, ҳам маънавий ҳимояга муҳтож бўлиб қоладилар. Оила ажримидан сўнг ўз фарзандига алимент  тўлашдан   бўйин товлашга ўрганиб қолган оталар ишини судда кўриб чиқиш ҳолатлари афсуски ҳамон камаймаётир. Энг афсусланарли томони шундаки, ота меҳри, моддий таъминотидан айрилган болаларни боқиш учун  кўпроқ ишлашга мажбур бўлаётган онанинг фарзандлари учун вақт ажратолмаётганлиги оқибатида  муқим бошпанасиз, қаровсиз болаларнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда. 
 Вояга етмаган икки  фарзандини  боқиш учун уларни  иложсизликдан қаровсиз қолдириб,  ишлаётган бахтсиз  аёл фожиалар гирдобига тушиб қолди.”Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади” деган мақол бежизга айтилмаган.  Ҳали мактаб остонасига ҳам қадам қўймаган боласи кўчада автоҳалокат қурбонига айланганлигини ўзи фаррошлик қилаётган касалхонада  кўриб ҳушидан айрилган онанинг аҳволини кўз олдингизга келтиринг.  Оила бузилмаганида, ҳеч бўлмаганида,  марҳаматсиз ота алимент тўлаб турганида, фарзандларидан кечмаганида эди,  у жигаргўшасини албатта  йўқотмаган бўларди. Тирикликнинг бундай   аянчли манзаралари  кишини ларзага солиши табиий.
Оила кодексига мувофиқ, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота-онадан судннинг ҳал қилув қарорига биноан алимент ундирилади. Баъзан бундай тоифадаги оталар ёғли жойда ишлаб туриб ҳам,  “Ҳеч  қаерда ишламайди” деган маълумотнома билан  алимент тўлашдан  “қутулиб” қоладилар. Наҳотки,  улар виждондан, иймондан қочиб қутулиш мумкин эмаслигини тушунмасалар?   
 Суд мажлисларида ўз фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган оталар иши кўрилиб,  амалиётда  алиментдан бўлган қарздорликни  тўламаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан  қамоқ жазоси тайинлаш  ва судланувчини суд залидан қамоққа олиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.  
  ҚУШНИНГ  ҲАМ УЯСИ БУЗИЛМАСИН...
-Бу мақолни  биз маҳалладагилар ҳар куни такрор-такрор тилга оламиз,- дейди Навоий шаҳридаги   “Янгиобод”  маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ойниҳол БОЗОРОВА.  -Сабаби, оила қўрғонига отиладиган тошлар  зарби энг аввало маҳалланинг эшигига урилади. Эр-хотин, қайнона-келин, ака-укалар, қўнни-қўшни можаролари фуқароларимизни маҳаллага етаклайди.  Кимдир арзимаган сабаб ва баҳоналар билан неча йиллик ришталарни узишга қарор қилиб келса, кимдир яқинларини инсофга чақириб қўйишимизни сўраб келади. Аммо бугунги кунда арзимаган сабаблар билан 2-3 нафар фарзанди бўла туриб, ажралишга қарор қилаётган оила бошлиқларини инсофга чақира олмаётганимиз, болаларнинг тарбиясидаги бўшлиқларни тўлдира олмаётганлигимиз ачинарли албатта.  
Дарҳақиқат,  бугун  ё отасиз, ё онасиз қолган, юрак вайроналари  ичида сарсон-саргардон бўлиб яшаётган болаларнинг тақдири билан мақтаниш қийин. Маҳалла раиси Ойниҳол Бозорованинг  куйинганича бор: 
-Маҳалламиз ҳудудидаги  ётоқхонада яшаётган оилалардан бири парокандаликка учраб, ота ўз йўлидан, она эса  вояга етмаган касб-ҳунар коллежида ўқиётган қизини    катта шаҳарда ётоқхонада ёлғиз ташлаб,  Россия Федерациясига ишга кетди. Назоратсиз саёқ юрган қиз коллеж талабаси бўлган йигитдан ҳомиладор бўлиб қолди.   Улар турмуш қуриб, фарзандлик бўлишди. Хатоларини тушуниб яшаш ўрнига, бошқаларнинг тинчгина яшашига халал бераётган бундай тарбиясиз, ҳали она сути оғзидан кетмаган  ёш ота-онанинг дастидан маҳалламизда тинчлик йўқ     Икки жаҳон овораси бўлган қиз касб-ҳунар коллежини ҳам битира олмади. Ҳозир ўқишини давом эттириш чораларини кўраяпмиз.  Миллатимизга ёт бўлган  бундай ҳолатлар   ўзбек қизларининг    шаънига доғ тушираётганлиги ачинарли албатта.
-Ёки ёши бир жойга бориб қолган, ўғли уйланадиган, қизини турмушга узатадиган ёшдаги айрим она-оналарнинг ажралишга  қарор қилганлигини  калта ўйлаб, фарзандлари келажагини барбод қилишдан бошқа нарса деб баҳолаб бўлмайди.
Бундай вазиятларда ота-оналарга ўзларини эмас, фарзандларининг тақдирини ўйлашларини тушунтириш зое кетмоқда. Тақдир чорраҳаларида болаликданоқ  ота ёки она меҳридан жудо бўлиш  ҳар қандай ўғил-қизга ҳам қаттиқ зарба бўлиши,  улар тўғри йўл қолиб, эгри йўлдан кетишлари аниқ. Шундай экан, фарзандлар камолини, эртасини ўйлаган ҳар бир инсон уларни ўзидан кўра кўпроқ ўйлашни, асрашни ўргансин. Токи  сиздан нажот кутган, меҳр кутган ўзингиз ҳаёт бахш этган митти қўлчалар муштга айланмасин! Юракдан узоқлашган йўлларда болалар паноҳсиз қолади. Уларни юрагимиздан узоқлаштирмайлик!
Хулоса шуки,   соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш масъулияти ва жавобгарлиги Ўзбекистон  ифтихорига шерик бўлган ҳар бир ориятли инсоннинг елкасидаги юк. Бу юк оиламизга,  маҳалламизга, юртимизга шараф келтириши, юзимизни ёруғ қилиши ўзимизга боғлиқ.  
Маруса ҲОСИЛОВА,
 журналист

Ortga qaytish