Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > МОДЕРНИЗАЦИЯ – САМАРАДОРЛИК ОМИЛИ
Bosh sahifa > Yangiliklar > МОДЕРНИЗАЦИЯ – САМАРАДОРЛИК ОМИЛИ

МОДЕРНИЗАЦИЯ – САМАРАДОРЛИК ОМИЛИ


11-10-2014, 09:15. Muallif: deputat
МОДЕРНИЗАЦИЯ – САМАРАДОРЛИК ОМИЛИ
Шаҳримиздаги “Наврузкомиссионгўштхаридсавдо” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган қатиқ, сметана, қаймоқ, творог каби олти турдаги сут маҳсулотлари аллақачон харидорларини топиб улгурган. 
Бу эса мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун кенг имконият ва шароитлар яратишга алоҳида аҳамият қаратилаётганлигининг натижасидир. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим омил бўлаётир. 
– 2004 йилда бу цехни ташкил этгандик, – дейди корхона раҳбари Жамшид Муродов.  – Жорий йилда корхонамиз модернизация қилиниб, иш унумдорлиги сезиларли даражада оширилди. Банкдан олинган 140 миллион сўмлик кредит ҳисобидан автоматлаштирилган сутни қайта ишлаш, йогурт ҳамда пишлоқ ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий чет эл технологияларини сотиб олиб ўрнатдик. Бу янги иш ўринлари яратиш имконини берди. 
Кунига икки тонна сут қайта ишланаётган корхонада техник ва технологик янгилаш ишлари олиб борилганлиги туфайли маҳсулот сифати яхшиланиб, турлари кўпаймоқда.
– Цехда ишлар  намунали ташкил этилиб, бизлар учун барча шарт-шароитлар яратилган, – дейди корхона ишчиси Зебо Эрназарова. –  Янги ишга туширилган йогурт ва пишлоқ ишлаб чиқариш технологиялари меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилаяпти. 
Ўн нафар маҳаллий ёш меҳнат қилаётган корхона маҳсулотлари сифатлилиги ва арзонлиги билан аҳолига манзур бўлаётир. Тайёр маҳсулотлар мактабгача таълим муассасалари ҳамда савдо шохобчаларига етказиб берилмоқда.
– Аҳолининг сифатли гўшт, сут ва сут маҳ­сулотларига бўлган эҳтиёжини қон­ди­риш мақсадида кейинги ойдан бошлаб гўшт маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўя­миз, – дейди Жамшид Муродов сўзини давом эттириб. –  Айни пайтда шу мақсадда замонавий технология ускуналарини ўрнатиш ишлари якунланмоқда. Мазкур цех ишга туш­гач, яна камида ўнта янги иш ўрни яратилади.

Ortga qaytish