Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > ТИЛИМИЗ – ҒУРУРИМИЗ
Bosh sahifa > Yangiliklar > ТИЛИМИЗ – ҒУРУРИМИЗ

ТИЛИМИЗ – ҒУРУРИМИЗ


19-10-2014, 10:09. Muallif: deputat
25 йилдирки, 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун мамлакатимизда 
байрам сифатида кенг нишонланади. Бу ўз навбатида, она тилимизга бўлган чексиз ҳурмат, маънавиятимизга, миллатимизга бўлган юксак эътибор намунасидир.
ТИЛИМИЗ – ҒУРУРИМИЗ
Давлатимизнинг Бош Қомуси – Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституциясининг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ўзбек тилидир”, дея тилимизнинг давлат тили сифати­даги мақоми ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб берилган, унинг мавқеи мустаҳкамланган. 
Бугунги кунда эса тилимиз дунёга бўйлаяпти. Кўплаб миллат вакиллари юртимизга келиб, ўзбек тилини ўрганмоқда, турли тадқиқот ишлари олиб боришмоқда.
Шу кунларда барча таълим мас­канларида ўтказилаётган “Она тили ва адабиёт” фан ойлигида ўқувчилар онгу шуурига муқаддас тилимизга меҳр-муҳаббат, Ватанга садоқат, миллатлараро бағри­кенглик каби юксак туй­ғуларни сингдиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Шаҳримиздаги 7-умумтаълим мактабида ҳам давлат тилини мукам­мал эгаллаш, унда тўғри ва равон сўзлаш қонун-қоидаларини ёш авлодга ўргатиш мақсадида 9 нафар она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси фаолият олиб бормоқда.
– Мактабимизда таълим жараёни икки тилда: ўзбек ва рус тилларида олиб борилади,  – дейди мактаб директори Баҳодир Қудратов. – Болаларга ўзбек тилини ўргатиш билан бирга, улар онгига маданий меросимиз, миллий қадриятларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлигини ҳам сингдириб борамиз. Ўқувчиларимизда инсонийлик, ватанпарварлик, олижаноблик туй­ғуларини шакллантиришда ти­лимизнинг ўрни беқиёсдир. 
Мазкур илм даргоҳида ўқувчи­ларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бериб келаётган Дилафрўз Тўраева, Дилором Тўқмуродоваларнинг янги педагогик технологиялар асосидаги дарс иш­ланмалари шаҳримиздаги таъ­лим муассасаларида оммалаш­тирилган. Бугунги кунда ўқув­чиларнинг тафаккур доирасини янада кенгайтириш, дарсдан бўш вақтларидан унумли фойдала­нишларини ташкил этиш мақсадида биргина ушбу фанлардан 6 та тўгарак фаолият кўрсатиб келмоқдаки, улар ўзбек тилининг жозибаси, гўзаллиги, бойлиги ва бетакрорлигини янада кенгроқ ўзлаштиришга замин яратмоқда.
Она тилини муқаддас билган эл ҳамиша кимлигини англаб, ўзгаларга англатиб яшайди. Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек, жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир.
А.Бўриев

Ortga qaytish