Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > АЛОҚА ТАРМОҚЛАРИНИНГ ЯНГИ ҚУЛАЙЛИКЛАРИ
Bosh sahifa > Yangiliklar > АЛОҚА ТАРМОҚЛАРИНИНГ ЯНГИ ҚУЛАЙЛИКЛАРИ

АЛОҚА ТАРМОҚЛАРИНИНГ ЯНГИ ҚУЛАЙЛИКЛАРИ


11-11-2014, 09:15. Muallif: deputat

 

АЛОҚА ТАРМОҚЛАРИНИНГ ЯНГИ ҚУЛАЙЛИКЛАРИ

 

– Кеча зарур ишим чиқиб, телевизор кўра олмадим. Соат 15:00 да ишхонамиз ҳақида тайёрланган кўрсатувни беришган экан. Уни кўролмай қолганимдан афсусдаман, – дея зорланди Нодиржон дўстига.

– Ҳозир телекоммуникация тармоқларида янги интерактив рақамли телевидение, яъни IPTV хизмати жорий этилган. Ушбу хизматга боғлансанг, намойиш этилган теледастур 48 соат давомида сақлаб турилади, уни истаган пайтда кўриш ёки ёзиб олиш имкониятига ҳам эга бўласан. Мен ҳозир шу хизмат туридан фойдаланаяпман, – деди дўсти Абдулла. 

 

АЛОҚА ТАРМОҚЛАРИНИНГ ЯНГИ ҚУЛАЙЛИКЛАРИ

Ҳа, замондошларимиз таъкид­лаганидек, бугун биз ахборот технологиялари асрида яшамоқдамиз. Ҳар бир соҳада, хусусан, телекоммуникация тизимида мана шундай замонавий хизмат турлари жорий этилмоқда. “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг Навоий филиалида ҳам мазкур йўналишда кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти. 

Филиал таркибида 8 та туман ва 2 та шаҳар телекоммуникация боғламалари ишлаб турибди. Уларнинг аксариятидаги қурилмалар энг замонавий технологиялар асосида реконструкция қилиниб, абонентларга қулай, тезкор, сифатли алоқа хизматлари кўрсатиш имконияти яратилди. 

 

– Ўтган 9 ой давомида компаниямизнинг вилоят фили­али томонидан мижозларга жами 7,2 миллиард сўмлик хиз­матлар кўрсатилди, – дейди филиалнинг маркетинг хизмати бўлими бошлиғи Ёқуб Қосимов. – 4600 нафардан ортиқ абонентларга “UZONLINE” савдо белгиси остида интер­нет алоқаси хизмати тақдим этилди. Айни пайтда интерактив рақамли телевидение, яъни IPTV хизматига талаб ортмоқда. Бунда абонентлар симли алоқа линиясида бир вақтнинг ўзида сўзлашиш ва 60 дан ортиқ маҳаллий ҳамда хорижий теледастурларни кўриш имконига эга бўлишади. Унинг яна бир қулайлиги шундаки, намойиш этилган теледастур 48 соат давомида сақланиб турилади. Сиз уни истаган пайтда кўришингиз, лозим бўлса, ёзиб олишингиз ҳам мумкин. 

Соҳани ривожлантириш учун илғор технологияларнинг кенг қўлланилаётгани юқори тезликдаги интернет ва интерактив хизматларнинг ҳар жиҳатдан афзалликларини кўрсатмоқда. Симли телефон алоқа воситаси билан телефонлаштириш имкони бўлмаган айрим ҳудудларда абонентларга “СDMA-450” стандартидаги мобил алоқа хизмати кўрсатиб келинаяпти. Шу йилнинг 9 ойи давомида 5500 нафардан ортиқ мижозлар “UZMOBILE” хизматига уланди.

Филиалда кечаю-кундуз ишлайдиган қўнғироқларни қайта ишлаш маркази – “Call center” ҳам ташкил қилинди. Бунда абонентлар исталган пайтда “1084” қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, ташкилот ходимларига ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан мурожаат қилишлари, янги хизмат турлари тўғрисида тўлиқ маълумот олишлари мумкин бўлади.

Кейинги пайларда FTTB технологияси асосида оптик шиша толали алоқа тармоғидан фойдаланувчилар сони ҳам кун сайин ортиб бораяпти. Ушбу хизмат турининг афзалликлари ҳақида филиалнинг телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Насриддин Тўйчиев шундай дейди: 

– Замонавий FTTB технологиясига асосланган оптик-толали алоқа линиялари тармоғи бир пайтнинг ўзида юқори тезликдаги интернет, интерактив рақамли телевидение, телефон алоқаси каби хизматларни юқори сифатда кўрсатиш имконини беради. Ҳозирги пайтда 500 нафардан ортиқ мижозга ушбу технология асосида хизмат кўрсатмоқдамиз. Мақсадимиз 2015 йилда мазкур йўналишдаги абонентлар сонини 2000 тага етказишдир. Йилнинг ўтган 9 ойи давомида 31.4 км. узунликдаги оптик-толали алоқа линиялари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, янги авлод тармоқларидан яна бири – NGN технологиясидан ҳам унумли фойдаланилмоқда. 

Ташкилотда ахборот технологиялари соҳасини чуқур ўзлаштирган ёш мутахассислар ҳам фаолият кўрсатиб келаётир. Жорий йилда олий таълим муассасаларини битирган 7 нафар ва уч томонлама тузилган шарт­нома асосида ихтисослашган касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 28 нафар ёш ходимлар ишга қабул қилинди. 

Кундалик ҳаётимизда ҳар биримиз ҳар куни замонавий алоқа тармоқларининг қайсидир хизмат туридан фойдаланамиз. Эндиликда шу туфайли дунёнинг исталган нуқтасидаги хоҳлаган кишимиз билан мулоқотда бўлиш имконига эгамиз. Бу борада ўз касбининг чинакам билимдонлари бўлган алоқачи-мутахассисларнинг самарали меҳнати эътирофга лойиқ. 


Ortga qaytish