Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > ЮКСАЛИШНИНГ ЖАДАЛ СУРЪАТЛАРИ
Bosh sahifa > Yangiliklar > ЮКСАЛИШНИНГ ЖАДАЛ СУРЪАТЛАРИ

ЮКСАЛИШНИНГ ЖАДАЛ СУРЪАТЛАРИ


17-11-2014, 10:18. Muallif: deputat

ЮКСАЛИШНИНГ ЖАДАЛ СУРЪАТЛАРИ

 

 

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 15 декабрдаги “2011 – 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ишбилармонлар учун муҳим дастуриламал бўлаётир. 

2014 йилда шаҳримизда фаолият юритаётган йирик енгил саноат корхоналари жумладан, “Бахт-текстиль” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси, “Навбаҳор-текстиль” МЧЖ чет эл корхонаси ҳамда “Ишонч-гилам” МЧЖ томонидан 7 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги модернизация тадбирлари амалга оширилганлиги ҳамда 40 га яқин кичик тадбиркорлик шаклидаги енгил саноат корхоналарининг фаолият юритиб, мамлакатимиз иқтисодиётига ўз улушини қўшаётганлиги фикримизнинг яққол далилидир. Ана шундай янгиланишлар натижасида 400 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди. 

Ислоҳотлар натижасида шаҳримизда жорий йилнинг тўққиз ойида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 107,5 фоизга, шу жумладан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан енгил саноат 1,2 фоизга ўсди. “Nafis-Billur”, “Ruxshona-Nozima-Moxina” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда яқиндагина иш бошлаган “Farida-aziz-plyus” хусусий корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган турли хил бежирим маҳсулотлар харидорларга манзур бўлмоқда. Ушбу енгил саноат корхоналарида тайёрланаётган сифатли маҳсулотларга ички ва ташқи бозорда талаб ошиб бораяпти.

Яқинда “Ширин” маданият саройида Навоий вилояти ва шаҳри ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлар раҳбар ва мутахассислари, тадбиркорлар иштирокида бўлиб ўтган йиғилиш ҳам айнан вилоятимизда енгил саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш ва ривожлантириш масалаларига бағишланди. Унда тадбиркорларга яратилган имкониятлар билан бир қаторда мавжуд муаммолар муҳокама этилди ва уларни ҳал қилиш чоралари белгиланди. 

– Шаҳар ҳудудида фаолият юритаётган енгил саноат корхоналарига етарли шарт-шароит яратиш мақсадида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Навоий шаҳар ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими бошлиғи Алижон Жумаев. – Уларга қурилиш учун ер ажратиш, мавжуд бўш турган бинолардан жой бериш масалалари кўриб чиқилаяпти. Бу корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати юқори эканлиги ҳамда бежиримлиги билан эътирофга лойиқ. Уларнинг тайёр маҳсулотлари харидоргир бўлишини таъминлаш мақсадида Навоий шаҳар “Савдо комплекси” очиқ акциядорлик жамиятида савдо расталари ташкил этилмоқда. 

Халқимизда “Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади” деган ибратли нақл бежиз айтилмаган. Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Musliмa ziyo” хусусий корхонасида ўқув маркази ташкил қилиниб, тикувчилик ҳамда қандолатчилик йўналишлари бўйича хотин-қизларга касб-ҳунар сирлари ўргатиб келинмоқда.

2007 йилдан буён фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектида бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида келган қизлар уч ойдан беш ойгача ўқиб, қўли гул чеварларга айланишаяпти. 

– Мамлакатимизда ишбилармонлар учун кенг имкониятлар яратилган, – дейди ўқув маркази раҳбари Шоира Ражабова. – Бундан унумли фойдаланган ҳолда ўқув марказида нафақат ўқитиш, балки тикувчилик фаолиятини ҳам йўлга қўйдик. Дастлаб учта тикув машинаси билан иш бошлаган бўлсак, ҳозир уларнинг сони 10 тадан ортди. 2013 йил банкдан 31 миллион сўм кредит маблағи олиб, чет эл технологияси асосидаги замонавий тикув дастгоҳлари келтириб ўрнатдик. Бу иш унумдорлигини ошириш билан бир қаторда маҳсулотларнинг юқори сифатини ҳам таъминламоқда.

Йилига 250 дан ортиқ хотин-қизларга касб-ҳунар сирларини ўргатаётган ўқув марказида ташкилот ва муассасалар учун буюртма асосида турли хилдаги кийим-кечак маҳсулотлари ҳам тайёрланмоқда. Бу ўқиётган қизларнинг олган билимларини амалиётда синаб кўришларига қулай имконият яратаётир.

– Тикувчилик касбига қизиққаним боис бу ерга парда тикишни ўрганиш мақсадида келгандим, – дейди Дилфуза Ҳасанова. – Ҳозирда ўзим тикаётган чиройли, бежирим пардаларга қараб, кўзим қувнайди. Оиламга фойдам тегаётганидан жуда хурсандман. 

– Келгусида марказни кенгайтириб, йўналишлар турини кўпайтириш ниятидамиз, – дейди Шоира Ражабова сўзини давом эттириб. – Қизиққан йигитлар учун қўшимча равишда дурадгорлик, ёғоч ўймакорлиги каби йўналишлар бўйича фаолиятни йўлга қўйиб, тажрибали мутахассислар ёрдамида уларга ушбу ҳунарлар сирларини ҳам ўргатмоқчимиз.

 ЮКСАЛИШНИНГ ЖАДАЛ СУРЪАТЛАРИ


Ortga qaytish