Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > МАЙОР УМАРОВНИНГ ИШОНЧЛИ ҚЎРҒОНИ
Bosh sahifa > Yangiliklar > МАЙОР УМАРОВНИНГ ИШОНЧЛИ ҚЎРҒОНИ

МАЙОР УМАРОВНИНГ ИШОНЧЛИ ҚЎРҒОНИ


27-12-2014, 11:36. Muallif: deputat

Мактабнинг бошланғич синфларида ўқиб юрган кезларим ҳарбий либосдаги қариндошларимга қараб, ҳавас қилардим. Болаларча содда кўнглимда вояга етгач улардек ҳарбий бўлиш, Ватанимга садоқат билан хизмат қилиш иштиёқи уйғонганди. 

 

МАЙОР УМАРОВНИНГ ИШОНЧЛИ ҚЎРҒОНИ

 

 

Болалик йилларини Наманган вилояти, Косонсой туманининг Чиндовул қишлоғида ўтказган ёшгина Алишер мактабга борса ҳам, кўча-кўйда ўртоқлари билан футбол ўйнаб юрган чоғида ҳам, доимо “катта бўлсам, албатта, ҳарбий бўламан”, дея тенгқурларига мақтанарди. Ўғлидаги шижоат ва ғайратни кўрган ота-она бундан жуда хурсанд бўлишар, унга етарли шарт-шароит яратишга ҳаракат қилишарди. Тумандаги 20-ўрта мактабни битирган Алишер болалигида орзу қилган касб соҳиби бўлиш учун 2001 йилда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлиги билим юртига ўқишга кирди. Курсантлик даврида танлаган касби қанчалик масъулиятли эканлигини ҳис этди. Мамлакатимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш орқали нафақат ўз оиласини, балки она халқини тинч-осуда яшашини таъминлашдек шарафли касб эгаси бўлаётганлигидан ич-ичидан ғурурланарди.

– 2005 йил ўқишни тамомлаб, Сурхондарё вилояти, Денов туманидаги ҳарбий қисмда хизмат фаолиятимни бошладим, – дейди Навоий шаҳри “Ишчилар” қўрғонидаги ҳарбий қисмнинг мотоўқчилар батальони командири Алишер Умаров. – Шундан сўнг Термиз шаҳрида, ҳозир эса Навоийда ҳарбий хизматдаги фаолиятимни давом эттираяпман. 2013 йилда давлатимиз томонидан Навоий шаҳридаги кўп қаватли уйлардан икки хонали уй берилди. Ҳозирги кунда оилам билан шу уйда тинч-тотув яшаяпмиз. 

Майор Алишер Умаров бизни оиласи билан яқиндан таништириш мақсадида хонадонига таклиф қилди. Эшикдан бизни ҳарбийнинг турмуш ўртоғи Гулбархон ҳамда ўғли Исфандиёр кулибгина қарши олишди. Хонадон эгалари билан суҳбатимиз бошланмасдан туриб жажжи болакай билан суҳбатимиз қизиб кетди. 

МАЙОР УМАРОВНИНГ ИШОНЧЛИ ҚЎРҒОНИ

– Исфандиёр, неча ёшдасан?

– 5 ёшдаман...

– Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?

– Албатта, дадамга ўхшаган ҳарбий бўламан.

Турмуш ўртоғига пиёлада чой узатаётган Гулбархон суҳбатимизга қўшилди. 

– Фарзандимнинг ҳарбий соҳани эгаллашини хоҳлайман. Чунки ўғлим келажакда ҳам отаси билан фархланса дейман. Келгусида унинг ҳарбий хизматчи бўлиши она сифатида мени жуда қувонтиради.

– Гулбархон, ҳарбий кишига ажойиб рафиқа бўлиш учун нималарга эътибор берасиз?

– Сабрли бўламан. Чунки Алишер ака кўп вақтларини хизмат вазифасини ўташга бағишлайдилар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам у кишини табассум билан кутиб олишга ҳаракат қиламан. Гоҳида байрам кунлари ҳам ишда бўладилар. Оиламиз тинчлиги, халқимиз хотиржамлиги йўлида хизмат қилаётганликларини ўйлаб чидайман.

– Ҳарбий кишининг оиласи тинчлиги жуда муҳим, – дейди оила бошлиғи суҳбатимизга қўшилиб. – Мен ҳам муқаддас ишончли қўрғоним бор экан, хизмат вазифамни хотиржам бажараман.

– Турмуш ўртоғингиз қандай таомни яхши кўради?, – сўрадик хонадон бекасидан суҳбатни давом эттириб.

– Водийча ошни хуш кўрадилар. Ўзим ҳам бу таомни маромига келтириб тайёрлайман.

– Навоий шаҳри сизга ёқдими?

– Алишер ака турли вилоятларда хизматда бўлганлари боис биз ҳам у киши яшаган туман ва шаҳарлар тарихини ўрганамиз. Шулар ичида Навоий шаҳри озодалиги, ободлиги билан ажралиб туради. Ҳозир янги йил байрами арафасида каттаю-кичикнинг кайфияти кўтаринки, бир-бирларидан ширин сўзларини аяшмайди.

Бу оилага ҳавас қилса арзийди, албатта. Гулбархондек оқила турмуш ўртоғи уни қўллаб-қувватласа Алишер Умаров ўз хизмат вазифасини шараф билан уддалайди. Зеро, умрини она Ватанга хизмат қилишдек жасоратли касбга бағишлаган ҳар қандай инсон бундай бахтга лойиқдир.

 


Ortga qaytish