Navoiy shahar hokimligi rasmiy sayti > Maqolani chop etish > МУСАВВИР ҲАЙРАТИДАН ЯРАЛГАН АСАРЛАР
Bosh sahifa > Yangiliklar > МУСАВВИР ҲАЙРАТИДАН ЯРАЛГАН АСАРЛАР

МУСАВВИР ҲАЙРАТИДАН ЯРАЛГАН АСАРЛАР


29-05-2015, 20:50. Muallif: deputat
Шаҳримиздаги "Санъат галереяси” да ташкил этилган тадбир тасвирий санъат ихлосмандлари учун чинакам шодиёнага айланди. Бу ерда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, таниқли рассом Нуриддин Калонов асарларининг кўргазмаси ташкил этилди. "Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан ўтказилган кўргазмада пойтахтлик меҳмонлар, вилоятимиз рассомлари ҳамда талаба ёшлар иштирок этишди. Тадбир қатнашчилари мусаввирнинг ҳар бир ижодий асарини ўзгача қизиқиш, кўтаринки кайфият билан томоша қилдилар. Уларда ўзбек тасвирий санъатининг ўзига хос шакли, чизиқлари, ранго-ранг жилолари мужассамлиги барчада ҳайрат уйғотди. Мусаввирнинг асарлари менда катта таассурот қолдирмоқда, – дейди Навоий давлат педагогика институти тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси факультети талабаси Ситора Тошпўлатова. Суратларни томоша қилиб, мен рассомчиликдаги ўзим ҳалигача билмаган жиҳатларни ўргандим. Айниқса, "Самарқанд сайёраси” асари менга жуда ёқди. Асар қуроқ услубида ишланган бўлиб, унда рангларнинг мутаносиблиги ва рассом чизгилари уйғунлашиб кетган. Сирли Регистонда фаришталар олиб тушаётган нур инсонларга қувонч улашмоқда. Буларнинг бари ижодкорнинг юксак маҳорат эгаси эканлигини кўрсатади.Кўргазмадаги асарлар яна эътиборингизни тортади. "Нур чашмаси” асарини томоша қилар экансиз, гўё Нуротага боргандек ҳис этасиз ўзингизни. Чашмадан таралаётган илоҳий нур, саноғи йўқ инсонлар... Улар бу асарда маҳорат билан тасвирланганки, ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. Санъатдаги янгича ўзгаришлардан илҳомланган Нуриддин Калонов 1978 йилдан буён ўз ижодий намуналаридан кўргазмалар ташкил қилиб келмоқда. У шунингдек, хорижий давлатлар ва мамлакатимизда ташкил этилган 100 дан ортиқ кўргазмалар иштирокчиси. Рассом яратган асарларида томошабинда кўтаринки кайфият уйғотиб, уни ўзга бир сирли дунёга етаклайди. Мен доимо юртимизнинг ўзига хос табиатидан, самимий инсонларидан илҳомланаман, – дейди мусаввир. Чунки ҳар бир ижодкорга халқ, табиат илҳом беради. Ҳаётга ҳайрат билан қараб, чизаётган суратларимда уларни акс эттиришга интиламан. Мусаввир ҳаётдаги янгиланишларни ҳис этиб, уларни ўз асарларида ёрқин тасвирлайди. Унинг асарлари кўплаб хорижий давлатларда намойиш этилиб, шахсий ва давлат коллекцияларида сақланиб келинмоқда. 

Ortga qaytish