Bosh sahifa > Tadbirlar, uchrashuvlar, Navoiy shahri, Yangiliklar > ГИЁҲВАНДЛИК – УМР ЗАВОЛИ
ГИЁҲВАНДЛИК – УМР ЗАВОЛИ19-11-2017, 07:37. Muallif: deputat |
Бугунги кунда гиёҳвандлик бутун дунё халқлари бошига кўплаб кулфатларни келтирмоқда. Юртимизда бу иллатнинг олдини олиш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Биргина Навоий шаҳар ички ишлар ходимлари томонидан шаҳар ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш борасида ўтказилаётган тадбирлар ҳам шулар жумласидандир.
Жорий йил бошидан Навоий вилоят ва шаҳар ИИБ бошлиқларининг "Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқалишига қарши курашиш ойлиги” доирасида тезкор-профилактик тадбирларини ўтказиш юзасидан тегишли фармойиши чиқарилиб, шу асосида шаҳар ҳудудидаги барча олий ўқув юртлари, коллеж, мактаб ва лицейларда "Ёшлар орасида наркотик моддаларни тарқалишига қарши кураш” ҳамда "Гиёҳвандлик – аср вабоси” мавзуларида профилактик тадбирлар ташкил этилди. Ушбу жараёнда ёшлар билан очиқ мулоқотлар, суҳбатлар уюштирилиб, улар эътиборига огоҳликка ундовчи "Умр заволи” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Бундан ташқари, ҳудудда 1 майдан 30 июнга қадар кенг қамровли "Қорадори – 2017” тадбирларининг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Ушбу тадбирлар давомида Навоий шаҳри ҳудудида наркотик воситалар билан боғлиқ 23 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, жиноятчилардан 234 грамм 760 миллиграмм наркотик воситалари далилий ашё сифатида олингани барчамизни янада сергак ва огоҳ бўлишга ундайди.
Жумладан, "Қорадори – 2017” тадбири давомида шундай қонунбузарлик ҳолатини содир этган Қизилтепа туманида яшовчи М.З. қонунга хилоф равишда 80 грамм оғирликдаги марихуана гиёҳвандлик моддасини шаҳримиздаги вилоят ҳокимлиги биноси рўпарасида жойлашган автобекатда Нурота туманида яшовчи С.Ж. номли фуқарога сотаётганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар холислар иштирокида олинди. Шунингдек, шаҳардаги Ўзбекистон маҳалласида яшовчи К.Н. нинг хонадони гумонланиб текширилганда, у жиноий шериклари билан бирга қўлбола усулда тайёрланган гиёҳвандлик моддасини тайёрлаб, истеъмол қилиб келаётганлиги аниқланди. Ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган.
Албатта, юқоридаги ҳолатлар оилаларда ота-оналарни, таълим муассасаларида педагог ходимларни, умуман, барча-барчамизни янада сергак, ёшлар тарбиясига масъулиятли ва эътиборли бўлишга ундайди.
Хуршид ПЎЛАТОВ,
катта лейтенант.
Лазиз ОЧИЛОВ, капитан. Ortga qaytish |