Bosh sahifa > Keksalarni ezozlash yili > УЛАРДА ЁШЛИКНИНГ ШИЖОАТИ БОР
УЛАРДА ЁШЛИКНИНГ ШИЖОАТИ БОР8-05-2015, 19:52. Muallif: deputat |
Шаҳардаги 3-болалар ва
ўсмирлар спорт мактабида шундай тадбир ташкил этилаётганлигини эшитиб, унда
иштирок этишга қарор қилдим. Борганимда тадбирнинг ҳали бадиий қисми бўлиб
ўтаётган экан. Табриклар ва куй-қўшиқлар тугаб, спорт мусобақалари бошланди.
Дастлаб шахмат-шашка беллашувини бошлаган отахонлар бу борада ҳеч қайси
гроссмейстердан кам эмаслигини исбот қилиб беришди. Спорт мактаби кураш гиламига
курашчи либосидаги отахонлар чиққанида ҳайратим янада ошди. Етмиш-саксон ёшдан
ошган боболар бу борада ёшлардан қолишмаслигини намойиш этиб, йиғилганлар
олқишига сазовор бўлишди. – Курашни қум ва сомон устида
бошлаб, чемпион даражасига етдим, – дейди саксон беш ёшли Ҳақберди бобо. –
Билганларимни ҳозирга қадар ёшларга ўргатиб келаяпман. Юртимизда кураги ерга
тегмаган полвонлар жуда ҳам кўп. Улар қаторида менинг шогирдларим ҳам
борлигидан фахрланаман. Фахрийларимиз стол теннисида
ҳам ўз маҳоратларини намойиш этишди. Мусобақалар якунланиб, ғолибларга диплом
ва эсдалик совғалари топширилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Муҳаммад
бобо Шобердиев, Эгам бобо Турсуновлар йиғилганларни байрам билан табриклаб,
дориламон кунлар шукронаси учун дуога қўл очишди. Шундан сўнг тўкин дастурхон
ёзилиб, ош тортилди. Бу ерда "Истиқлол”, "Ҳаёт”, "Гулистон”, "Янгиариқ”
маҳаллаларида истиқомат қилаётган икки юзга яқин отахон ва онахонлар жам
бўлишди. Навоий давлат педагогика институти талабалари намойиш этган
бадиий-мусиқий дастури кексаларимиз қалбига байрамона шукуҳ бахш этди.
Шунингдек, "Наво” ансамбли хонандалари томонидан ижро этилган мумтоз қўшиқлар
барчага бирдек қувонч улашди. Навоий шаҳар ҳокимлиги,
"Нуроний” жамғармаси, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар бўлимлари, вилоят
маданият ва спорт ишлари бошқармаси, "Миллий тикланиш” партияси шаҳар Кенгаши
фаоллари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбир анча вақтгача нуронийларимиз
ёдида қоладиган бўлди. Ortga qaytish |